Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Lotte City Hotel Tashkent Palace меҳмонхонаси хусусийлаштирилганини маълум қилди.
KPMG халқаро консалтинг компанияси хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи, шунингдек Deloitte компанияси мустақил баҳолаш ўтказиш учун жалб қилинди.
Давактив маълумотларига кўра, мулкка 15 та компания қизиқиш билдирган, бироқ улардан фақат 3 таси мажбурий бўлган таклифларни тақдим этган.
Тендерда ғолиб бўлган Alfa Invest суғурта компанияси 20 миллион доллар таклиф қилган.
Инвестор меҳмонхона ташқи кўринишининг архитектура қиёфасини инобатга олган ҳолда келгусида ҳар қандай қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишларини Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга ошириш бўйича қатъий талабни қабул қилиб олди, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, нарх Lotte`нинг тахминий қийматидан юқори.
Меҳмонхона ҳақида
Тўрт юлдузли Lotte City Hotel Tashkent Palace пойтахт марказидаги 1,14 гектар майдонда жойлашган. Бино ва иншоотларнинг умумий майдони 24,3 минг квадрат метрни ташкил этади.
Меҳмонхонада меҳмонлар учун қулай шароитларга эга бўлган 232 та хона мавжуд. Шунингдек, комплекс таркибига 3042 квадрат метр майдонга эга бўлган банкет зал, бир нечта конференция заллари, очиқ бассейн ва фитнес маркази киради.
Меҳмонхона 2013 йилда Жанубий Кореянинг Lotte Hotel бренди бошқарувига ўтказилган. Компания халқаро стандартлар асосида реновация ишлари олиб борган ва натижада меҳмонхона Hotelstars Union томонидан биринчи тоифа талабларга мос деб топилган.
Tashkent Palace меҳмонхонаси Hyatt Regency Tashkent ва бошқа бир қатор йирик давлат объектлари билан биргаликда 2021 йил ёзида президент қарорига мувофиқ хусусийлаштиришга мўлжалланган эди. Сотиш учун тўғридан-тўғри тайёргарлик октябрь ойида бошланган.
Мазкур меҳмонхона Жанубий Кореянинг Hotel Lotte CO., Ltd компанияси томонидан бошқарилади. Ушбу бошқарув 2013 йилда тузилган меҳмонхонани бошқариш бўйича келишув асосида амалга оширилади.
2022 йил июль ойида эса ДАБА меҳмонхонани сотиб олиш бўйича аризаларни йиға бошлаган.
Харидор ҳақида
Alfa Invest 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистондаги йирик суғурта компанияларидан бири ҳисобланади. Компания ихтиёрий ва мажбурий суғуртанинг барча турлари бўйича хизматлар кўрсатади, шу жумладан, меҳмонхона бизнеси соҳасида ҳам суғурта хизматлари билан шуғулланади.
2023 йил август ҳолатига кўра, компаниянинг активлари ҳажми 216,7 млрд сўмни ташкил этган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги аввалроқ International меҳмонхонасининг хусусийлаштирилгани ҳақида маълум қилганди. Мазкур меҳмонхонанинг харидори сифатида Smart Fast Stroy қурилиш компанияси чиққан ва у 26 млн доллар таклиф қилган.