Тошкент вилояти Бўка туманида 19 ёшли аёл ва унинг ҳомиласи шифокорлар айби билан нобуд бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда ўз оёғи билан туғуруқхонага келган аёлга шифокорлар осма укол қилганидан кейин унинг аҳволи ёмонлашгани, она ҳам, ҳомила ҳам нобуд бўлгани айтилган. Ҳолатга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси муносабат билдирди.
Унда айтилишича, Бўка туманида яшовчи, 2004 йилда туғилган Н.С. 17 ноябрь куни соат 14:30 лар атрофида онаси томонидан ушбу туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига йўлланма асосида олиб келинган. Бемор “ҳомиладорлик I, 30 ҳафта, сийдик йўли инфекцияси, семизлик III даража” дастлабки ташхиси билан муассасага ётқизилган. Шунга қарамай, аёл ўша куни соат 17:10 лар атрофида тилхат асосида шифохонадан чиқиб кетган.
Орадан 3 кун ўтиб, 20 ноябрь куни соат тахминан 04:50 да бемор Н.С. ушбу туғуруқ бўлимига қайта мурожаат қилган ва танасида шишлар ҳамда сариқлик белгилари билан оғир аҳволда қабул қилинган. Унга “Ҳомиладорлик I, 30 ҳафта, сийдик йўли инфекцияси, ўткир ёғли гепатоз, анемия ўрта оғир даража, семизлик III даража” дастлабки ташхиси қўйилган.
Бироқ шу куни соат 13:10 лар атрофида даволаниш чоғида аёлнинг аҳволи оғирлашган ва шифокорлар консилиумидан сўнг бемор реанимация бўлимига ўтказилган. Унинг ҳолати бўйича вилоят перинатал марказига хабар берилган. Ҳомиладор аёл саломатлик ҳолати ҳисобга олинган ҳолда, соат чамаси 14:55 да жарроҳлик амалиётига олинган. Операция чоғида беморда барча инексион муолажалар тиббий кўрсатмага мувофиқ бажарилган.
Лекин Н.С.нинг умумий аҳволи жарроҳлик амалиёти бажарилаётган даврда янада оғирлашиб, клиник ўлим ҳолати содир бўлган. Тегишли реанимацион муолажалар бажарилишига қарамай, беморда соат 17:50 атрофида биологик ўлим қайд этилган.
“Дастлабки хулосага кўра, мазкур ҳолат сабаби сифатида ўпка артериясининг тромбоэмболик синдроми, оғир гепатоз, ўткир жигар етишмаслиги, уросепсис, септик шок қайд этилган ва соат 20:00 лар атрофида прокуратура органларига расмий ахборот берилган”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, белгиланган тартибга биноан, тиббиёт муассасаларида содир бўлган ҳар қандай ўлим ҳолатлари патанатомик текширувга ёки суд-тиббий экспертизага, биологик ўлим қайд этилгандан сўнг икки соат давомида йўналтирилади.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош акушер-гинекологи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ хизмат текширувини амалга оширмоқда. Бўка тумани прокуратураси томонидан она ўлими бўйича суриштирув ишлари олиб бориляпти.