Бразилия терма жамоаси ва «Реал Мадрид» футболчиси Винисиус Жуниор ўз аждодлари кимлигини билиб олди. ДНК-тест унинг бобокалонлари Африканинг Камерун мамлакати ҳудудида яшаганини тасдиқлади.
Бразилия футбол конфедерацияси (CBF) бир компания билан лойиҳани йўлга қўйган, унга кўра, футболчилар ўз илдизлари қаерга бориб тақалишини билиб олишлари мумкин эди. Уругвайга қарши ўйин олдидан Винисиусга аждодлари кимлигини тасдиқловчи сертификат расман топширилди.
«Жуниор ўз ўтмишига астойдил қизиқади. Бироқ келиб чиқиши африкалик бўлган кўпчилик одамлар сингари унинг аждодлари тарихи ҳам ирқчилик ва қулдорлик туфайли ўчириб ташланган. ДНК-тест Винисиуснинг аждодлари Камерун ҳудудида яшаган тикар қабиласига мансублигини кўрсатди», — деди тадқиқот маркази раҳбари Жина Пейж.