Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳри атрофида «яшил белбоғ» яратиш лойиҳаси доирасида Бектемир туманида барпо этилаётган янги боғга кўчат экди. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экилаётган боғ Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб барпо этилмоқда.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, «яшил белбог» учун 100 гектар ер ажратилган. Икки йилда жами 100 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилади. Уларни парваришлаш учун 3 та сунъий сув хавзаси ва 12 та қудуқ барпо этилди. Яна бир эътиборли томони, бу ерда табиий ўрмон шакли ҳосил қилинади, дейилади хабарда.
Уч йил аввал йўлга қўйилган «Яшил макон» лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида «яшил белбоғ» яратиш мақсадини кўзламоқда.
Тадбирда ҳукумат аъзолари, жамоатчилик вакиллари, шунингдек, хорижий дипломатлар иштирок этди. Президент уларга ушбу хайрли ташаббусга ҳисса қўшаётгани учун миннатдорлик билдирди. Тадбирни видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар жамоатчилиги ҳам кузатди.
«Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни „она“ дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун „Яшил макон“ лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу кузги мавсумда «Яшил макон» лойиҳаси доирасида 80 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Расмий маълумотларга кўра, баҳорда 138 миллион дона кўчат экилган. Вазирлик ва ҳокимликлар 257 та боғ барпо қилган. Йирик саноат корхоналари ва чиқинди полигонлари атрофига ҳам дарахтлар экилиб, «яшил белбоғ»лар ташкил қилинмоқда.
Автомобиль ва темир йўллари, дарё ва каналларга туташ ерлар дарахт экиш учун қарийб 10 минг аҳоли ва тадбиркорга ижара шартномаси асосида ажратиб берилди. «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида ғолиб деб топилган 215 та лойиҳа бўйича босқичма-босқич экиш ишлари бошланди.
Умуман, охирги 3 йилда мамлакат бўйича жами 646 миллион туп кўчат ва буталар экилган. Оролбўйида яшил қоплама 2 миллион гектардан ошган, дейилади хабарда.
Аввалги йилларда Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Янги Тошкент, Сергели ва Чилонзор туманларида кўчатлар эккан эди.