• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси Ғайрат Фозилов Нидерландиядаги элчи этиб ҳам тайинланди



Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси Ғайрат Фозилов мамлакатнинг Нидерландиядаги элчиси этиб ҳам тайинланди, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

20 ноябрь куни Фозилов Нидерландия Ташқи ишлар вазирлиги Протокол ва ишлар департаменти директори Ханс Акербумга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.

Томонлар мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва дипломатик алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди, шунингдек, апрелда Тошкентда бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувларни юқори баҳолади, дейилади хабарда. Бу учрашувларни мунтазам ўтказиш истаги таъкидланди.

Ханс Акербум департамент Ўзбекистон элчихонаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга ва икки томонлама мулоқотни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга тайёрлигини тасдиқлади.

Ғайрат Фозилов 1974 йил 14 августда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини, 2005 йилда эса Стратегик таҳлил ва прогнозлаш олий мактабини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Европа давлатлари билан ҳамкорлик бюросининг атташеси сифатида бошлаган. ТИВ марказий аппаратида, Президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашида, Ўзбекистоннинг Франция ва Бельгиядаги элчихоналарида, шунингдек, НАТО ҳузуридаги миссиясида турли лавозимларда ишлаган.

2015−2017 йилларда ташқи ишлар вазири ўринбосари, 2018−2021 йилларда эса Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси бўлган. 2021−2023 йилларда яна ТИВ раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган.

2023 йилда у 2017 йилдан буён ушбу лавозимда ишлаб келаётган Дилёр Ҳакимовнинг Бельгиядаги элчи лавозимини эгаллаган, шунингдек, Ўзбекистоннинг қароргоҳи Брюсселда жойлашган Нидерландия, Люксембург, ЕИ ва НАТОдаги ваколатхоналарига раҳбарлик қилган.

Аввалроқ, 14 ноябрь куни Ғайрат Фозилов Европа кенгаши президенти Шарл Мишелга ишонч ёрлиқларини топширган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *