Қирғизистон ҳукумати Иссиқкўл ҳозирда хавф остида эканини айтиб, уни сақлаб қолиш масаласини халқаро миқёсда кўтариш ниятини билдирди.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов CОП29 доирасида ўтказилган иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан фойдаланишга бағишланган тадбирда Иссиқкўлда сув сатҳи йилдан йилга пасайиб бораётганини қайд этди.
Расмийга кўра, бу масала Қирғизистоннинг қўшниларини ҳам ташвишга солмоқда.
“Унга бир неча ўнлаб дарёлар қуйилади, бироқ биттаси ҳам оқиб кетмайди. Биз учун бу кўл муқаддасдир. Албатта, Иссиқкўл атрофидаги деҳқонларимизни сувни тежашга ўргатамиз, лекин яна бир нарсага эътибор қаратмоқчиман. Кўлга катта ҳажмда оқиб тушадиган дарёлар энди қўшни давлатларнинг ирригация манфаатлари учун йўналтирилмоқда. Биз бу масалани кўтарамиб, уни очиқ ва адолатли муҳокама қиламиз. Биз Орол денгизини йўқотдик. Иссиқкўлни сақлаб қолишимиз керак, яқин келажакда бу мавзуда халқаро анжуманлар ўтказамиз”, дейди у.
Аввалроқ Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров Жогорку Кенешда сўзлаган нутқида Иссиқкўл қуриб бораётган Орол тақдирини такрорламаслиги кераклигини таъкидлаган эди.
Кўлнинг сув балансига нафақат иқлим ўзгариши, балки инсон омили ҳам катта таъсир кўрсатади. Қирғизистон Бош вазири маълум қилганидек, қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланиши Каркира ва Қўчқор дарёлари сувининг салмоқли қисми фермерлар томонидан кўлга тушмасдан фойдаланишига олиб келмоқда.
“Иссиқкўл билан мавжуд муаммони ҳал қилиш мақсадида Қирғизистон ҳукумати Қозоғистон ва Ўзбекистондан ёрдам сўрашни режалаштирмоқда”, деди Жапаров.
Бош вазирнинг қўшимча қилишича, Вазирлар Маҳкамаси биринчи навбатда ички эҳтиёжларни қондириш учун сув экспортини қисқартириш бўйича музокаралар олиб бориш ниятида . Бу чора-тадбирларни Иссиқкўлни қутқариш бўйича халқаро илмий конференцияда муҳокама қилиш режалаштирилган, унинг санаси ҳозирча номаълум.
2023 йил август ойида Қирғизистон Табиий ресурслар вазирлиги Иссиқкўлда сув сатҳи 10 йил ичида деярли бир метрга пасайганини маълум қилган.
“Бунга эса иссиқ иқлим туфайли кўлга қуйиладиган кичик дарёлар сонининг камайгани сабаб бўлди”, дея изоҳ берган вазирлик.