Украина президенти Владимир Зеленский 19 ноябрь куни, Россиянинг кенг кўламли бостириб киришининг 1000-кунида Олий Радага «матонат режаси»ни тақдим этди, деб хабар бермоқда РБК-Украина ва NV.ua.
«Украина ўз тақдирига эга мустақил давлат бўлган ва бўлади. Ва Украина ҳозир қандай яшашни, бундан кейин қандай яшашни мустақил равишда белгилайди. Украина бунга ҳақли. Украина бунинг ҳуқуқини қўлга киритган. Лекин бу ҳуқуқимизни рўёбга чиқариш учун ҳозир бардош беришимиз керак. Ҳозир йиқилиш мумкин эмас. Биз эмас, оккупант қуласин. Бизга ички матонат керак», — деди Зеленский.
Режага 10 та банд киритилган — бирлик, фронт, қурол-яроғ, молия, энергетика, хавфсизлик, жамоалар, инсон капитали, маданий суверенитет ва қаҳрамонлар сиёсати.
Бирлик. Зеленский жамиятни мамлакат ичида бирлаштириш ва иттифоқчилар билан бирлашиш муҳимлигини таъкидлади, шунингдек, ахборот консолидациясига чақирди. Бу ҳақда сўз юритар экан, у мамлакатдаги президентлик сайлови мавзусига ҳам тўхталиб ўтди.
«Ҳаммамиз биламизки, Украина Конституцияси ва қонуни уруш даврида сайлов ўтказишга рухсат бермайди. Дунёда ҳеч ким Украинадан буни талаб қилмаган ва талаб қилмаяпти, — деди Зеленский. — Украина аввал адолатли тинчликка муҳтож, кейин украиналиклар адолатли сайлов ўтказади».
Фронт. Зеленский армияда бошқарув, сафарбарлик ва янги аскарларни ёллашга ёндашувлар ўзгаришини эълон қилди. Мамлакатда ҳарбий омбудсман тайинланади. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, фронтни барқарорлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар, жумладан, вақтинча босиб олинган ҳудудларда ҳам, Россия ҳудудида ҳам операцияларни ўтказиш кўзда тутилган.
Қурол. Украина қуроллар, айниқса, жанговар дронлар ишлаб чиқаришни кўпайтиради. Технологик ставка ташкил этилади.
Молия. Зеленскийнинг айтишича, Украинага янги иқтисодий сиёсат керак. У бизнесни максимал даражада қўллаб-қувватлашни, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни, ҳарбий хавфларни суғурталашни, тартибга солишни, бизнес учун давлат институтларидан хавфсизликни назарда тутади.
Энергетика. Объектларни ҳимоя қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилди, деди Зеленский, аммо тафсилотларни ошкор қилмади. Барча соҳалар учун энергетик барқарорлик паспортларини тайёрлаш режалаштирилган. Урушдан кейин атом энергиясини ишлаб чиқариш Украина учун устувор бўлади.
Хавфсизлик. Умумдавлат даражасида янги тизим — хавфсиз ҳудуд, хавфсиз шаҳар, хавфсиз жамоалар жорий этилмоқда. Яшириниш стандартларини модернизация қилиш кўзда тутилган. Урушдан кейинги босқич ҳудудларни миналардан тозалаш ва давлат чегарасини мустаҳкамлашни ўз ичига олади.
Жамоалар. Фронт ва чегара жамоалари алоҳида қўллаб-қувватлашга муҳтож, улар учун солиқ имтиёзларини жорий этиш режалаштирилган, деди Зеленский. Украинанинг ҳамкор мамлакатларидаги жамоалар билан халқаро ҳамкорлик кучаяди.
Инсон капитали. Хизматларни рақамлаштириш соҳасида тўсиқсиз муҳит яратилади. Зеленский, шунингдек, кўп фуқаролик институти ва Украина Бирлашиш вазирлиги ташкил этилганини эълон қилди.
Маданият. Зеленский Украина учун «маданий Рамштейн» форматини амалга ошириш режалари ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, давлат украиналик муаллифларнинг асарларини бошқа тилларга таржима қилиш ва хорижий олий ўқув юртларида украиншунослик кафедрасини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш ниятида. Шунингдек, Украина контентини тизимли яратиш режалаштирилган.
Қаҳрамонлар сиёсати. Ушбу банд, Зеленский нутқидан маълум бўлишича, ҳарбий хизматдан фахрий мақомига ўтишни тартибга солишни, фахрийларни давлат хизматига жалб қилишни, оилаларни қўллаб-қувватлаш дастурларини, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётга тўлиқ интеграциялашувни, ярадорлик ёки асирликдан кейин таълим ва реабилитацияни ўз ичига олади.
- Октябрь ойида Украина ҳукумати Россия билан урушда «ғалаба режаси»ни тақдим этганди. У беш банддан иборат бўлиб, хусусан, НАТОга таклиф этилиш, Украинада «комплекс ядровий бўлмаган тўхтатиш пакети»ни жойлаштириш ва Европадаги Америка контингентини украиналик ҳарбий қисмлар билан алмаштиришдан иборат.