Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Ўзбекистондаги мактабларда буллинг ёки безорилик ўқувчиларнинг академик ютуқларига қандай таъсир қилиши ўрганилди.
Шавкат Мирзиёев 14 ноябрь куни узоқ кутилган «Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолаган. Қонуннинг асосий мақсади зўравонликнинг олдини олиш, ундан жабр кўрган болалар билан ишлаш ва оилаларда фаровонликни таъминлаш тизимини яратишдан иборат.
МҲТИ ушбу қонун нега муҳимлигини тушунтириб ўтган. Институт ўрганишларига кўра, мактабдаги буллинг ўқувчиларнинг руҳий саломатлиги ва таълим натижаларига салбий таъсир кўрсатиб, узоқ муддатда инсон капиталининг ривожланиши, демографик дивиденд, иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишга салбий таъсир қилиши мумкин.
Буллинг ҳолатлари юз берганда, у нафақат жабрланувчиларнинг руҳий ёки жисмоний ҳолатига зарар етказади, балки уларнинг ўқув кўрсаткичларини пасайтириб, таълим олиш даражасининг тушишига сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида, малакаси паст ишчи кучининг шаклланишига олиб келади ва натижада иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилади.
Тадқиқотда Ўзбекистонда олинган PISA-2022 сўрови натижаларидан фойдаланилди. Сўров мамлакатнинг турли ҳудудлари бўйича 15 ёшли ўқувчиларнинг жавобларини мужассам этган бўлиб, унинг асосида яратилган маълумотлар базаси 202 та мактаб ва 7293 нафар ўқувчини қамраб олади.
Мазкур сўров натижаларига кўра, камида ҳар етти ўқувчидан биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди ва зўравонлик ёки безориликка гувоҳ бўлган. Улар йилига камида бир маротаба дуч келадиган муаммолар булар: ўқувчиларнинг ёмон гапларни тарқатиши (21 фоиз), мактаб ҳудудида бошқа ўқувчилар билан уришиши (17 фоиз), бошқа болалар томонидан камситилиши (16 фоиз).
Таҳлилда бир ойда бир неча маротаба буллингга дуч келадиган ўқувчиларда:
- жинслар кесимида ўғил болаларда қиз болаларга нисбатан буллингга 3,7 фоиз кўпроқ учраши аниқланди (ўғил болалар 19,1 фоиз, қиз болалар 15,4 фоиз).
- муҳожир оилалардан келиб чиққан ўқувчилар эса муҳожир бўлмаган оилалардан келиб чиққан ўқувчиларга қараганда буллингга 13,6 фоиз кўпроқ учраши маълум бўлди (муҳожир бўлмаган оилалардан келиб чиққан болалар 17,1 фоиз, акс ҳолда 30,6 фоиз).
- мактабнинг жойлашуви бўйича шаҳардаги ўқувчи болалар, қишлоқдаги ўқувчи болаларга нисбатан буллингга 3,8 фоиз кўпроқ учраши аниқланди (шаҳар ҳудудида 19,4%, қишлоқ ҳудудида 15,6 фоиз).
- Ўзбекистонда ўқувчиларнинг 4,2 фоизи йилига камида бир маротаба бошқа ўқувчилар қўрқитгани учун уларга пул бериб туришини айтган (ИҲТТ ўртачаси — 2,1 фоиз, PISA ўртачаси — 3,9 фоиз, Қозоғистон — 2,1 фоиз).
МҲТИ мутахассисларининг тадқиқоти натижаларига кўра:
- Repest модели ёрдамида қилинган тадқиқот шуни кўрсатдики, мактабда хавфсизлик индексининг бир бирликка ёмонлашиши ўқувчиларнинг баҳосини математикадан ўртача 5,2 баллга, ўқишдан 6,2 баллга, табиий фанлардан 4,7 баллга камайтиради.
- Буллингга учраш индексининг бир бирликка ошиши ўқувчиларнинг балларини математикадан ўртача 5,0 баллга, ўқишдан 5,4 баллга, табиий фанлардан 4,8 баллга камайтиради.
- Буллинг турлари орасида товламачилик (яъни, қўрқитиш орқали пулни тортиб олиш) ўқувчиларнинг академик натижаларига энг кучли таъсир қилиши аниқланди. Ундан азият чеккан ўқувчиларнинг баллари математикадан ўртача 57,6 баллга, ўқишдан 67,4 баллга, табиий фанлардан 67,0 баллга камайиши аниқланди. Шунингдек, жисмоний ва оғзаки буллинг кабилар ҳам ўқувчиларнинг таълим олишига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардир.
Тадқиқот муаллифлари мактаблардаги бундай муаммоларни камайтириш учун қатор таклифлар берган. Италиянинг «No Trap!» номли буллинг ва кибербуллингга қарши дастурини Ўзбекистон учун жорий этиш. Бу дастур қуйидаги асосий хусусиятлардан иборат:
- ўқувчилар, ўқитувчилар ва психологлар учун ресурслар ва тайёргарликни тақдим этиш;
- онлайн ҳамжамият орқали ўқувчилар ўртасида муҳокамалар ташкил этиш;
- ўқувчилар тенгдошларидан буллингга қарши курашиш бўйича таълим олиб, буллингга қарши курашишини таъминлаш.
Шунингдек, Финляндия тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон мактабларида ҳам буллингга қарши KiVa дастурини амалга ошириш таклиф қилинган. KiVa дастури ўз ичида буллингни олдини олиш учун дарслар ва онлайн ўйинлар, жабрланувчига маънавий кўмак, буллинг билан шуғулланган боланинг ота-онаси билан суҳбат, мактаб муҳитини баҳолаш учун ўқувчилар ва ходимлар учун онлайн сўровлар ўтказиш кабиларни жамлайди.
Маълумот ўрнида, президент томонидан имзоланган қонунда боланинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ҳамда қонун билан ҳимояланадиган бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган, жисмоний ёки руҳий азоб етказаётган ёки етказиши мумкин бўлган ва унинг асосий эҳтиёжларига зид бўлган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик, шу жумладан, интернетдан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) болаларга нисбатан зўравонлик деб эътироф этилиши белгиланган.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси ёки васийлари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор ёки суд томонидан амалга оширилади. Зўравонликдан жабрланувчи ва унинг қонуний вакили моддий ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилганда қонунга мувофиқ давлат божини тўлашдан озод этилади. «Dunyouzbeklari.Com» ҳужжатнинг батафсил шарҳини тақдим этган.