Эрон президенти Масъуд Пезешкиён пойтахтини Теҳрондан мамлакатнинг жанубий чегараларига, Форс кўрфази қирғоқларига кўчириш режалари устида иш бошланганини айтди. Бу ҳақда ISNA хабар берди.
Пезешкиён “Ҳотам ал-Анбия” бош қароргоҳига ташрифи чоғида сўзлаган нутқида илгари муҳокама қилинган пойтахтни Теҳрондан кўчириш масаласини кўтарди. У Теҳронни пойтахт сифатида қолдириш қатор сабабларга кўра, биринчи навбатда, иқтисодий жиҳатдан имконсиз бўлиб қолганини айтди.
Теҳрон ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларга дуч келмоқда. Нима қилсак ҳам вақтимизни бекорга сарфлаяпмиз. Шу сабабли мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий марказини жанубдаги денгиз томон кўчиришдан бошқа иложимиз йўқ. Бу масалага эътиборсизлик қилиш мамлакатни келажакда экологик инқироз ва бошқа кўплаб муаммоларга дучор этиши мумкин, деди у.
Пезешкиён биринчи вице-президент Муҳаммад Ризо Орифга пойтахтни кўчириш бўйича режаларнинг бажарилишини назорат қилишни топширди.
Аҳолиси тахминан 20 миллион кишидан иборат бўлган Эрон пойтахти Теҳронни бошқа шаҳарга кўчириш режаси 2013 йил 25 декабрда 290 ўринли парламентнинг 110 нафар депутати томонидан қабул қилинган. Режа доирасида ташкил этилган кенгаш пойтахт учун “энг мақбул жой қаерда бўлиши” борасида тадқиқотлар олиб борган. Шу пайтгача бу масалада ҳеч қандай амалий ҳаракат қилинмаган.