• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Янги Ўзбекистон парламенти меъмори ким дейишса, сизни айтардим». Акмал Саидов — президент ҳақида



Депутат Акмал Саидов 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги таркибидаги биринчи мажлисида сўзлаган нутқида Шавкат Мирзиёев парламентга оид яна бир қанча ҳикматли тушунчаларни киритгани ҳақида гапириб, президентни Янги Ўзбекистон парламенти меъмори, деб атади.

«Бугун мен парламентга оид яна бир қанча ҳикматли тушунчаларни киритганингизни эшитдим. Янги Ўзбекистон парламенти. Парламент — бу халқ уйи, демократия мактаби деганингиз. Бугун халқ хизматчиси, халқ уйидан халқчил қонунлар чиқиши керак, деган янги бир ҳикматли сўзларни айтдингиз, шунда мен ўйлаб қолдим. Янги Ўзбекистон парламенти. Ким Янги Ўзбекистон парламетининг ташаббускори, меъмори [дейишса], мен сизни айтардим», — деди у.

Саидов рақамларга тўхталаркан, Мирзиёев 8 йилда 14 марта Қонунчилик палатаси минбарида, 4 марта Сенатда гапирганини, бундан ташқари, 4 марта парламент олдида мурожаатнома билан чиққанини эслатиб ўтди. Қонунчилик палатаси билан алоҳида учрашганида палата фаолиятининг дастури ва йўналишларини белгилаб берганиини алоҳида таъкидлади. «Бугунги чиқишингиз ҳам парламент 2030 йилгача фаолият кўрсатадагиган фаолиятларининг устувор йўналишларини билиб олдик», — деди у.

«Мен бугунги маърузангизни айтмоқчи эдимки, сизнинг яқинда чоп этилган 2-фундаментал муаллифлик китобингиз — «Ҳозирги замон ва Ўзбекистон»да парламентга оид ғояларнинг квитессенцияси ёки қаймоғини кўрдим, десам муболоға бўлмасди. Сизнинг мана шу бутун фаолиятингиз давомида парламент ҳар доим диққат марказда турган. Бу ерда сиз яна битта нарсани — конституциямизда президентга турли давлат ҳокимияти органларнинг мувофиқлаштирувчи вазифангиз берилган. Бу ҳам қонун чиқарувчи ҳокимият билан, ҳам ижроя ҳокимият билан, ҳам суд ҳокимияти билан. Сиз мана шу ишни ҳақиқатдан ҳам конституциявий даражада бажариб [келдингиз]», — деди Саидов.

Унинг айтишича, президент парламентга жуда кўп эътибор беради, катта парламентлараро ташкилотлар вакиллари Тошкентга келганида улар билан 10 марта учрашган. Хусусан, Парламентлараро иттифоқ бўладими, ҳозир Дилором опам айтган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси вакиллари бўладими ёки Миллий парламент раҳбарларининг деярли ҳаммаси билан кўришган.

Акмал Саидов хорижий мамлакатларда бўлганида деярли ҳар доим ўша мамлакатнинг парламент раҳбари билан мулоқот қилиши, бу билан ўрнак бўлиб келишини таъкидлади.

«Ўйлайманки, бугунги яна битта гапингиз тўғри: бугунги парламент кечаги парламент эмас, бугунги депутат кечаги депутат эмас, бугунги партия фракцияси, кечаги партия фракцияси эмас, деган қоидани жуда ҳам тўғри айтдингиз. Бундан ташқари, ҳар битта чиқишингизда — бу парламентнинг қонун ижодкорлик фаолияти бўладими, парламент назорати бўладими, унинг парламентлараро алоқалари бўладими — ҳаммаси бўйича фикрларингизни айтиб келгансиз. Бугун ҳам мана шу, битта янги парламент комиссиясини тузиш, яъни конституциямизда белгиланган 100 мингта фуқаро қонун ташаббуси билан чиқишлиги. Буни қандай ишлатишимиз керак? Конституция мустаҳкамламайди, сиз бугун унинг ташкилий-ҳукуқий йўлини кўрсатиб бердингиз», — деди у.

Депутат Мирзиеёв ташаббуси билан сўнгги йилларда майда-майда кодексларнинг ўрнига битта яхлит қонун, 4 та кодекс қабул қилинганини қўшимча қилди ва бу билан «Ўзбекистон жаҳон парламентларидан олдинда бораётганини ва бу ҳақда кўпгина хорижий парламентларнинг вакиллари ҳам айтаётганини» таъкидлади.

«Бюджет назорати бўйича янгиликлар-чи? Масалан, ҳар бир дунёдаги парламентнинг энг асосий иши — бу бюджет назорати. Чунки пул, давлат бюджети, асосан, қаерда тақсимланади? Парламентда. Лекин ажратилган пулни қандай назорат қилиш керак? Ижроия ҳокимияти буни қилолмайди. Ҳозир сиз парламентнинг 8 та келгуси йиллардаги устувор йўналишини кўрсатдингиз», — деди Акмал Саидов.

Саидов нутқида давом этаркан, Парламентлараро иттифоқнинг бош котиби Мартин Чунгонгнинг давлат раҳбари борасидаги фикрлари билан бўлишди: «У киши айтадики, БМТ бош ассамблеясининг салкам 79 йиллик тарихида бирор марта миллий парламентлар тўғрисида резолюция қабул қилмаган экан. Бу сизларнинг президентингиз ташаббуси. Иккинчидан, президентингиз ижроия ҳокимият ёки давлат бошлиғи билан парламентга бўлган муносабатларда ўрнак бўладиган муносабатда. Одатда, давлат бошлиқлари парламентдан қўрқади, парламентнинг имкон қадар имкониятларини чеклайди. Лекин сизнинг президентингиз парламентни қўллаб, 3 та тармоқниям — қонун чиқарувчи, ижроия ва судни биттада олиб боради. Бу ҳам жаҳонда ўрганиладиган ижобий нарсалардан бири, деб айтганди».

«Шунинг учун, мен ўйлайманки, бахтимизга омон бўлинг, соғ бўлинг. Аллоҳ ва азиз авлиёларнинг ўзи сизни қўлласин», — дея сўзини якунлади Саидов.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *