Маҳаллий кенгашларга ҳокимлар раислик қилишининг тақиқланиши — Ўзбекистон халқининг 30 йиллик орзусини ўзида мужассам этган сиёсий ислоҳот. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Давлат раҳбари маҳаллий кенгашлар фаолиятини рағбатлантириш Сенатнинг устувор вазифасига айланиши кераклигини таъкидлади.
Энди халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига ҳокимлар эмас, балки депутатлар орасидан сайланган кенгаш раислари бошчилик қилади. Президент буни халқнинг 30 йиллик орзусини рўёбга чиқарган сиёсий ислоҳот, деб атади.
Бу йил ҳокимларнинг 33 та ваколати кенгашларга олиб берилди, яна 17 та ваколатни ўтказиш режа қилинган. Мисол учун, ичимлик суви тарифига устама, давлат объектлари ва бозорларда ижара тўловлари каби жами 7 турдаги маҳаллий йиғимлар миқдорини тасдиқлаш ваколати ҳам маҳаллий кенгашларга ўтказилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, кенгаш сўрови ва кенгаш текшируви каби янги механизмлар орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назорат кучайтирилади.
Президент маҳаллий кенгашлар томонидан ҳар ярим йилда матбуот анжуманлари ўтказилиши улар фаолиятининг ошкоралиги ва ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси мамлакатимизда давлат бошқарувини қуйи бўғинга тушириш, уларни аҳолига яқинлаштириш жараёнлари «ортга қайтмас тус олганидан» далолат беради, — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, ҳоким ва кенгаш раиси ўз ҳудудида яшаётган аҳоли манфаатларини етакчи ўринга қўйиб, бир жамоа бўлиб ишлаши лозим.
Конституцияда белгиланганидек, туман, шаҳар ва вилоятлар миқёсида қонун ҳужжатларини сўзсиз ижро этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантириш учун ҳокимлар масъул ва жавобгар.
Сенат маҳаллий ҳокимлик ва кенгашлар ҳамжиҳат фаолият юритиши, ўзаро муносабатларини тўғри ташкил этиши учун уларга яқиндан ёрдам беришга чақирилди, бу ушбу жараёнларни тўғри ташкил этишга хизмат қилади.
Президент юқори палатани ислоҳотга пухта тайёргарлик кўришга чақирди, бу эса ҳокимлар туман ва шаҳар кенгашларига (2026 йил 1 январдан) раислик қилмаслигини назарда тутади.
Янгиланган Конституция талаби асосида маҳаллий кенгашлар яқинда ҳокимларни лавозимга тасдиқлашда уларнинг ҳудудни ривожлантиришга оид дастурларини илк бор кўриб чиқиб, маъқуллади.
Шавкат Мирзиёев халқ депутатлардан бу дастурлардаги вазифалар ижроси бўйича депутатлик ва кенгаш назоратини амалга оширишда фаол ва ташаббускор бўлишни кутаётганини таъкидлади.
2025 йилдан ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳарнинг ўзида қолдириш режалаштирилган. Бу орқали маҳаллий кенгашларнинг ушбу соҳадаги роли ортади.
Натижада 2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари даромади 9,4 трлн сўмга ёки 47 фоизга ошади.
Бу ислоҳотлар туман ва шаҳарлар ўз ҳудудидаги муаммоларни мустақил ҳал этиш имкониятини тубдан ошириш баробарида кенгашлардан яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳолини қийнаётган масалалар ечими бўйича асосли ташаббусларни илгари суришни ҳам тақозо этади, деди давлат раҳбари.
Янги Конституциядан келиб чиқадиган қонун ҳужжатларига киритилган ўзгаришларга кўра, туман (шаҳар, вилоят) ҳокими ва халқ депутатлари кенгаши раиси лавозимлари бўлинди. Ҳозирги вақтга қадар ҳокимлар тегишли ҳудудда вакиллик (кенгаш) ва ижро этувчи (ҳукумат) ҳокимиятни бир вақтнинг ўзида бошқарган, бу эса ҳокимиятда қўллаб-қувватлаш ва рақобат принцибини бузган. Жамиятда узоқ вақтдан бери муҳокама қилинадиган ҳокимларни сайлаш имконияти референдумда Конституция лойиҳасига киритилмаган эди.
Бу ўзгартириш октябрь ойида бўлиб ўтган сайловдан сўнг вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари ва ҳокимлари учун кучга кирди. «Dunyouzbeklari.Com» кенгашларнинг раисларни тайинлаш бўйича қарорларини ўрганди. Вилоятлардаги кенгашлар раҳбарлари лавозимларига кенгашга депутат сифатида сайланган собиқ ҳокимлар, ҳоким ўринбосарлари, «Нуроний» жамғармаси ходимлари, «Маҳалла» уюшмаси ва бошқа ташкилотлар раҳбарияти тайинланди.