Наманганда Буюк Британияга ишга юбориш учун 12 минг АҚШ доллари олганликда гумонланаётган шахс Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди. Бу ҳақда Telegram`даги Xavfsizlik канали хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Наманган вилоятининг Косонсой шаҳрида яшовчи 26 ёшли шахс 4 нафар самарқандлик фуқаронинг ишончига кириб, ўзининг мансабдор танишлари орқали уларни Буюк Британия давлатига ишлаш учун юборишга келишган. У бунинг учун зарур бўладиган ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда виза олишда ёрдам беришини айтиб, эвазига 12 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (Кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 2-қисми «б» банди (Такроран пора беришда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Самарқандда АҚШга жўнатиш учун уй-жой, Жиззахда Жанубий Кореяга юборишга — 12 600 доллар талаб қилганлар қўлга олинганди. Шу каби ҳолат Тошкентда ҳам содир бўлди. Фирибгарлик бўйича жиноят ишлари қўзғатилди.