Хитой мудофаа вазири Донг Жун америкалик ҳамкасби Ллойд Остин билан шу ҳафтада бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашувни бекор қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Пентагон раҳбари хитойлик ҳамкасби Донг Жун билан икки давлат ўртасидаги ҳарбий алоқа линияларини сақлаб қолиш учун Лаосда бўлиб ўтадиган ASEAN мудофаа вазирлари йиғилишида учрашмоқчи эди. Аммо Хитой таклифни қабул қилмади ва яқинда Тайвандаги қурол-яроғ савдосини сабаб қилиб келтирди, дейди юқори мартабали америкалик мудофаа ходими.
Уч ҳафта олдин АҚШ Тайванга 2 миллиард долларлик қурол-аслаҳа сотишни маъқуллади. Бу келишув биринчи марта замонавий “ер-ҳаво ракеталари” етказиб беришни ҳам англатади. Хитой дарҳол ушбу савдони қоралаб, ўз суверенитетини ҳимоя қилиш учун “қатъий жавоб чоралари” кўришга ваъда берди.
Муаммо сабаби нимада?
Хитой Тайван суверенитетини тан олмайди. Уни ўзининг провинцияларидан бири деб билади. Пекин ташқи ҳамкорларидан “ягона Хитой сиёсати”га амал қилишни қатъий талаб қилиб келмоқда. Юзлаб мамлакатлар қатори Қўшма Штатлар ҳам бунга расман амал қилса-да, оролни қурол-яроғ билан мунтазам таъминламоқда. Хусусан, октябрь ойида Оқ уй Тайванга 567 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакети эълон қилиб, “ер-ҳаво” ракета тизимлари етказиб беришни топширди. Бу эса Хитой томонининг эътирозларига сабаб бўлди.