Россия 21 ноябрь куни ўзининг ўрта масофали “Орешник” ракетасини Украинадаги объектга қарата учирди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин маълум қилди.
Путин Россия ўзини мамлакат ҳудудига қарата қурол ишлатаётган давлатларнинг ҳарбий объектларига қарши қурол ишлатишга ҳақли деб ҳисоблашини айтди.
“Россия қуролли кучлари 21 ноябрь куни Украина ҳарбий-саноат мажмуаси объектларидан бирига ҳужум уюштирди. Россиянинг энг янги ўрта масофали ракета тизимларидан бири ҳам жанговар шароитларда синовдан ўтказилди. Ушбу ҳолатда, ядровий бўлмаган гипертовушли жиҳозланган баллистик ракетадан фойдаланилди”, дейди Путин.
Унинг сўзларига кўра, синовлар муваффақиятли ўтган, армия кўзланган мақсадга эришган: “Днепропетровскда Совет иттифоқи давридан бери энг йирик ва машҳур саноат мажмуаларидан бири бўлган, бугунги кунда ракета технологиялари ва бошқа қуроллар ишлаб чиқарадиган Южмаш заводи зарар кўрган”.
Путинга кўра, Россия Америка ва Британияда ишлаб чиқарилган қуролларнинг мамлакат ҳудудига ҳужумларига жавобан “Орешник”дан фойдаланган.
Украина ҚК томонидан Брянск ва Курск вилоятларидаги ҳарбий нишонларга 19 ноябрь куни олтита ATACMS ракеталари ва 21 ноябрда Storm Shadow ҳамда HIMARS ракеталари билан зарба берилгани эълон қилинган эди.
“Шу пайтдан бошлаб, биз бир неча бор таъкидлаганимиздек, аввалроқ Ғарб томонидан қўзғатилган Украинадаги минтақавий можаро глобал миқёсда тус олди”, деди Россия етакчиси.
Путин ўз баёнотида Россия ракеталардан фойдаланишдан олдин Украина фуқароларини хавфли зонани тарк этиш ҳақида огоҳлантиришини таъкидлади.
“Россия тинч йўлни афзал кўради, бироқ воқеаларнинг ҳар қандай ривожига ҳам тайёр, жавоб доимо тайёр”, дея қўшимча қилган у.