Гаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ва мамлакат собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантни ҳибсга олишга ордер берди, деб хабар бермоқда суд сайти.

Суд Нетаньяҳу ва Галлантни 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майга қадар Ғазо секторида содир этилган инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятларда айблаяпти.

«Ҳар икки шахс Ғазодаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган нарсалардан, жумладан, озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва тиббий буюмлардан, шунингдек, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан ва онгли равишда маҳрум қилган деб тахмин қилишга асослар бор», — дейилади суд баёнотида.

Суд Нетаньяҳу ва Галлантнинг хатти-ҳаракатлари Ғазо аҳолисининг катта қисмини асосий ҳуқуқларидан, жумладан, яшаш ва соғлиқни сақлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, суд Нетаньяҳу ва Галлантни Ғазо аҳолисига қасддан ҳарбий ҳужумлар уюштирганликлари учун жиноий жавобгар деб ҳисоблайди.

исроил, ғазо

Йоав Галлант (чапда) ва Биньямин Нетаньяҳу. Фото: Yoav Gallant / Х.

  • Нетаньяҳу ва Галлантни ҳибсга олиш учун ордер беришни 2024 йил май ойида Халқаро жиноий суди прокурори Карим Хон сўраганди. У, шунингдек, ҲАМАС гуруҳининг етакчилари, жумладан, Исмоил Ҳания ва Яҳё Синварни ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилган, аммо улар кейинчалик ўлдирилган.
  • 2024 йил июль ойида АҚШ Конгрессидаги нутқида Нетаньяҳу ХЖСни «Исроилнинг қўлини кишанлашга уриниш»да айблаб, бундай қадам «барча демократик мамлакатларнинг терроризмга қарши курашиш қобилиятига» таҳдид солишини айтган.
  • Йоав Галлант 2024 йил ноябрь ойи бошида Исроил мудофаа вазири лавозимидан истеъфога чиқарилган эди. Нетаньяҳу буни ўзаро ишончнинг йўқлиги ва Ғазо ҳамда Ливанда уруш олиб бориш бўйича келишмовчиликлар билан изоҳлаган.

Гаагадаги суд 1998 йилда имзоланган Рим статути асосида ташкил этилган. Бу ҳарбий жиноятлар, геноцид ва инсониятга қарши жиноятларда айбланган жисмоний шахсларни суд қилиш ваколатига эга бўлган ягона суддир. Суднинг ўз полицияси йўқ, шунинг учун у ўз юрисдикциясини тан олган мамлакатларнинг ёрдамига таянади. ХЖС ишларни сиртдан кўриб чиқмайди — айбланувчи суд биносида бўлиши керак. 2024 йил ҳолатига кўра, ХЖСнинг Рим статути 124 давлат томонидан имзоланган. Исроил, АҚШ ва Россия улар қаторига кирмайди.