• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

2025 йилда 200 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини иқтисодий ривожланган мамлакатларга ишга юбориш режалаштирилмоқда — бош вазир



2025 йилда 200 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини иқтисодий ривожланган мамлакатларда иш билан таъминлаш режалаштирилган. Бу ҳақда 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди.

Ҳукумат раҳбари ушбу лавозимга қайта тайинланишидан олдин парламент қуйи палатасига Вазирлар Маҳкамасининг қисқа ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этди.

Хусусан, 2030 йилга қадар 10 та йўналиш бўйича 400 та чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Дастур «Ўзбекистон-2030» стратегияси асосида ишлаб чиқилган. Режалаштирилган чора-тадбирлар қаторида меҳнат миграциясини тизимли ташкил этиш борасидаги ишларни давом эттириш ҳам бор.

Абдулла Ариповнинг айтишича, президент ҳукуматга меҳнат мигрантларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг иш ҳақи юқори бўлган мамлакатларда бандлигини таъминлаш бўйича вазифалар қўйган.

«2025 йилнинг ўзида Германия, Буюк Британия, Япония, Корея Республикаси, Исроил, Канада, Польша, Туркия, Саудия Арабистони, БАА ва шу каби бошқа иқтисодий ривожланган 21 давлатда 200 мингдан ортиқ фуқарони иш билан таъминлаш чораларини кўриш режалаштирилмоқда», — деди ҳукумат раҳбари («Ўзбекистон 24» телеканали сюжети асосида).

Кейинги йилларда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилади, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни касбий маҳорат ва хорижий тилларга ўқитиш учун барча шароитлар яратилади, деди бош вазир.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда бир ёки бир нечта асосий йўналишларга қарамликни камайтириш мақсадида меҳнат мигрантлари иш топиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатини кенгайтириш учун меҳнат миграцияси бозорларини диверсификация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирди.

Президент Шавкат Мирзиёев январь ойида 100 минг нафарга яқин фуқарони ташкилий ишга қабул қилиш орқали хорижий давлатларда ишга жойлаштириш учун ўқитишни ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.

Кейинчалик Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Германия, шунингдек, Жанубий Корея, Польша, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда ишлаш учун 50 минг бўш иш ўрни учун қабул эълон қилди. Бу борада меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва ўқитиш бўйича ҳам янги чора-тадбирлар жорий этилмоқда.

Октябрда президент Тошкент вилоятига ташрифи чоғида хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида гапирган эди. «Агар улар 1500−2000 доллар олса, бу нур устига аъло нур, биз уларга кўмакчи бўламиз. Лекин ундан кам ойлик олса, ўзимизда шароит яратиб ишлатсак, ўйлайманки, адолатли тизим бўлади», — деганди у.

Сентябрда Ўзбекистон ва Германия ўртасида юқори малакали мутахассислар, жумладан, талабалар ва касб-ҳунар таълимида ўтаётганлар, журналистлар ва олимларнинг Германияга киришини осонлаштириш, шунингдек, ноқонуний мигрантларни чиқариб юбориш бўйича келишув имзоланган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *