Илон Маскнинг нейрочиплар ишлаб чиқарувчи Neuralink компанияси Канада регуляторларидан мамлакатда ўз қурилмасининг клиник синовларини бошлаш учун рухсат олди, деб хабар бермоқда Reuters.
Синов жараёни Торонтодаги University Health Network (UHN) шифохоналаридан бирида бўлиб ўтади.
“Биз нейрохирургия соҳасидаги ушбу илмий янгиликнинг етакчи сафида турганимиздан жуда фахрланамиз”, деди шифохона раҳбари Кевин Смит.
У UHN Канададаги Neuralink синовлари учун “биринчи ва эксклюзив” жой бўлишини қўшимча қилди, аммо синовлар қачон бошланишига аниқлик киритмади.
Маскга тегишли бўлган Х ижтимоий тармоғидаги Neuralink саҳифасида компания Канада ССВдан одамларда синов ўтказиш учун рухсат олгани қайд этилган.
Компания АЛС (амётрофик латерал склероз) ёки орқа мия шикастланиши натижасида келиб чиққан квадриплегия билан оғриган беморлардан кўнгиллиларни қидираётганини элон қилган. Чип беморларга ўз фикрлари билан турли қурилмаларни бошқаришга ёрдам беради.
Маск компанияси АҚШда бир нечта беморларга мия имплантларини ўрнатган эди. Компаниянинг илк бемори, саккиз йил аввал елкасидан паст қисми шол бўлган 29 ёшли Нолан Арбога кўра, қурилма туфайли у компьютердан фойдаланиши ва ҳатто видео ўйинлар ўйнашга қодир бўлди. Эркакнинг сўзларига кўра, чипни имплантация қилиш унга ҳаёт сифатини яхшилаш, “дунё билан қайта боғланиш”, ижтимоий алоқаларни тиклаш, эркин бўлиш ва мақсадларга эришиш имконини берган.