• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун имзоланди. Нималар ўзгаради?



Ўзбекистон президенти 14 ноябрь куни узоқ кутилган «Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Қонунни ишлаб чиқиш билан 2023 йил октябрь ойидан бошлаб президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва ЮНИСЕФ шуғулланиб келаётганди. Қонуннинг асосий мақсади зўравонликнинг олдини олиш, ундан жабр кўрган болалар билан ишлаш ва оилаларда фаровонликни таъминлаш тизимини яратишдан иборат. Қонун 2025 йил 15 майдан кучга киради.

Қонунга кўра, боланинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ҳамда қонун билан ҳимояланадиган бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган, жисмоний ёки руҳий азоб етказаётган ёки етказиши мумкин бўлган ва унинг асосий эҳтиёжларига зид бўлган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик, шу жумладан, интернетдан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) болаларга нисбатан зўравонлик деб эътироф этилади.

Жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация қилиш ва таъқиб этиш (буллинг) болаларга нисбатан зўравонликнинг шакллари бўлиб, қонун билан тақиқланади ва таъқиб қилинади, дейилади ҳужжатда.

Болаларга нисбатан зўравонлик турлари

Жисмоний зўравонлик — болаларга турли даражадаги тан жароҳатларини етказиш, уларни хавф остида қолдириш, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли аҳволда бўлган болаларга ёрдам кўрсатмаслик.

Жинсий зўравонлик — болага нисбатан шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатлар қилиш орқали унинг жинсий дахлсизлигига тажовуз қилиш, шу жумладан:

  • номусга тегиш;
  • жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш;
  • жинсий алоқа қилишга мажбурлаш;
  • 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш;
  • вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга бўлган ҳаракатларга ижрочи сифатида жалб қилиш;
  • вояга етмаган шахсни жалб қилган ҳолда қўшмачилик қилиш, фоҳишахоналар ташкил этиш ёхуд унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш;
  • алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш ёхуд боланинг ожизлигидан фойдаланган ҳолда шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш;
  • шаҳвонинг шилқимлик, шунингдек, қонунда тақиқланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳар қандай бошқа жинсий ҳаракатлар.

Руҳий зўравонлик — болаларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, уларни таҳқирлаш, шунингдек, болаларнинг асосий эҳтиёжларини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланган зўравонлик шакли, шу жумладан зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлигидан хавотир уйғотадиган, ўзини ҳимоя қила олмаслигига олиб келадиган ёки руҳий саломатлигига зарар етказадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик).

Ғамхўрлик кўрсатмаслик — зарур имкониятларга, билим ва кўникмаларга, шу жумладан, бунинг учун тегишли хизматлардан (давлат, тиббий, таълим, ижтимоий ва бошқа хизматлардан) фойдаланиш имкониятига эга бўлган ота-она (улар ўрнини босувчи ёки болага қараб турган шахслар) томонидан боланинг соғлиғи, жисмоний, ақлий ва ахлоқий ривожланишининг бузилишига олиб келиши.

Боланинг асосий эҳтиёжлари — боланинг тўлақонли ривожланиши, жисмоний ва руҳий саломатлиги учун озиқ-овқат, уй-жой ва бошқа зарур шароитлар билан таъминлаш, хавфсизлик, таълим олиш, ижтимоий алоқаларни ўрнатиш, ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш ва имкониятларни рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш.

Болаларни эксплуатация қилиш — боладан иқтисодий, жинсий ва бошқа мақсадларда фойдаланиш, шу жумладан, одам савдоси, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга ва тиланчилик қилишга жалб этиш, жинсий эксплуатация, шунингдек, никоҳга ёки эр-хотин бўлиб яшашга мажбурлаш, маълум бир диний таълим олишга ундаш, ҳар қандай шаклда меҳнатга мажбурлаш учун жисмоний ёки руҳий таъсир ўтказиш киради.

Таъқиб қилиш (буллинг) — бир гуруҳ болалар ёки битта бола томонидан бошқа болага ёки болаларга нисбатан ҳақоратли лақаблардан фойдаланиши, у билан ҳар қандай мулоқотни рад этиши, унинг мулкини тортиб олиши ва зарар етказиши, жисмоний, руҳий ёки ақлий хусусиятларини омма олдида муҳокама қилиши, шаъни ва қадр-қимматини камситиши ёки соғлиғи ва ҳаётига зарар етказиши, шу жумладан, интернет орқали амалга ошириладиган узоқ муддатли руҳий ва жисмоний тажовузкор таъсир ўтказишидир.

Ҳужжатда давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўриши, шу жумладан, бола ва унинг оиласини қўллаб-қувватлаши ҳамда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш, зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш, ушбу ҳолатларни тергов қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортишнинг муқаррарлигини таъминлаш, зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш, уларнинг ҳуқуқларини тиклаш ва ижтимоий мослаштиришни таъминлаш механизмларини яратиши кераклиги белгиланган.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб тайинланди.

Зўравонлик қурбонларининг ҳуқуқлари

Ҳар қандай турдаги зўравонликдан жабр кўрган бола зўравонликдан жабрланувчи деб тан олинади. Зўравонлик қурбони қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимояланиш;
  • ўзига нисбатан зўравонлик содир этилганлиги ёки таҳдид қилинганлиги тўғрисида давлат органларига, ташкилотларига ёхуд судга бевосита ёки қонуний вакили орқали ариза билан мурожаат қилиш;
  • текин ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, руҳий, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, шу жумладан, ишонч телефони орқали кўрсатиладиган ёрдам олиш;
  • давлат органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан бевосита ёки ўзининг қонуний вакили орқали мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса бу ҳақда хабар бериш;
  • зўравонлик оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси ёки васийлари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор ёки суд томонидан амалга оширилади.

Зўравонликдан жабрланувчи ва унинг қонуний вакили моддий ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилганда қонунга мувофиқ давлат божини тўлашдан озод этилади.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари

Қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича умумий ва индивидуал чора-тадбирларни белгилаб беради.

Умумий чора-тадбирларга болалар учун хавфсиз муҳит яратиш, зўравонлик омилларининг олдини олиш ва бартараф этиш, оилаларни қўллаб-қувватлаш, болалар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорликни ошириш ва уларни бузганлик учун жавобгарлик масалалари киради.

Индивидуал чора-тадбирлар:

  • ҳимоя ордерини бериш;
  • зўравонликдан жабрланган ва унинг содир этилиши хавфи остида бўлган болаларга ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, руҳий, тиббий ёрдам кўрсатиш;
  • зўравонликдан жабрланган ва унинг содир этилиши хавфи остида бўлган болалар оилаларини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш;
  • зўравонликдан жабр кўрган ёки зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болани, унинг ҳаёти ёки соғлиғига бевосита хавф туғилганда, ота-онасидан (улардан биридан) ёки васийларидан олиб қўйиш;
  • болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларнинг зўравон хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиши;
  • соғлиқ, жинсий эркинлик, оила, ёшлар ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича якка тартибдаги чораларни қўллаш учун асослар:

  • зўравонлик қурбонининг ёки унинг қонуний вакилининг мурожаати;
  • жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари;
  • давлат органлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик содир этилгани ёки содир этишга уриниш ҳолатлари бевосита аниқланганда;
  • оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги эълонлар.

Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, маслаҳат бериш ва ёрдам чоралари тўғрисида хабардор қилиш учун бутун Ўзбекистон бўйлаб кечаю кундуз ишлайдиган махфий ишонч телефони ташкил этилади.

Зўравонликдан жабр кўрган ва уни содир этиш хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқа давлат органлари билан ҳамкорликда зўравонликдан жабр кўрган болаларни аниқлашда иштирок этади, бундай болаларни ҳисобга олади ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича индивидуал чоралар қўлланилишини таъминлайди.

Ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган тоифаларга қуйидагилар киради:

  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
  • ўз ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид соладиган ёхуд болаларни таъминлаш, тарбиялаш, уларга таълим бериш ва уларни парвариш қилиш талабларига жавоб бермайдиган шароитларда турган болалар;
  • қаровсиз ва назоратсиз қолган болалар;
  • ижтимоий хавфли вазиятда бўлган болалар;
  • ногиронлиги бўлган болалар, шу жумладан, руҳий ва жисмоний ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар;
  • ота ёки онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) руҳий ҳолати бузилганлиги ва наркологик касалликлари сабабли диспансер ҳисобида турган болалар;
  • болани ёлғиз тарбиялаётган ота ёки онага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чораси қўлланилган болалар;
  • ота ёки онаси томонидан маълум турдаги жиноятлар (масалан, онанинг янги туғилган болани қасддан ўлдириши, ўз жонига қасд қилиш даражасига етказиш, қийноққа солиш ва жинсий эркинликка қарши жиноятлар) ёки ҳуқуқбузарликлар (ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, тиланчилик, фоҳишалик) содир этилган болалар;
  • ғайриижтимоий хулқ-атворли болалар;
  • фоҳишабозлик билан шуғулланадиган болалар.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш устида ишлаётган давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда судлар зўравонликдан жабрланган ёки унинг содир этилиши хавфи остида бўлган болалар тўғрисида фактлар аниқланган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан ваколатли органлар ва ички ишлар органларига хабар бериши шарт.

Ички ишлар органлари болаларга нисбатан зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганларида бундай хатти-ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришлари, шунингдек бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя агентлигига хабар бериши шарт.

Зўравонлик содир этиш натижасида боланинг ҳаёти ёки соғлиғига бевосита хавф туғилганда қуйидаги чоралар кўрилади:

  • зўравонлик содир этган шахсни маъмурий тарзда ушлаб туриш;
  • ҳимоя ордерини бериш;
  • болани қарамоқдан олиб қўйиш.

Ҳимоя ордери

Ҳимоя ордери зўравонликдан жабрланувчини ҳимоя қилади ва айбдорларга ёки зўравонлик содир этиш билан таҳдид қилувчиларга таъсир чораларини қўяди. У ички ишлар органлари томонидан зўравонлик ёки таҳдид факти аниқлангандан кейин 24 соат ичида суд томонидан узайтириш имконияти билан 30 кунгача муддатга берилади. Унинг ижросини назорат қилиш ички ишлар органлари зиммасига юклатилган.

Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар назарда тутилиши мумкин:

  • зўравонликдан жабрланувчига нисбатан зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
  • зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахсга зўравонлик қурбони билан алоқа қилишни тақиқлаш (иш жойларида ва таълим муассасаларида билвосита алоқага рухсат берилади);
  • зўравонлик содир этган шахснинг зўравонлик қурбони билан бир хонада ёки транспорт воситасида ёлғиз қолишини тақиқлаш;
  • зўравонлик содир этган шахсга зўравонлик қурбонини даволаш, маслаҳат бериш, жойлаштириш харажатларини қоплаш мажбуриятини юклаш зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга, етказилган моддий зарарни қоплаш, шунингдек маънавий зарарни компенсация қилиш;
  • зўравонлик содир этган шахснинг муайян жойларга боришини тақиқлаш;
  • зўравонлик содир этган шахсга наркологик касалликдан амбулатория ёки стационар даволаниш каби мажбуриятларни юклаш;
  • зўравонлик содир этган шахснинг турар жой майдонидан ёки унинг зўравонлик қурбони яшаётган қисмидан фойдаланиш, ўқиш ёки иш жойига ёхуд унинг бошқа жойларига яқинлашиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш.

Зўравонликдан жабр кўрган болаларга ёрдам кўрсатиш

Зўравонликдан жабр кўрган ва уни содир этилиши хавфи остида бўлган болаларга ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ёрдам кўрсатилиши керак, бу қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • боланинг ривожланишига таъсир қилувчи руҳий ёки жисмоний жароҳатнинг салбий таъсирини камайтириш;
  • ҳаёт сифатини ошириш ва руҳий-ҳиссий осойишталикни таъминлаш;
  • оила аъзолари, тенгдошлари билан муносабатлардаги хулқ оғишларининг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш;
  • соғлиқни тиклаш ва мустаҳкамлаш;
  • боланинг жамиятда, шу жумладан тенгдошлари гуруҳида, оилавий муҳитда реабилитацияси ва ижтимоий мослашувини енгиллаштириш;
  • зўравонлик содир этган шахсдан моддий зарарни қоплаш ва маънавий зарарни компенсация қилиш чораларини кўриш;
  • юридик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий ахборот ва маслаҳатлар бериш;
  • зўравонлик содир этган ёки бунга мойиллиги бўлган шахс билан мулоқотни чеклаш ёки унга тўсқинлик қилиш;
  • вақтинчалик хавфсизлик ва ғамхўрликни таъминлаш;
  • хавфсиз бошпана бериш.

Қонунда, шунингдек, болалар зўравонликдан жабр кўрган оилаларни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича хизматлар ҳам назарда тутилган:

  • зўравонлик содир этишда айбдор шахснинг ҳиссий барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, унинг ота-оналик салоҳиятини, жавобгарлигини ва хатти-ҳаракатларининг оқибатларини англаши учун ижтимоий, психологик, педагогик қўллаб-қувватлаш;
  • оила аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш;
  • зўравонлик содир этган шахсда руҳий касаллик аниқланган тақдирда психиатрия ёрдами кўрсатиш;
  • наркологик касалликларга чалинган ота-оналарнинг наркология муассасаларида мажбурий даволанишини таъминлаш;
  • оилаларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга кўмаклашиш, жумладан, ишга жойлашишга ёрдам бериш, тадбиркорликка жалб қилиш, болаларга нисбатан зўравонлик содир этилишига билвосита таъсир кўрсатган иқтисодий қийинчиликларни бартараф этиш учун касбий тайёргарлик.

Болани ота-онадан олиб қўйиш

Боланинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғилганда, Ижтимоий ҳимоя агентлиги болани ота-онасидан ёки унинг васийлигидаги шахслардан зудлик билан олиб қўйиш чораларини кўриши мумкин.

Болани зудлик билан олиб қўйиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳужжати асосида профилактика инспектори иштирокида амалга оширилади.

Бола олиб қўйилганда агентлик дарҳол прокурорни хабардор қилиши, болани вақтинча жойлаштиришни таъминлаши ва етти кун ичида ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиши шарт.

Болани олиб қўйишда у қуйидаги жойларга жойлаштирилиши мумкин (устуворлик тартиби бўйича):

  • шарт-шароит яратишга қодир бўлган ота-онанинг бириникига;
  • боланинг қариндошлариникига;
  • болага ғамхўрлик қилиш истагини билдирган шахсникига;
  • ваколатли давлат органи рўйхатида турган шахсларникига;
  • тиббиёт муассасасига (боланинг соғлиғида муаммолар бўлса);
  • зўравонлик қурбонлари учун ихтисослаштирилган муассасаларга.

Агар болани оилага жойлаштиришнинг иложи бўлмаса, ихтисослаштирилган муассаса фақат охирги чора сифатида қўлланилади.

Қонунда жиноят процессида зўравонликдан жабр кўрган болаларни ҳимоя қилишнинг махсус чоралари ҳам белгиланган.

Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • тергов органлари ва судларда болалар учун алоҳида кутиш жойларини ташкил этиш, сўроқ қилиш учун стенография, видеокузатув, аудио ва видео ёзиб олиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хоналарни яратиш;
  • процессуал ҳаракатлар давомида зўравонликдан жабрланган болалар билан ишлаш бўйича махсус билим ва кўникмаларга эга мутахассисларнинг иштирокини таъминлаш;
  • болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда иш билан боғлиқ барча маълумотларни уларга тушунарли тилда, ёши ва ривожланиш даражасига мос равишда тушунтириш;
  • зўравонликдан жабр кўрган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларнинг кўрсатмаларини олдиндан қайд этиш;
  • процессуал ҳаракатлар вақтида зўравонликдан жабр кўрган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларнинг гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи билан тўғридан-тўғри алоқада бўлишини тақиқлаш;
  • жиноят иши юритишнинг барча босқичларида зўравонликдан жабр кўрган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш.

Соғлиқ ва жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш

Қуйидаги жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахсларга:

  • қасддан одам ўлдириш;
  • 18 ёшга тўлмаган жабрланувчининг нисбатан номусига тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш;
  • 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш ёхуд унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш;
  • вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик материалларни Ўзбекистон ҳудудига тарқатиш мақсадида олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш ёки вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларга ижрочи сифатида жалб қилиш;
  • қўшмачилик;
  • вояга етмаган шахсни жалб қилган ҳолда фоҳишахоналарни ташкил этиш ёки сақлаш.

Жазо чорасидан, судланганликнинг тугалланиши ёки олиб ташланишидан ҳамда уларга нисбатан амнистия ёки афв этиш қўлланилганлигидан қатъи назар, таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларда ишлаш ҳамда бевосита болалар билан ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланади.

Бундай шахслар махсус реестрга киритилади ва ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида туради. Доимий яшаш жойи ёки иш жойи ўзгарган тақдирда улар бу ҳақда ички ишлар органларини хабардор қилиши шарт.

Мактабларда буллинг ва зўравонликдан ҳимоя қилиш

Таълим дастурлари болаларга нисбатан ва болалар ўртасидаги зўравонликнинг, жумладан буллингнинг олдини олишга, шунингдек болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига эътиборсизлик муносабатини бартараф этишга кўмаклашиши лозим.

Таълим муассасаларида интизомий жазо сифатида зўравонликнинг ҳар қандай шакллари, жумладан жисмоний жазолар ва бошқа шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаш тақиқланади.

Таълим муассасаларида болаларга нисбатан ва болалар ўртасидаги зўравонликнинг, жумладан буллингнинг олдини олиш, шунингдек зўравонлик ҳолатлари юзасидан чоралар кўриш бўйича дастурлар жорий этилиши керак. Бундай чора-тадбирлар таълим муассасасининг ички тартиб-қоидалари, уставлари ва иш режаларига киритилади.

Таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш учун масъул шахслар тайинланади.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун таълим муассасаси ходимлари ички тартиб-қоидаларга, ўқувчилар, ота-оналар ва педагогик жамоа аъзолари билан муносабатда педагогик этика қоидаларига қатъий риоя қилишлари, барча таълим олувчиларга тенг муносабатда бўлишни таъминлашлари, синфдаги психологик вазиятни баҳолашлари ва яхшилашлари, ўқувчилар билан суҳбатлар ўтказишлари ҳамда ота-оналарга маслаҳат бериш учун психологлар ва психолог-инспекторлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиши шарт.

Ўқувчиларнинг ўзлари таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларига риоя қилишлари, болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича тренингларда иштирок этишлари, агар улар зўравонликнинг гувоҳи бўлган ёки бу ҳақда маълумотга эга бўлсалар, раҳбариятга хабар беришлари шарт.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *