Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель АҚШ президентлиги сайловларида республикачи Дональд Трамп ғалаба қозонганидан қайғуда эканлигини айтди.
Spiegel журналига берган интервьюсида у сайловда демократлар номзоди Камала Ҳарриснинг ғалабасини кутганини айтди.
«Мен жуда афсусдаман. Демократлардан номзод бўлган Хиллари Клинтоннинг 2016 йилда ғалаба қозона олмагани ҳафсаламни пир қилганди. Бу сафар ҳам кутганим бўлмади. Мен бошқача натижа бўлишини хоҳлагандим», деди Меркель.
Ангела Меркель Трамп бўйича таассуротлари ҳақида гапирар экан, у ҳар доим ҳар қандай вазиятдан ғолиб чиқишни хоҳлашини таъкидлади.
«Музокараларда Трамп барча тафсилотларни батафсил ўрганишга катта қизиқиш кўрсатарди, лекин фақат ўзининг фойдасига янги далилларни топишга ҳаракат қиларди», деди Меркель.
Меркель, шунингдек, бўлажак Трамп маъмуриятининг йирик технология корхоналари, хусусан, тадбиркор Илон Маск билан яқин алоқалари ҳақида хавотир билдирди. Унинг таъкидлашича, сиёсатчилар бутун жамият манфаатларини ҳисобга олишлари керак ва агар уларга хусусий компаниялар кучли таъсир кўрсаца, бу «барча учун ёмон бўлади».
Аввалроқ Илон Маск ва яна бир тадбиркор Вивек Рамасвами Трампнинг бўлажак администрациясида иш бошлаши кутилаётгани маълум қилинганди.
«Биргаликда бу икки ажойиб америкалик менинг маъмуриятим учун давлат бюрократиясини демонтаж қилиш, ортиқча қоидаларни, керакциз харажатларни камайтириш ва федерал агентликларни қайта ташкил этиш йўлини очиб беради», деган Трамп.