Чори Аваз. Бу ном адабиёт аҳли ва мухлисларига яхши таниш. Унинг шеърлари ва таржималари бугун ҳам севиб-севилиб ўқилмоқда. Афсуски, Чори Аваз бор-йўғи 35 йил умр кўрди. У адабиётда ўзига хос из қолдирди.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов Чори Авазнинг вафотига бағишлаб ўкинч ила «Ҳеч кимнинг шогирди ўлмасин» дея шеър битган эди… Биз ҳаётдан бевақт кўз юмган шоир Чори Авазнинг ҳаёти, ижоди ва сўнгги кунлари ҳақида унинг умр йўлдоши Зебо Омон билан суҳбат қурдик.
– Зебо опа, Чори Аваз бир машҳур шеърида шундай деб ёзган эди:
«Ёқасидан тутиб дунёнинг
Силкитгинг келади
Токи ёмонлари тўкилгунича…»
Айтинг-чи, шоир ана шу ёмонлар туфайли ўлмаганмикан? Унинг душманлари бор эди, деб ўйлайсизми?
– Йўқ, ёмонлар туфайли эмас, тақдири азал шу бўлган, менимча. Душманлари эмас, қорли, ёмғирли кунларда пахта далаларида ўтган кунлари сабаб Чори ака оғир хасталикни орттириб олган. Ўша қийинчиликлар, ноқулай об-ҳаво шароитининг ёмонлиги боис соғлиғи ёмонлашган.
– Чори Авазнинг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ҳақида маълумот берсангиз.
– Улар оилада тўрт ўғил, бир қиз бўлишган. Оталари болалик чоғларида вафот этган. Оналари 2000 йилда ҳаётдан кўз юмдилар. Мен тез-тез бориб, хабарлашиб турардим. Кейин қайнопам, маълум вақтдан сўнг катта акалари дунёдан ўтишди.
– Сиз Чори Аваз билан бирга ўқигансиз. Илк танишувингиз қандай бўлган? Шоир, бир шеърида ёзганидек, сизни пахта кўтарганингизда кўриб ёқтириб қолганми ёки олдиндан таниганми? Севги изҳори қилганми?
– Биз илк бор пахта теримидан ҳам олдинроқ, университет дарсларида учрашган эдик. Чори ака ғамхўр, меҳрибон курсдош бўлган. Талабалик давримизда мен юрагидаги туйғудан бехабар эдим, чунки у киши биз, курсдошларнинг ҳар биримизга акаларча ғамхўрлик қилар, бирор муаммога дуч келганимизда энг биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзар эдилар.
Севги изҳор қилмаганлару лекин менга атаб ёзган шеърлари тенгдошларимиз орасида севиб ўқилар, ёддан айтиб юриларди.
– Чори аканинг оиласига, рафиқаси ва фарзандларига муносабати қандай эди?
– У киши оилапарвар бўлиб, қизларини жонидан ортиқ кўрарди. Тунлари ухламасдан ижод қилса-да, фарзандларини эркалашга, улар билан ўйнашга вақт топар эди. Шеърларининг биринчи ўқувчиси ўзим бўлардим. Ўқиб берганларидан кейин фикримни эшитишни яхши кўрардилар. Адабий суҳбатларимиз соатлаб давом этар, гапимиз сира тугамасди.
– Мен шоир таржимаи ҳоли билан танишиб, бир нуқтага эътибор бердим: Чори Аваз 35 ёшида вафот этган, сиз биргаликда 5 йил ҳаёт кечиргансиз. Демак, у анча кеч, яъни 30 ёшда уйланган экан-да?
– Ўша кезлардаги оилавий шароити шуни тақозо қилган бўлса керак. Бу борада ҳеч гаплашмаган эканмиз.
– Чори ака икки буйрагини қандай шамоллатиб қўйган? Совуқ ўлкаларга кетганмиди ёки ўзимиздаги изғирин туфайли хасталанганмиди?
– Эътибор қилган бўлсангиз, шеъларида пахта ва пахтазор тасвири йирик планларда қайта-қайта эсланади. Юқорида айтганимдек, саломатлигини йўқотишига ўша пахтазорлардаги оғир шароит сабаб бўлган.
– Чори аканинг сўнгги кунлари ҳақида гапириб берсангиз. Нималар ҳақида гапирган эди? Энг охирги сўзлари ёдингиздами?
– У кишининг вужуди хаста бўлса-да руҳи тетик бўлгани сабабми, бизга билдирмаган. Олдин Қашқадарёда, кейин Тошкентда даволанди. Деярли уч ой «Янги ТошМИ»нинг сунъий буйрак бўлимида ётди.
Чори акани кўришга, ҳол-аҳвол сўрашга жуда кўп ижодкорлар келишарди. Узоқ суҳбатлашишарди. Иккаламиз ёлғиз қолган чоғларимизда эса Чори ака фарзандларимиз, уларнинг келажаги ҳақида кўп гапирарди. Хасталикдан жуда қийналгани боисмикан, қизимиз Гули Нигорни шифокор қиламиз, дердилар. Тузалиб чиқай, Тошкентга қайтамиз, деб кўп такрорлаган эдилар.
– Шоирнинг ўзи икки ёшида отасиз қолган. Қизларингиз-чи, отаси ўтганида улар неча ёшда эди?
– Ўшанда Гули Нигор тўрт, Камола икки ёшда эди.
– Чори аканинг вафотидан кейин яшашингиз осон бўлмагандир? Рўзғор тебратиш, икки норасидани боқиш… Чори Авазнинг дўстлари ёрдам беришдими?
– Мен ҳам филологман. Чори аканинг ҳаётлик чоғларида бирга ишлаган масканимиз «Насаф» нашриётида фаолият кўрсатдим. Қайсидир маънода у киши бошлаган ишни давом эттирдим. Кези келганда, бир вақтнинг ўзида учта жойда ишлашга мажбур бўлдим. Баъзи вақтлари уйда ҳам ишлардим. Лекин қизларим билан шуғулланишга, уларнинг тарбиясига вақт топардим. Кўнгиллари ўксимаслигига ҳаракат қилардим.
Осон бўлмаган, албатта. Чори ака ҳаётлигида ижара уйда яшардик. У кишининг вафотидан кейин янада қийналдик. «Прописка» муаммоси туфайли сарсон-саргардон бўлдик. Қашқадарёга кетдик. Қизларим ўқишга кирганидан кейин Тошкентга қайтдик. У ердаги икки хонали уйимизни сотган эдик. Пойтахтда бир қаллоб маклерга алдандик. Анча пайт ижарама-ижара яшаб юрдик. Иккинчи қизимнинг контракт пулини тўлаш машаққат эди. Бир амаллаб, зўрға «Кадишева»даги 8-қаватдаги «дом»дан бир хонали уй олдик. Ёшим ўтиб борар, ўзига яраша касаллик ҳам орттирган эдим. Гоҳида лифт ишламай қолар, йиғлагудек бўлиб 8-қаватга кўтарилардим.
Менинг орзум Чори Авазнинг уй-музейини ташкил этиш эди. Бу жуда қийин иш деб аҳдимдан қайтаришди. Бўлмаса Чори аканинг хотирасига битта хонани кутубхона қиламан, дедим ва шу мақсадда уй сўрадим. Беришмади. Шу боис бу орзу қолиб кетди. Чунки бир хонали уйда китобларни сақлай олмайман, ҳатто бурчак ташкил этиб бўлмайди.
Иш тополмай, анча қийналганман. Уюшмага борганман. Ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмади, иш топиб бермади.
Шундан сўнг ўзим бир амаллаб «Эко-олам пресс» хусусий корхонасига ишга жойлашдим. Бошлиғи Аъзам Хўжақулов барака топсин, пропискам бўлмасаям мени ишга олди. Кейин бу ташкилотнинг номлари ўзгарди. Ҳозиргача шу даргоҳда ишлаб келаман. Оладиган маошим ва пенсия пулимдан Чори аканинг шеърларини бошқа тилларга таржима қилдириб чоп эттиряпман. Ишонмаслигингиз мумкин, таржима қилингач, бу китобларни бепул тарқатиб чиқаман. Чунки ниятим пул топиш эмас. Мен Чори Аваз деган шоирни янада танишларини, шеърларини ўқишларини истайман.
– Шоирнинг жами шеърлари сони нечта, таржималари-чи? Унинг энг забардаст асари қайси деб ўйлайсиз?
– Шеърларини тўлиқ санамаганман, бунинг сабаби бор. 1993 йилда Чори аканинг жуда кўп таржима ҳамда қўлёзмаларини «Маънавият» нашриётига олиб бориб бергандим. Минг афсуски, уларни қайтариб ололмадим. Топиб беришолмади.
Таржималари орасида энг забардаст асар поляк ёзувчиси Минковскийнинг «Бақалоқ» повести эди.
Чори аканинг шеърларига келсак, ҳар бирининг фалсафаси, юки бор. Бирортасини алоҳида кўрсата олмайман, чунки ҳаммаси сара шеърлар.
Мана, бугун шу бир хонали уйда ёлғиз яшайман. Қизларимни узатганман. Аммо улар мени ташлаб қўйишмайди. Айниқса, Камола қизим яқин кўмакчим. У ички ишлар соҳасида ишласа-да, адабиётдан йироқ эмас. Чори аканинг сайланмаларини тахлаётганимда кўчириш юмушларида мен билан баб-баравар ишлаган. Мабодо касал бўлиб қолсам, ҳолимдан хабар оладиганим ҳам шу Камола қизим. Чет элга кетаётганимда ёки у ердан қайтаётганимда, чақалоғи бўлишига қарамай, мени кузатиб ёки кутиб олади. Аллоҳ рози бўлсин. Катта қизимнинг уч нафар боласи бор, ўзи ишлайди, вақт ажратишга қийналади.
Яхшилар кўп. Лазиз Раҳматовни ҳурмат қиламан. Чори аканинг «Бахтиёрлик шу эмасми?» китобини чиқариб берди. Роса дуо қилдим. Шунингдек, Нурбой Жаббор, Акбар Нурматов ва Келдиёр Хўжаёровдан миннатдорман. Туркияда Чори аканинг китоби тақдимотига таклиф қилганимда ёнларидан йўлкира тўлаб бориб келишди. Чунки менинг имкониятим йўқ эди. Нурбой домла билан Акбар домла Бокуга ҳам боришди. Қачон бир тадбирга таклиф қилсам, албатта ёнимда туришади. Улардан жудаям миннатдорман. Нурбой домла бебаҳо инсон. 2017 йилда Чори аканинг 60 йиллик хотира кечасини ўтказган эди. «Менинг Тошкентда қолишимга Чори ака сабабчи, у киши пропискамга ёрдам берган», – деб кўп эслайди.
«Чори кичик муҳаррир бўлиб ишларди. Муаллифларга қалам ҳаққи бериш учун ҳамма ҳужжатларни у тайёрларди. Бир куни телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олсам, нашриётлардан бирининг бош муҳаррири экан. Чорини сўради. У ишлайдиган жойда Чорининг илк китоби беш йилдан буён ҳаракатсиз ётганди. Ўша бўйича сўраётгандир деб ўйладим-да: «Каттакон сўраяптилар. Ишлар юришибди шекилли», дедим. Чори гўшакни олди. Қулоқ солиб турибман.
– Йўқ, ҳали ўтказолмадик, – деди Чори. – Йўқ, атайлаб қилаётганимиз йўқ. Жўнатамиз пулингизни. Муҳарриримиз айрим қоғозларни тўлдириб берса бўлди. Ҳа. У кишининг ўғли вафот қилди… Бирон ҳафталарда келса керак… Хўп, майли.
Чори гўшакни қўйди-да, индамай ташқарига чиқиб кетди. Орқасидан чиқсам, айвонда чекиб турибди. Юзи бўғриққан, асабий.
– Ҳа, нима бўлди? – дея сўрадим.
– Одамзод қизиқ экан-да, — деди Чори ҳазин овоз билан. – Ановининг китоби ҳали босилиб бўлгани йўқ, қалам ҳаққини талаб қиляпти. «Муҳаррир қани?» дейди. «Ўғли вафот этган, ўз юртига кўмиш учун кетган», десам: «Э-э, қачон келар экан?» дейди номард! «Худо раҳмат қилсин!» – демайди.
Аъзам Ўктам хотирасидан
Ҳозир ёшим 63 да. Туркия, Озарбайжонда Чори аканинг китоблари тақдимотини ўтказдик. Эндиги режам Чори Аваз шеърияти билан Қозоғистонда учрашув ташкил қилиш. Аммо Чори аканинг шеърларини Европага олиб чиқишга қурбим етмаяпти.
2027 йилда Чори аканинг 70 йиллиги бўлади. Бокудан ижодкорлар келишмоқчи. Аммо, тўғриси, бир хонали уйимни уларга қандай кўрсатаман, билмайман.
Анвар Намозов суҳбатлашди.