• Вт. Дек 10th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

иқлим ўзгаришидан азият чекаётган давлатлар учун йилига камида 300 млрд доллар ажратилади – Dunyouzbeklari.Com



Бокуда ўтган БМТнинг COP29 иқлим конференциясида иқлимни молиялаштиришнинг янги жамоавий миқдорий мақсади (NCQG) бўйича якуний версия тасдиқланди. Ҳужжат матни ташкилот сайтида эълон қилинди.

Қайд этилишича, 2035 йилгача йилига камида 300 миллиард доллар ажратишни назарда тутилмоқда, бу аввал белгиланган 100 миллиард долларлик мақсаддан уч баравар кўпдир.

Reuters`нинг ёзишича, ривожланаётган мамлакатлар вакиллари бу ташаббусни кескин танқид қилиб, уни муаммо кўлами учун етарли эмас, деб атади.

«Афсус билан айтишга мажбурманки, бу ҳужжат оптик иллюзиядан бошқа нарса эмас», — деди Ҳиндистон делегацияси вакили Чанди Райна саммит ёпилишида. «Бизнинг фикримизча, бу барчамиз дуч келаётган улкан муаммони ҳал қилмайди».

Бундан ташқари, иштирокчи давлатлар янги иқлим бўйича молиявий йўналиш — Baku Finance Goal`ни яратишга келишиб олди. Ушбу механизм 2035 йилгача ривожланаётган мамлакатларда иқлим лойиҳаларини ривожлантириш учун ҳар йили 1,3 триллион доллар жалб қилишни назарда тутади.

«Молиялаштириш биринчи даражали масала эди. Қарзга ботган, табиий офатлардан азият чеккан ва қайта тикланадиган энергия инқилобидан ортда қолган ривожланаётган мамлакатлар маблағга жуда муҳтож», — деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш COP29 якунларига изоҳ берар экан.

Унинг сўзларига кўра, конференциядаги ушбу келишув глобал исиш чегарасини 1,5 даражада сақлаш учун зарур.

«Мен биз дуч келаётган жиддий муаммони ҳал қилиш учун ҳам молиялаштириш, ҳам оқибатларни юмшатиш бўйича янада улкан натижага умид қилган эдим. Аммо бу келишув келгусидаги тараққиёт учун замин яратади», — дея қўшимча қилди БМТ бош котиби.

Иқлим масалалари бўйича Еврокомиссар Вопке Хукстра журналистларга дунё ҳозир ўта мураккаб геосиёсий даврни бошдан кечираётганини ва бундай пайтда иқлимни молиялаштириш бўйича якуний келишувга эришиш улкан ютуқ эканини айтди. «Биз ҳаммамиз кўпроқ молиялаштиришни таъминлаш учун астойдил ҳаракат қилдик. 300 миллиард долларлик мақсад янада реалроқ. Келгусида молиялаштиришни кўпайтириш мажбуриятини ҳам олдик. Биз иқлим ўзгаришидан энг кўп азият чекаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш учун кўп ишладик ва уларнинг молиялаштиришдан фойдаланиш имконияти таъминланади», — деди Хукстра.

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси ижрочи котиби Саймон Стилнинг фикрича, COP29 иштирокчилари ўз вазифаларини бажара олди. «Ушбу янги молиявий мақсад иқлимнинг ҳар бир мамлакатда ёмонлашуви шароитида инсоният учун суғурта полиси ҳисобланади. Ҳар қандай суғурта полиси каби у ҳам бадалларни тўлиқ ва ўз вақтида тўлаган тақдирдагина ишлайди», — деди у.

Стилнинг сўзларига кўра, Бокуда қабул қилинган қарор экологик тоза энергетика соҳасида ўсишга ёрдам беради. «Бу иқлим инқирозининг олдинги сафларида бўлганларни, айниқса, энг заиф гуруҳларни ҳимоя қилишнинг ҳақиқий чораларини молиялаштиришга ёрдам беради. COP29 ҳам салкам ўн йиллик қизғин ишлардан сўнг углерод бозорлари бўйича глобал келишувга эришди, аввалги бир нечта COP конференциялари бунга эриша олмаганди», — дея қўшимча қилди у.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *