Президент Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни ёшларни спортга кенг жалб этиш бўйича таклифлар билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ҳозир мамлакатда 10 миллиондан ортиқ киши оммавий спорт билан шуғулланиб, таълим ва меҳнат жамоаларида мусобақалар мунтазам ўтказилмоқда. Жамоавий спорт турларини ривожлантириш бўйича қатор ташаббуслар ишлаб чиқилди, дейилади хабарда.
«Маҳалла лигаси» ва «Мактаб лигаси» спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этиш таклиф этилмоқда. Давлат олий таълим муассасаларида спорт клубларини ташкил этиш ва улар ўртасида «Талабалар лигаси», «Вазир кубоги», «Ректор кубоги» каби мусобақаларни ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ҳар пайшанбани «Жисмоний тарбия ва спорт куни» сифатида белгилаш таклиф этилди. Спорт мактабларида ёшларни жалб этиш натижаларига қараб устама тўлаш тизими жорий этилади. Муассасалар инфратузилмаси босқичма-босқич спортга ихтисослаштирилади.
Бундан ташқари, жамоавий спорт турлари бўйича миллий лигалар қўллаб-қувватланади. Маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида ҳудудий спорт клублари тузилади. ERP Sport электрон тизимида иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва селекция қилиш жорий этилади. Тизим мактабларида оммавий спорт бўйича тренер-селекционер лавозимини жорий этилиб, уларга бештагача маҳалла ва таълим муассасалари бириктирилади. Маҳаллаларда тўгараклар ташкил этган тренерлар қўшимча рағбатлантирилади.