Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида барпо этилаётган «Янги авлод» махсус саноат зонасида бўлди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Саноат зонаси президентнинг 20 мартдаги қарори билан ташкил этилган. У 764 гектар майдонда жойлашган.
Айни пайтда инфратузилма тармоқлари барпо этилмоқда. Бу ерда озиқ-овқат, қурилиш материаллари, электротехника, машинасозлик ва кимё саноати каби йўналишларда 1 миллиард 375 миллион долларлик 47 та лойиҳа жойлаштирилади. Уларда 12 мингтага яқин янги иш ўрини яратилади.
Президент таъкидлаганидек, корхоналарда халқаро брендлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Хусусан, DP World, JAC Motors, Krantas, Аcес Japan, East can solutions, EAS ва Evyap каби нуфузли компаниялар ҳамкорлигида қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Давлат раҳбарига шундай лойиҳалардан айримлари тақдимот қилинди.
Хусусан, Хитойнинг CAMC Engineering компанияси билан саноат зонасини бошқариш, инвесторларни жалб қилиш ва инфратузилма объектларини барпо қилиш кўзда тутилган. JAC Motors компанияси тижорат автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. 135 млн долларлик бу лойиҳа натижасида 2 мингта янги иш ўрни яратилади.
Япониянинг Аcес Japan компанияси билан ҳамкорликда 9 млн долларлик офис учун ўриндиқ ва мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, яна 100 кишининг бандлиги таъминланади.
Бирлашган Араб Амирлигининг DP World компанияси билан эса транспорт-логистика марказини ташкил этиш бўйича ишлар бошланган.
Ҳудудда лаборатория, тадқиқотлар маркази, конференция заллари ҳамда савдо зонаси ташкил этилади. Шунингдек, дуал таълим йўлга қўйилиб, саноат корхоналари учун керакли мутахассислар шу ернинг ўзида тайёрланади.
«Охирги йилларда ялпи ички маҳсулотимиз икки баробар ўсиб, бу йил 110 млрд долларга етяпти. Энди буни 200 млрд долларга етказишга марра олдик. Инвесторларнинг лойиҳалари учун барча шароитларни яратиб бермасак, бу кўрсаткичга етолмаймиз. Тошкент шаҳри бунда ҳам намуна бўлиши керак,» — деди президент.
Давлат раҳбари мутасаддиларга лойиҳаларда маҳаллийлаштириш ва рақамлаштириш, энергия тежамкорликка аҳамият қаратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Президент февраль ойида Янгиҳаёт туманида 664,5 гектар майдонда «Янги авлод» махсус саноат зонаси ташкил этиш лойиҳасини тасдиқлаганди. Унинг бошқалардан фарқи шундаки, эгаллаб турган майдонидан келиб чиқиб, иштирокчилар учун маҳсулот ишлаб чиқаришда алоҳида шартлар белгиланади.
CAMCЕ (China CAMC Engineering Co Ltd) — саноат ва инфратузилма соҳасида муҳандислик хизматларини кўрсатувчи ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи Хитой корпорацияси.
CAMCЕ 2025 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган ўсмирлар Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида Олимпия шаҳарчаси қурилишида иштирок этмоқда. Бундан ташқари, компания Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги лойиҳаларга сармоя киритишни режалаштирмоқда. Улар орасида Китобда сайёҳлик зонаси ташкил этиш, осма дор йўли қуриш ва бошқалар бор.
Сентябрь ойида Хитойнинг Sinomach конгломерати, унинг таркибига кирувчи CAMCЕ компанияси орқали, Андижон (Кампиробод) сув омборидан Фарғонагача сув қувури қурилишида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида маълум қилинганди.