Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида иштирок этди.
Давлат раҳбари бешинчи чақириқ парламент юқори палатаси таркиби сифат жиҳатидан юқори савияда шакллантирилгани — унинг таркибига етакчи соҳа вакиллари, шунингдек, сиёсат, иқтисодиёт, фан ва маданиятнинг таниқли арбоблари киритилганини таъкидлади.
Ҳар учинчи сенатор илмий даражага эга. Қарийб 27 фоизи (65 дан 16 нафари) хотин-қизлар бўлиб, бу, президентнинг сўзларига кўра, оила, оналик ва болалик, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, умуман, ижтимоий масалалар бўйича қонун ижодкорлиги ва депутатлик назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Маҳаллий кенгашлар таркиби қарийб 60 фоизга янгиланди ва 3000 дан ортиқ киши биринчи марта депутат бўлди.
Кенгаш депутатлари хотин-қизлар улуши 32 фоизга, 30 ёшгача бўлган депутатлар сони эса 3 баробар ошди.
Шавкат Мирзиёев Сенатнинг аввалги таркиби мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади. Охирги беш йилда юқори палата томонидан 106 марта ҳисоботлар эшитилган, ижро органларига 1 минг 300 та сўров киритилган. Ўтган даврда хорижий давлатлар билан парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони 26 тадан 73 тага етган.
Конституциявий ислоҳотлар натижасида Сенат таркиби ихчамлашиб, унинг аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди. Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди. Сенатга ҳам қонунчилик таклифи киритиш ҳуқуқи берилди.
Президент йиғилганлар эътиборини халқаро вазиятга қаратиб, тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳимлигини таъкидлади.
«Мана шундай ғоят таҳликали вазиятда биз фақат кучли ирода, бирлик ва ҳамжиҳатлик, қаттиқ меҳнат билангина юртимизда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга эриша оламиз. Ҳурматли сенаторларимиз, маҳаллий кенгашларга сайланган депутатларимиз ана шу ўткир ҳақиқатни, ўз зиммаларидаги улкан масъулиятни чуқур англаб иш олиб борадилар, деб ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.
У ҳозирги вазият ҳар бир инсондан ўз ишига танқидий баҳо беришни, мутлақо янги форматга ўтишни талаб қилишини таъкидлади.
Конституцияда Сенат ҳудудий вакиллик палатаси экани белгиланган. Ваҳоланки, юқори палата сўнгги чақириқдагина маҳаллий кенгашлар билан ўзаро ҳамкорлик ва уйғунликни йўлга қўйиш борасида дастлабки қадамларни қўя бошлади.
Масалан, кенгаш 15 дан ортиқ масала бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлишига қарамай, уларни тайёрлаш, мувофиқлаштириш ва тасдиқлашнинг ягона тартиби ҳали ишлаб чиқилмаган.
Бундан ташқари, маҳаллий кенгашларнинг илғор тажрибасини бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириш, намунали кенгашларни эътироф этиш улар фаолияти самарадорлигини сезиларли даражада ошириши таъкидланди.
Асосий қонунга кўра, Сенат 10 дан ортиқ юқори лавозимли амалдорларнинг ҳисоботларини эшитади. Бироқ, таъкидланишича, бу ҳисоботлар кўпинча чуқур таҳлил қилинмасдан кўриб чиқилади.
Шу муносабат билан давлат раҳбари сенаторлар олдида турган саккизта долзарб вазифани белгилаб берди.
Қонунларни муҳокама қилишнинг янги механизмларини жорий этиш, хусусан, маҳаллий кенгашларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб этиш ва ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини ҳисобга олишни таклиф қилди.
Унинг фикрича, қонунларда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишига эришиш лозим.
Шавкат Мирзиёев маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Сенатнинг устувор вазифасига айланиши кераклигини таъкидлади.
Энди халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашларига ҳокимлар эмас, балки депутатлар орасидан сайланган кенгаш раислари бошчилик қилади. Шунингдек, кенгаш сўрови ва кенгаш текшируви каби янги механизмлар орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назорат кучайтирилади.
Маҳаллий кенгашлар вазирлик ва идораларнинг қуйи тузилмалари, айниқса, туман ва шаҳар маҳаллий бўлимлари билан янгича ёндашувлардан фойдаланган ҳолда ўзаро ҳамкорлик қилиши зарур, деди президент.
Бундан ташқари, янгиланган Конституцияда Сенатга маҳаллий кенгашларнинг қарорлари қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш бўйича катта масъулият юклатилган. Давлат раҳбари бу борада очиқлик ва шаффофликни, қонунийликни таъминлаш бўйича самарали тизим яратиши керак, деб ҳисоблайди.
Шавкат Мирзиёев Сенат қўмиталари юқори палатанинг ҳаракатлантирувчи кучи эканини айтиб, қўмиталардаги эшитув институти асосларини қонун даражасида мустаҳкамлашни таклиф қилди.
Шунингдек, у камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги дастур ва режаларни тўлиқ рўёбга чиқаришда сенаторларнинг иштироки жуда муҳимлигини таъкидлади.
Коррупцияга қарши курашда парламент назоратини кучайтириш, бу жараёнга бутун жамиятни жалб этиш муҳим деб топилди. Сенат аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, ёшларда қонунга ҳурмат, тўғрилик ва ҳалол меҳнат тушунчаларини сингдириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак, деди президент.
Давлат раҳбари Сенат томонидан Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини сайлаш тизими йўлга қўйилгани суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. Сенат фақат номзодларни тасдиқлаш билан чекланмай, уларнинг фаолияти билан танишиб, хулоса бериш амалиётини йўлга қўйиши зарур, деди у.