Тошкент вилоятининг 7 та ҳудуди — Чиноз, Бўстонлиқ, Оҳангарон, Паркент, Бўка ва Зангиота туманлари ҳамда Ангрен шаҳрида туризмни “Олтин ҳалқа” концепцияси асосида ривожлантириш белгиланган. 23 ноябрь куни “Олтин ҳалқа”га кирувчи гастрономик туризм бўйича пешқадам Чиноз туманида туризм инфратузилмасини ривожлантириш йўлида навбатдаги қадам ташланди.
Мазкур ҳудуддан ўтувчи М-39 магистрал йўли бўйида тадбиркор ташаббуси билан қиймати 18 миллиард сўм бўлган мажмуанинг биринчи босқичи ишга туширилди.
Гастрономик, туристик ҳамда логистик қулайлик яратишда аҳамиятга эга лойиҳа ўз ичига миллий таомлар ресторани, ҳостел, ҳаммом, автотураргоҳ, автоювиш шахобчасини олади. Лойиҳанинг иккинчи босқичи 2025 йил 1 январга қадар ишга туширилиши мўлжалланган бўлиб, унда 200 та автомашинага мўлжалланган кенг тармоқли автотураргоҳ, катта юк машиналари ва енгил машиналарни ювиш, уларга комплекс равишда кенг кўламли техник хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа хизматларни амалга ошириш имкони мавжуд бўлади, дейди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати масъули Асқар Исмоилов.
Тадбирда сўз олганларнинг таъкидлашича, лойиҳанинг аҳамиятли томони шундаки, у Буюк ипак йўлининг бир қисми ҳисобланадиган, Ўзбекистонни Қозоғистон боғловчи “Яллама” пости орқали кириб келувчи ҳамда чиқиб кетувчи халқаро тоифадаги юк ташувчи ва енгил автомашиналарнинг маълум бир муддат тўхтаб, хавфсиз ҳордиқ чиқариб, таомланиб, техник созлигини текширувдан ўтказиш каби бир қанча хизматларни кўрсатади.
Мана шу ерлар чакалакзор бўлиб ётарди. Мен доим нимага Тошкентдан Наманган, Андижон ва Фарғонага бораверишда битта бўлса ҳам ҳожатхона йўқ, чой ичадиган жой йўқ, дердим. Пресс-клубда ишлаб юрган пайтларим шунақа имконият нега М39 йўлида йўқ, дердим. Мана шундай ишлар қилиняпти. Буни давлат қилиши керак эмас, тадбиркорлар қилиши керак. Давлат бунинг учун зўр шароит, яхши кредитлар бериши керак. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш керак, дейди тадбир иштирокчиси Шерзодхон Қудратхўжа.