Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2025 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатга электрон сигаретларни олиб кириш, сотиш ва чекишни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар қилди Қирғизистон етакчиси матбуот хизмати.

«Садир Жапаров „Фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги Қирғизистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади“», — дейилади хабарда. Хусусан, Қирғизистонда келгуси йил 1 июлдан электрон сигаретларни олиб кириш, сотиш ва чекишга тақиқ жорий этилади.

Қонунга кўра, электрон сигаретлардан фойдаланиш жисмоний шахслар учун 10 минг сом (115 доллар), юридик шахслар учун 60 минг сом (690 доллар) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Электрон сигаретлар сотганлик учун жарима 20 минг сом (230 доллар), юридик шахслар учун 65 минг сом (750 доллар)ни ташкил этади.

Бундан ташқари, қонунда электрон сигаретларни ноқонуний олиб кирганлик учун ахлоқ тузатиш ишлари ёки 100−120 минг сом (1380 долларгача) миқдорида жарима назарда тутилмоқда. Электрон сигаретлар кўп ёки жуда кўп миқдорда олиб кирилган тақдирда, 200 минг сомгача (2300 доллар) жарима ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Буюк Британия 2025 йил 1 июндан бир марталик вейпларни сотишни тақиқлайди. Бу чора ўсмирларни ҳимоялаш ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга қаратилган. Тақиқнинг киритилиши жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланган.

2024 йил апрелида Қозоғистон президенти чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари ва электрон сигаретлар, уларнинг суюқликларини олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни, шунингдек, реклама қилишни тақиқловчи қонунни имзолаган.