24 ноябрь куни Иордания пойтахти Амман шаҳридаги Исроил элчихонаси яқинида отишма содир бўлди, дея хабар берди Reuters агентлиги маҳаллий хавфсизлик хизматидаги манбасига таяниб.
Отишма сабабли уч нафар полициячи яраланди, шифокорлар уларнинг аҳволини ўртача оғир деб баҳоламоқда. Иорданиянинг Petra агентлигининг ёзишича, ҳужумчи полиция патрулини ўққа тутган, шундан сўнг у яширинишга ҳаракат қилган. Жараёнда у ва уни таъқиб қилган полициячилар ўртасида отишма бўлган ва ҳужумчи ҳалок бўлди.
The Times of Israel нашрининг хабар беришича, отишма сабабли Исроил элчихонаси ўраб олинган. Нашр элчихона Рабиа туманида жойлашган бўлиб, у ерда маҳаллий аҳолининг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларга қарши норозилик намойишлари тез-тез бўлиб туришини билдирди.
Жумладан, март ойида Иордания полицияси ҳарбий операцияга норозилик билдириш учун элчихонага йўл олган юзлаб намойишчиларни ортга қайтариш мақсадида кўзни ёшлантирувчи газларни қўллагани айтилади.