Паррандачиликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳолини арзон гўшт ва тухум маҳсулотлари билан таъминлаш мақсад қилинган. Бу ҳақда банк ахборот хизмати раҳбари Сарвар Очилов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Президентнинг 2021 йил 14 июндаги «Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида «Микрокредитбанк» томонидан паррандачилик хўжаликларига жами 221 та лойиҳа учун 635 миллиард сўм кредитлар йўналтирилди. Натижада бугунги кунда мазкур корхоналарда ишлаб чиқариш қувватлари 41 фоиздан 86 фоизга етказилди.
Шунингдек, аввал ажратилган кредитларнинг қайтиши ҳисобига 22 та паррандачилик лойиҳаларига 212 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Келтирилган лойиҳалар тўлиқ амалга оширилиши эвазига йилига 711 миллион дона тухум ва 63 минг тоннага яқин парранда гўшти етиштириш ҳамда 188 минг тонна тайёр озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.
– Маълумотларни аниқ мисоллар билан келтириш жоиз, – дейди Сарвар Очилов. – Айтайлик, Тошкент вилоятидаги «Umid» масъулияти чекланган жамиятига фаолиятини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун 75 миллиард сўм кредит ажратиб берилди. Жиззах вилоятидаги «Sangzor-Poultry» корхонасига парранда ва озуқа сотиб олиш учун 10 миллиард сўм кредит ажратилди. Самарқанд вилоятидаги «Jomboy naslli parranda» корхонасига ҳам айланма маблағларни тўлдириш учун 55 миллиард сўм кредит ажратиб берилди. Бу ишлар натижасида ушбу тадбиркорлик субъектларида паррандачилик маҳсулотлари етиштириш қуввати оширилди.
Аҳолини арзон гўшт ва тухум маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида паррандачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмлари ҳам яратилган.
Президентимизнинг 2022 йил 15 июндаги «Паррандачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан паррандачилик хўжаликлари ва парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига дон захираси яратиш учун 71,0 миллиард сўм кредитлар ажратилди. Шунингдек, қарорга мувофиқ банкка келиб тушган аризаларга асосан 166 та паррандачилик хўжаликларининг 335 миллиард сўмлик кредитларини қайтариш муддатлари 24 ойдан 84 ойгача узайтириб берилди.
Банк томонидан паррандачилик йўналишда лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар бундан кейин ҳам давом эттирилмоқда.