• Вт. Дек 10th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш бўйича чекловлар йўқ — Энергетика вазирлиги


Ижтимоий тармоқларда иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш бўйича чекловлар ўрнатилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқлигини маълум қилди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Қайд этилишича, “Иссиқхона хўжаликларини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2024 йил 26 сентябрдаги президент қарорига мувофиқ, иссиқхоналар табиий газ учун тўловларни амалга оширган ҳолда фойдаланишлари мумкин бўлиб, уларга табиий газ етказиб бериш бўйича ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.

Яъни, иссиқхона эгалари белгиланган тўловларни амалга ошириб, табиий газдан фойдаланишлари мумкин.

Иссиқхона хўжаликларига ҳосил йилининг дастлабки 3 ойида (октябрь, ноябрь ва декабрь) етказиб бериладиган табиий газ учун олдиндан тўлов 50 фоиз миқдорида, қолган қисми ой якунига қадар, кейинги ойлардан бошлаб эса ҳар ойда 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади.

Иссиқхоналарни газ билан таъминлаш

Президент 2023 йилнинг августида Бухорода бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Энергетика вазирлиги вилоят ҳокимлари билан бирга ёқилғи маҳсулотларини (кўмир ва газ) иссиқхоналарга узлуксиз етказиб бериш кафолатини беришини, иссиқхоналар эса етказиб берилган ёқилғи учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни ички бозорга ва экспортга чиқариш бўйича мажбурият олишини айтганди.

Ихтиёрий равишда кўмир ёқилғисида ишлайдиган иссиқхоналарга давлат томонидан рағбатлантириш пакети жорий қилиниши эълон қилинди.

Давлат раҳбарининг 2024 йил 26 сентябрдаги қарорида Энергетика вазирлиги ва ҳокимликлар 2024—2025 йил куз-қиш мавсумида Иссиқхона хўжаликларига юқори калорияли импорт кўмирни марказлашган ҳолда тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб берилишини таъминлаши лозимлиги белгиланганди.

“Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналар ва саноат корхоналари томонидан атмосферага чиқарилаётган тутун ва заҳарли газларни кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасида 2024 йил 1 октябрдан бошлаб табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланувчи иссиқхона хўжаликлари ва саноат корхоналарининг экология экспертиза хулосаси мавжуд бўлмаган тақдирда уларга табиий газ етказиб берилишига йўл қўйилмаслиги кўзда тутилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *