2023−2024 ўқув йилида Америка Қўшма Штатларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 1219 нафарни ташкил этди. АҚШ Давлат департаменти кўмагида Халқаро таълим институти (Institute of International Education, IIE) томонидан ўтказилаётган «Очиқ эшиклар» ҳисоботига кўра, бу ўтган йилга нисбатан 11,9 фоизга кўпдир.
Уларнинг ярмидан кўпи, яъни 703 нафар талаба (ўтган йилга нисбатан +12,8 фоиз) бакалавриатда, 350 нафари (+7,4 фоиз) магистратурада таҳсил олган. 134 нафар талаба (+55,8 фоиз) факультатив амалий машғулотларни тамомлаган, 32 нафари (-40,7 фоиз) нодавлат таълим йўналишларига қабул қилинган.
Ҳисоботга кўра, 2023−2024 ўқув йилида АҚШ университетларида жами 1,1 миллиондан ортиқ халқаро талаба таҳсил олган, бу ўтган ўқув йилига нисбатан 17 фоизга кўпдир.
Энг кўп хорижий талабалар Ҳиндистондан келган — 331,6 минг нафар (29,4 фоиз). Улардан кейин Хитой (277,3 минг, 24,6 фоиз) ва Жанубий Корея (43,1 минг, 3,8 фоиз) талабалари бормоқда. Кучли бешликка Канада (28,9 минг) ва Тайван (23,1 минг) ҳам кирган.
Талабаларнинг аксарияти STEM йўналишларида (фан, технология, муҳандислик, математика) таълим олган — 56 фоизни ташкил этади, дейилади ҳисоботда. Чет элликлар учун математика ва компьютер фанлари етакчи таълим йўналишлари бўлиб қолди — уларни 280,9 минг (25 фоиз) талаба танлади. 210,1 мингдан ортиқ (19, фоиз) талаба муҳандислик фанлари бўйича таҳсил олди.
Чет эллик талабаларни молиялаштиришнинг асосий манбалари шахсий/оилавий буджет (54,5 фоиз), иш берувчи (21,8 фоиз) ва Америка университетлари стипендиялари (19 фоиз) эди.