Умидсиз касаллар, таъсирчан ҳайвонлар, етим болалар ёки жавобсиз севги ҳақидаги фильмларни томоша қилаётганда албатта йиғлагансиз — бу жанр схемалари бўлиб, уларда йиғлоқи эпизодлар ва фожиали саҳналар бўлади. Бундай фильмлардан терапия сифатида фойдаланиш мумкин — улар йиғлашга мажбур қилади, демак, бу орқали анча енгиллашасиз.
“Ҳаёт пульти”
Кўплаб муваффақиятли драматик фильмларга эга бўлишига қарамай, Адам Сендлер миллионлаб томошабинлар назарида ҳамон энг паст даражадаги комедия актёри бўлиб қолмоқда. Унинг фильмларидаги ноўрин ҳазиллари барча яхши томонларни йўққа чиқаради. Ўз ҳаётини сеҳрли қурилма ёрдамида бошқара оладиган қаҳрамон ҳақидаги “Ҳаёт пульти” комедиясида Сендлер қаҳрамони худди саккиз ёшли боладек пульт ёрдамида жиннилик қилади, аммо кейинчалик қурилма унга ҳаётидаги энг яхши дақиқаларни қадрлашни ўргатади ва Адам билан бирга ҳаётни севишни бошлаймиз. Энди фильм Франк Капранинг “Бу ажойиб ҳаёт” фильмига ўхшаб кетади — кўз ёшларни тўхтатиб бўлмайди.
“Келажакдан келган йигит”
“Ҳақиқий муҳаббат” ва “Брижет Жонснинг кундалиги” муаллифи Ричард Кёртиснинг “Келажакдан келган йигит” романтик комедияси шунчаки фантастика қўшилган яна бир севги ҳикоясидир. Бош қаҳрамон оиласидаги эркаклар қандайдир хатоларни тузатиш учун ўтмишга қайтиш қобилиятига эга эканлигини билиб қолади ва орзусидаги қиз билан муносабат ўрнатиш учун бундан фойдаланади. Афсуски, йигит ҳамма нарсани яхши томонга ўзгартириш мумкин эмаслигини, баъзи нарсаларни эса умуман тузатиб бўлмаслигини тушунади. Қаҳрамоннинг отаси билан видолашуви юрагини тилка-пора қилади.
“Қуён Жожо”
“Қуён Жожо” трагикомедияси Тайка Вайити ҳақидаги тасаввурингизни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин — у драмани ҳам яхши билади. Дарвоқе, аввал фильм сизни алдайди, чунки муаллиф 1930 йилларнинг охирида ақлдан озган Германияни масхара қилади — тарғибот немисларнинг миясини шу қадар ишдан чиқарганки, улар яхшилик ва ёмонликни ажрата олмай қолишган. Фильм бош қаҳрамони, Рейхнинг ёш аскари фюрернинг ҳар бир сўзига ишонади, то бир кун келиб майдонда сиртмоққа осилган онасини кўрмагунча. Юракни ёриб юборадиган бурилиш.
“Пусанга кетаётган поезд”
Жанубий Кореянинг зомби-апокалипсиси “Пусанга кетаётган поезд” жанр қонунларига кўра, бир сония ҳам эътиборингизни сусайтирмайди. Бу ердаги қонунлар эса оддий — агар ҳокимият ўликлар қўлига ўтган бўлса, тириклар ўлиши керак. Фақат ҳар хил ўлиш мумкин. Ёлғиз ота Сок У қизининг ҳаётини ҳимоя қилар экан, даҳшат ва ҳаракатнинг шундай гирдобига тушиб қоладики, на қаҳрамон ва на томошабинларга муаллифлар нафас олиш учун бир сония ҳам вақт беришмайди. Бош қаҳрамон ҳаётининг сўнгги сониялари шунчалик оғриқли бўлади — у вирус билан зарарланган, боласи билан ўтказган лаҳзаларни эслайди ва ҳаёти бекорга ўтмаганлигини тушунади.
“Interstellar”
Кристофер Нолан картинасида ҳақиқатан ҳам таъсирчан олам манзаралари, жўшқин қаҳрамонлик ва мақсад йўлида физиканинг қаршилигини енгиш учун қаҳрамонларни муштларини кучлироқ қисишга мажбур қиладиган ақл бовар қилмас трюклар етарли. Аммо фильмда яна иккита эпизод борки, уларга кўз ёшисиз қараб бўлмайди. Биринчиси — Купернинг катта ёшдаги болалар унга мурожаат қилган ёзувларни кўриши. Иккинчиси — отасини коинотга юбораётган кекса Мерфининг якуний монологи.
“Ўзга сайёрадан ташриф”
Ерликларнинг ўзга сайёралик келгиндилар билан алоқасининг тарихи одатда маккорона ҳужум, ақл бовар қилмайдиган вайронагарчиликлар, инсоният вакилларини шафқатсиз жазолаш ва космосдан келган меҳмонларнинг қаршилигини енгиш атрофида айланади. Дени Вилнёвнинг мазкур фильми мутлақо кинога ўхшамайди. Бу ерда ўзга сайёраликларнинг ғалати кемаларидан таҳдид келади, лекин у кенг кўламли террорга айланмайди, келгиндиларнинг кўриниши қўрқинчли, лекин улар биринчи бўлиб ҳужум қилишмайди, меҳмонларнинг қуроллари бор, лекин улар гаплашишни афзал кўришади. Ушбу мулоқот фонида тилшунос қаҳрамон вафот этган қизи ҳақидаги тасаввурларни бошдан кечиради — томшабин буни хотиралар деб ўйлайди, аммо охирида аёл ўз келажагини кўрганлиги маълум бўлади. Кўради-ю, барибир она бўлишга қарор қилади.
“Logan”
“Logan”да ўз “қизини” ҳимоя қилаётган кекса, ўлмас жангчи тарихидан бирор нарса кутасиз, лекин бундай якун хаёлингизга ҳам келмайди. Томошабин фильмнинг ярмигача юрагини ҳовучлаб кўрадиган фильм, сўнгги қурбонлик ва қизнинг ўз халоскори билан хайрлашуви — қалбни ўртайдиган кадрлар. Айнан шу жойига келиб, ҳўнграб йиғламаган одам бўлмаса керак.