Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан генерал-майор Шухрат Гайратджанович Халмухамедов мудофаа вазири этиб тайинланди, дея хабар қилмоқда якшанба куни давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

У 2021 йилнинг март ойидан буён мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди. Бунгача Халмухамедов мудофаа вазири ўринбосари, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари ва Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Президентнинг бошқа фармони билан, аввал хабар қилинганидек, Баҳодир Низомович Қурбонов мудофаа вазири лавозимидан озод этилиб, Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига тайинланди.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан озод этилган Абдусалом Абдумавланович Азизов «Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказилди», дейилади хабарда.

Telegram`даги Manba канали Шерзод Асадовнинг тушунтиришини эълон қилди. Унда келтирилишича, «Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказиш» «котибиятнинг кадрлар захирасига ўтказиш» деган маънони англатади. «Бу тузилма кенгаш фаолиятини таъминлайди. Бироқ бу ҳолат Азизовнинг бирор лавозимга тайинлангани ёки доимий ишга расмийлаштирилганини англатмайди», — деди у.