2025 йилнинг май ойида M360 GSMA Евроосиё саммити илк бор Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. 18−19 ноябрь кунлари Қатарда бўлиб ўтган саммитда ушбу рамзий эстафетани рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов қабул қилди, дея хабар қилмоқда вазирлик матбуот хизмати.
M360 саммитлар серияси — глобал телекоммуникация тадбирлари бўлиб, уларни GSM ассоциацияси (GSMA) ташкил қилади. Улар минтақаларга бўлинади: MENA (Шимолий Африка ва Яқин Шарқ), APAC (Осиё-Тинч океани), LATAM (Лотин Америкаси) ва Евроосиё. Бу платформалар мобил саноат иштирокчилари ўртасида ҳамкорлик учун яратилган.
«Мобиль ва ёндаш тармоқлар вертикалларидаги топ-менеджерлар ўз муаммо ва ютуқларини муҳокама қилиш ҳамда ҳамкасблари билан мулоқот қилиш учун ташриф буюришади», — дейилади тадбир сайтида.
Beeline Uzbekistan компаниясининг маълум қилишича, 2025 йилнинг 20−21 май кунлари Тошкентда M360 Eurasia саммитини ўтказиш бўйича M360 GSMA маъмурияти, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Beeline Uzbekistan томонидан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
«Биз М360 Евроосиё учун минтақамизнинг чорраҳасида бўлган Тошкент шаҳрида мобил экотизимни қабул қилишдан мамнунмиз. Ўзбекистонда нафақат мамлакатимизнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшадиган, балки минтақамизнинг иқтисодий ўсишини тезлаштирадиган улкан рақамлаштириш дастури мавжуд. Биз буни амалга оширишда мобил тармоқнинг ролини қадрлаймиз», — деди вазир Шерзод Шерматов.
«M360 Евроосиё экотизимимиз учун алоқа, рақамли хизматлар ва технологиялар ёрдамида ўсишни қандай оширишимиз мумкинлигини ўрганиш учун энг муҳим минтақавий платформалардан биридир. Марказий ва Жанубий Осиёнинг динамик бозорларида рақамли трансформацияни амалга ошириш имтиёзига эга бўлган гуруҳ сифатида биз ушбу муҳим тадбирни Тошкентга олиб келиш учун GSMA ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз», — деди Beeline Uzbekistan директорлар кенгаши раиси ва VEON Group бош директори Каан Терзиоглу.
«M360 Eurasia 2025`нинг Тошкентда илк бор ўтказилиши Марказий Осиёда рақамли трансформацияни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларимизда муҳим босқич бўлди. Тадбир барқарор иқтисодий ўсиш ва рақамли инклюзивликни рағбатлантириш учун мобиль алоқадан фойдаланишнинг янги усулларини ўрганади, минтақада инновациялар ва ҳамкорликни рағбатлантириш учун платформа яратади», — деди GSMA бош директори Матс Гранрйд.
Саммит Ўзбекистоннинг ижобий имижини мустаҳкамлаш, кўпроқ компания ва инвесторларни жалб этиш, шунингдек, бизнес, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.