• Ср. Дек 11th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда заправкалар ҳақида маълумот берувчи илова тест режимида ишга тушди


Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов газ қуйиш шохобчалари фаолиятини назорат қилиш учун мобил илова ишга туширилишини айтганди. Вазирлик матбуот хизмати ушбу илова тест режимида ишга тушганини эълон қилди.

Фото: “Дарё” / Жаҳонгир Акрамов

Илова “Авто24” деб номланган бўлиб, унда ёнилғи қуйиш, газ тўлдириш ва электр қувватлаш шохобчалари ҳақида маълумот берилади.

“Сир эмас, ҳар йили куз-қиш мавсумида автомобиль ҳайдовчилар бошқаларга нисбатан кўпроқ азият чекишади. Уларнинг асосий муаммоси куннинг совуқ пайтларида қаерда ёнилғи қуйиш ёки автомобилини сиқилган ҳамда суюлтирилган газ билан тўлдириш мумкинлигини аниқлаштиришнинг имконсизлигида эди. Ва ниҳоят эндиликда бундай муаммоларга барҳам бериладиган бўлди”, дейилади вазирлик хабарида.

Илова Энергетика вазирлиги ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан тест синовида ишга туширилган бўлиб, у орқали ҳар бир ҳудуддаги энг яқин ёнилғи қуйиш, автомобилни сиқилган ёки суюлтирилган газ билан тўлдириш ва электромобиллар учун қувватлантириш шохобчаларини топиш, нархларни таққослаш, борар манзили ҳамда вақтини аниқ режалаштириш мумкин.

Хабарда айтилишича, илова орқали автомобиль эгалари ҳудудлардаги барча ёнилғи ҳамда қувватлаш шохобчаларини битта харитада тезда топиш, реал вақт режимида ҳозирги вақтда мавжуд ёнилғининг нархи, захираси ва қулайликлари ҳақида аниқ маълумот олиш, электромобиль эгалари эса махсус қувватлаш пунктларининг локацияларини аниқлаш имконига эга бўлади.

Шунингдек, истеъмолчилар илова орқали ўзларига маъқул манзилнинг рейтингини кўтариш, ёнилғи сифати ҳамда нархи ҳақида шарҳ қолдиришлари ҳам мумкин.

Иловани Android ва iOS орқали бепул юклаб олиш мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар яқинида электромобилларни қувватлаш станциялари ўрнатилиши ҳақида хабар берилган эди. 2025 йил охиригача Ўзбекистон бўйлаб 32,4 мингта электромобилларни қувватлаш станцияларини ўрнатиш режалаштирилган. Энг кўпи — 23,5 мингта кўп квартирали уй-жойлар атрофида ўрнатилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *