• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

АҚШ Украинага пиёдаларга қарши миналар жўнатишни маъқуллади – Dunyouzbeklari.Com



АҚШ президенти Жо Байден Украинага пиёдаларга қарши миналар етказиб беришга рухсат берди, деб ёзди Washington Post америкалик расмийлар орасидаги икки манбасига таяниб. Қарор Россия ҳудудига зарбалар бериш учун Американинг ATACMS ракеталаридан фойдаланишга қўйилган чекловлар олиб ташланганидан кейин қабул қилинди.

Уларнинг сўзларига кўра, Оқ уй бу қадамни Киев мудофаасини мустаҳкамлаш ва рус қўшинларининг Донецк вилоятида олдинга силжишини чеклаш учун қилган, чунки Америка расмийлари Россиянинг сўнгги ҳафталардаги ютуқларидан хавотирда.

Газета суҳбатдошларидан бирининг айтишича, гап бир неча ҳафта ичида ўзини-ўзи йўқ қиладиган ёки батарея қувватини йўқотадиган, бу орқали тинч аҳоли учун хавфни камайтирадиган «доимий бўлмаган» миналар ҳақида кетмоқда.

«Россия, йўқотишлардан қатъи назар, Украинанинг шарқдаги чизиқларига қўшин тўлқинлари билан ҳужум қилмоқда. Янада кўпроқ шаҳар ва қишлоқлар қулаш хавфи остида. Бу миналар айнан шунга қарши курашиш учун яратилган», — дея таъкидлади нашр манбаси.

WaPo манбаларининг таъкидлашича, янги миналардан фойдаланиш фақат Украина ҳудуди билан чегараланади ва мамлакат шарқида жамланиши кутилмоқда. Улардан бирига кўра, Украина расмийлари аҳоли зич жойлашган ҳудудларга мина қўймасликка ваъда берган.

WaPo’нинг таъкидлашича, Байден тинч аҳоли хавфсизлигига хавф туғдириши сабабли дастлаб Украинага миналар етказиб беришга қарши бўлган. Шу сабабли у 2022 йилда Американинг пиёдаларга қарши миналарини Корея яриморолидан ташқарига юбориш ва фойдаланишни тақиқлаганди.

2022 йил ҳолатига кўра, АҚШдаги пиёдаларга қарши миналар заҳираси тахминан 3 миллион донани ташкил этади. Улардан 1991 йилдаги Форс кўрфази урушидан бери, агар 2002 йилда Афғонистонда битта ўқ-дори ишлатилганини ҳисобга олмаса, фойдаланилмаган, деди АҚШ Давлат департаменти.

Украина 1997 йилда 164 давлат томонидан имзоланган пиёдаларга қарши миналарни тақиқловчи Оттава конвенциясининг аъзоси ҳисобланади. Иштирокчи давлатлар ҳеч қачон пиёдаларга қарши миналардан фойдаланмаслик, ишлаб чиқмаслик, ишлаб чиқариш ёки сотиб олмаслик ва ўз тасарруфидаги барча захираларни йўқ қилишга ваъда берган. Россия ва АҚШ шартномага қўшилмаган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *