Ўзбекистонда жорий ҳафта бошлари қуруқ, иссиқ, ҳафта ўрталарида ёғингарчиликларга бой салқинроқ об-ҳаво, дам олиш кунлари эса ҳароратнинг бироз пасайиши рўй беради.
Ўзбекистонга 25−27 ноябрь кунлари Туркманистондан иссиқ ҳарорат тўлқинининг фаол таъсир этиши кузатилади. Айни вақтда, маркази Қозоғистондан ўтаётган антициклон чеккасининг минтақадан аста-секин чекиниши водий вилоятларида, шунингдек, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятининг текислик ҳудудларида қуёш ботиши ва чиқишидан сўнг қалин туманлар тушишига сабаб бўлади.
Ҳафтанинг биринчи ярмида кундузи иссиқ, кечаси бироз совуқроқ бўлиши, ҳафта ўрталаридан тунги ва кундузги ҳароратлар бир-бирига бироз яқинлашиши кузатилади. Ҳафта ўрталарида, жанубдан циклонларнинг кетма-кет кириб келиши ортидан, ёғингарчиликлар кузатилади. Дам олиш кунлари эса ҳарорат бироз пасайганини киши ўз танасида ҳам ҳис қила бошлайди.
NASA сунъий йўлдош тасвирларидан ҳам кўриш мумкинки, Ўзбекистонда ҳафта бошида ёғингарчиликларсиз қуруқ об-ҳаво ҳукмронлик қилади. Туркманистон орқали кириб келадиган иссиқ ҳарорат тўлқинлари 26−27 ноябрь кунлари жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати +24 даражагача кўтарилишига олиб келади. Ҳафта ўрталаридан Туркия ва Қора денгиз устидаги нам ҳаво оқимлари Каспий денгизи жанубидаги циклонларнинг ривожланишига, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонга ёғинларга бой навбатдаги булутли оқимларнинг кириб келишига шароит яратади.
Ҳафта давомида жойларда ҳарорат режимида суткалик ўзгаришлар деярли кузатилмаса-да, ҳафта боши, ўртаси ва дам олиш кунларидаги кундузги ва тунги ҳарорат фарқларида ўзгаришлар бор. Ҳафта бошида шундай жараёнлар кузатиладики, Ўзбекистон жанубдан иссиқ ҳароратли ҳаво оқими, шимолдан эса совуқ антициклон чеккаси оралиғида «қолади». Ҳафта бошидаги иссиқ ҳарорат тўлқини кундузи шимолга +12 даража, Ўзбекистоннинг катта қисмига +15…+20 даража, жанубий вилоятларга эса +24 даражагача юқори ҳароратни тақдим этади.
Хафта ўрталаридан Каспий денгизи тарафдан кириб келиши кутилаётган нам ҳаво оқими сериялари ҳудудларда вақти-вақти билан ёғингарчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳафта бошида водий вилоятларида антициклон чеккаси таъсирида Қуёш чиқиши ва ботишидан сўнг қалин туман ҳодисалари кузатилади ва шу сабабли водийда кунлик ҳароратнинг у даражада юқори кўтарилиши кузатилмайди.
Оддий қилиб айтганда, ҳафта давомида Ўзбекистоннинг жуда катта қисмида кузнинг сўнгги кунларига хос бўлмаган илиқроқ, ёғин-сочинлили об-ҳавога гувоҳи бўлинади.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 25 ноябрда республика жанубида ҳаво ҳарорати +15…+20 даража, шимолда +12 даража, бошқа ҳудудларда +13…+18 даражагача илиқ, тоғларда +7…+12 даража илиқ бўлади. Тунда шимолда -3 даража совуққача пасайса, бошқа ҳудудларда +0…+5 даража илиқ бўлади. Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди. Жанубий вилоятилардан бошқа барча ҳудудларга қалин туман тушиши мумкин.
Синоптиклар 26−28 ноябрь кунлари учун ҳам ҳудудларда юқори илиқ ҳарорат, 27−28 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, 28 ноябрь куни Бухоро ва Навоий вилоятларида ёғингарчилик кузатилишини маълум қилган. Ушбу саналарда республиканинг бошқа вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Антициклон чеккаси таъсирига яқин жойлашган Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Фарғона водийсида Қуёш чиқиши ва ботишидан сўнг қалин туман ҳодисалари кузатилиши мумкин. Антициклон тўлиқ чекингач, чоршанбадан бошлаб ҳатто водий вилоятларида ҳам туман тушиши камаяди.
26−28 ноябрь кунлари ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилиб боради. Масалан, шимолда тунда ҳарорат минимуми -1 даража совуққача пасайса, Ўзбекистоннинг катта қисмида +2…+7 даража, жанубда +5…+10 даража илиқ ҳарорат кутилади. Кундузи ҳарорати Қорақалпоғистонда +12, Хоразмда +15, водий ҳамда Бухорова Навоий вилоятларида +17, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида +20, жанубда эса +22 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ҳафта боши ва ўрталарига нисбатан бироз пасаяди. Хусусан, 29 ноябрдан шимолда кундузи ҳарорат максимуми +10 даражагача ўзгарса, жанубда ҳам ҳарорат максимуми ҳафта бошига нисбатан 7−8 даражага кескин пасаяди. Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг аксарият қисмида ҳарорат тунда ҳам сезиларли пасаяди.
Ҳафтанинг сўнгги уч кунида Ўзбекистонда булутли, намгарчиликка бой об-ҳаво кузатилади. Асосий ёғингарчиликлар жума ва шанба кунларига тўғри келиши мумкин. Якшанбада республика бўйлаб бироз қуруқроқ совуқ бўлиши кутиляпти. Шанба куни баъзи аҳоли яшаш пунктлари, катта эҳтимол билан, жорий мавсумдаги биринчи қорларини кўриши мумкин. Айни вақтда, ушбу нам ҳаво оқимлари Фарғона водийси вилоятларига кўп ҳам ёғин улашмайди.
Умуман, ҳафта давомида умумий ҳарорат фони йилнинг шу даври учун мос иқлимий меъёрдан 2−5 даража юқори, ёғингарчилик бўйича ҳафта боши қуруқ, ўрталари ва дам олиш кунлари намгарчил бўлиши кутиляпти. Европанинг ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз марказининг (ECMWF) 25 ноябрдан 2 декабрга қадар Ўзбекистоннинг катта қисмида ўртача ҳафталик ҳарорат шу кунлар учун хос бўлган иқлимий меъёрдан 3−6 даражагача юқори бўлишини прогноз қилган. Яъни, ҳафта «илиқ» бўлади.
Яна бир иқлим модели Ўзбекистонда ҳафта давомида энг юқори ҳаво ҳарорати шу кунлар учун хос ўтмиш максимал ҳароратларининг ўртача қийматидан 6−8 даражагача юқори бўлишини кўрсатган. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятининг баъзи ҳудудларига ҳафтада давомида 25 мм гача ёғин тушиши тахмин қилинган. Ушбу иқлим модели кутилмаларида ҳам Жанубий Каспий циклони водий вилоятларига ёғингарчилик улашмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Демак, жорий ҳафта Ўзбекистон ҳудудларида баҳорий илиқ об-ҳаво муҳитига яқин иқлим кузатилади.
Манба: GEFS иқлим модели
Манба: GEFS иқлим модели
Кутилаётган ҳафта иқлими ноябрнинг учинчи ўн кунлиги учун унчлик ҳам хос бўлмаган юқори ҳарорат таъсирини нафақат инсон, балки табиат, дов-дарахтлар ҳам ўз танида яхши ҳис қилади. Бу каби илиқлик айрим ҳудудларда баъзи дарахтларнинг қайта барг очишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари атмосферада кузги ҳароратнинг ноодатий юқорилаши ҳавода бироз кислород етишмовчилигини юзага келтиради ва у кундузи баъзиларда лоқайдлик, ланжлик, бироз бошоғриқ келтириб чиқариши мумкин. Бу каби ўзгаришларга таъсирчан кишилар аввалги материаллардаги тавсияларга амал қилишлари фойдадан холи эмас.
Жума ва шанба кунлари Ўзбекистон аҳолиси нам ҳаво оқимлари муҳити таъсирида бўлади. Бу сафарги жанубий циклонал таъсир айнан шу омилдан азият чекувчилар учун сезиларли бўлади. Ҳар эҳтимолга қарши, циклонал таъсир ўзгаришларга мойил кишилар шу саналарда аввалги материаллардаги тавсияларга амал қилишлари керак.
Бундан ташқари, ҳафтанинг иккинчи ярмида булутли кунларнинг кўп бўлиши серотонин гормон етишмовчилигини келтириб чиқариш мумкин. Бу кўпчилик аҳолининг кундалик ҳаётига таъсир кўрсатиши сабаб, серотонин етишмаслиги ҳақида тўлиқроқ маълумот бериш мақсадга мувофиқ.
Серотонин етишмаслиги — танада муҳим нейроҳужайраларни балансда ушлайдиган серотонин даражасининг пасайиши ёки етишмаслигидан келиб чиқадиган ҳолатдир. Серотонин мия фаолиятида муҳим роль ўйнайди ҳамда кайфият, уйқу, иштаҳа, ҳиссиётлар каби жараёнларни бошқаришга ёрдам беради. Серотонин етишмаслиги одатда қуйидаги симптомлар билан намоён бўлади: депрессия, ташвиш, уйқусизлик, иштаҳа ўзгариши, тез чарчаш, умумий ланжлик, когнитив функция бузилиши (эътибор қаратиш қобилияти пасайиши).
Тавсиялар. Серотонин гормони етишмаслиги олдини олиш учун овқатланиш рационига тухум, ёнғоқ, гўшт маҳсулотлари ва лосось балиғи қўшиш керак. Мунтазам жисмоний машқлар ҳам серотонинни оширади. Энг асосий тавсия — офтоб булутлар орасидан «мўралаган» вақтларда имкон қадар унинг тафтидан баҳра олишга интилиш керак. Шунингдек, шифокор маслаҳати билан серотонинни кўпайтирувчи витаминлар ичиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Бу ҳафта кучли шамоллар бўлиши эҳтимоли кам. Ўз-ўзидан, атмосфера босимининг қисқа вақт ичида кескин ўзгариши эҳтимоли ҳам паст. Шундай экан, жорий ҳафтада табиий об-ҳаво муҳитининг ички қон босимига таъсир этиши хавфи юқори эмас.
Биоиқлимий шароитлар
Жорий ҳафта турли ҳудудлар аҳолиси бир-биридан фарқ қилувчи турлича ҳарорат таъсири остида бўлади. Водий вилоятларининг катта қисми қалин туман сабаб, шимолий ҳудудлар аҳолиси эса юқори намлик ҳисобига кундузи ҳам кучли совуқни ҳис этади. Худди шу вақтда Ўзбекистоннинг қолган аксарият қисмида кузги комфорт иқлимий муҳит кузатилади.
Ҳафта бошида республиканинг жуда катта қисмида кузатиладиган қуруқ ва иссиқ об-ҳаво енгилроқ кийинишга имкон беради. Жанубликлар пайшанбагача ҳам кундузи жуда енгил кийиниши мумкин. Иш ҳафтасининг охири ва дам олиш кунлари ҳарорат намлик ҳисобига +10 ва +15 даражагача пасайиши ортидан қалинроқ кийимларга ўтиш, ҳар эҳтимолга қарши соябон ҳам олиб юриш тавсия этилади. Аммо тунда барибир иссиқ кийиниш керак — тунлар ҳафта давомида совуқ бўлади.
Ҳафтанинг сўнгги уч кунида қор ёғишини кузатиш учун тоғларга саёҳат қилиш мумкин.
Космик таъсирлар
Ҳафта давомида аҳоли магнит бўрони қўзғалишларидан таъсирланмайди. Чунки кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасида сокинлик ҳукмрон экани сабаб, Ер магнитосферасида ҳам вазият барқарор бўлишини маълум қилган. Айни вақтда, мутахассислар ҳафта бошида Қуёш доғларининг бирида навбатдаги кучли чақнаш юз бериши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Бу доғдаги чақнаш душанба куни содир бўлса, ҳафтанинг иккинчи ярмида Ерда магнит бўрони қўзғалишлари юз бериши мумкин.
Қозоғистондаги Ионосфера институти тақдим этган геомагнит бўрони прогнозида ҳам аҳоли ҳафта давомида саломатликка умуман хавф туғдирмайдиган «яшил» даражадаги қўзғалишлар билан тўқнашиши қайд этилган.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Жума ва шанба кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида кутилаётган ёмғирли об-ҳаво майда дисперс заррачалари тарқалишига имкон бермайди. Фақат чоршанба ва пайшанба кунлари ҳароратнинг бироз юқори кўтарилиши, нам ҳаво оқимларининг ҳудудларга кириб келиши вақтида пастдан юқорига кўтарилувчи куч ҳисобига ҳавода ифлосланиш рўй бериши мумкин. Лекин мазкур ифлосланишлар, катта эҳтимол билан, жуда хавфли даражага эга бўлмайди. Чунки ер сиртида етарлича намлик бўлади. Бу атмосферанинг табиий ифлосланиши ҳисобланиб, жойларда антропоген ифлосланишлар инсонлар, идора ва корхоналар ҳатти-ҳаракатига боғлиқ.
Ҳавода майда чанг заррачаси билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, жорий ҳафта об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар душанба, сешанба ва якшанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини анча енгил ҳис қилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, энергетика тармоқлари учун ҳам бу ҳафта об-ҳавоси юкламалар тақдим этмайди.