• Ср. Дек 11th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Бу худди Top Gear’да ёмонланган автомобиллар импортини тақиқлашдек гап». Тадбиркорлар — қуёш панеллари импорти чекланиши ҳақида


Ўзбекистонга 2025 йил 1 январдан бошлаб BNEF Tier-1 халқаро рўйхатига кирмайдиган компаниялардан қуёш панеллари, инверторлар ва электр энергиясини сақлаш тизимларини импорт қилиш тақиқланади. Бу президентнинг 11 сентябрдаги фармонида кўзда тутилган бўлиб, у очиқ эълон қилинмаган («Dunyouzbeklari.Com»да фармон нусхаси бор). Ҳужжат сентябрь ойида қабул қилинган бўлса-да, Энергетика вазирлиги ҳали ҳам режалаштирилган чекловлар ҳақида хабар бермаган.

BNEF Tier-1 нима ва у нега керак?

Tier-1 — бу Bloomberg таҳлил гигантининг қайта тикланадиган энергия масалалари билан шуғулланувчи бўлинмаси ҳисобланган Bloomberg New Energy Finance Corp (BNEF) томонидан тайёрланган рейтинг. Bloomberg вакиллари ушбу рейтингни шакллантиришда ишлаб чиқарувчи компанияларнинг ускуналари, уларнинг сифати ва хизматларини эмас, балки компанияларнинг кредит тўлаш қобилияти ва кредит олиш учун банк талабларига мувофиқлигини баҳолайди.

Tier-1’га сўнгги икки йил ичида ўз бренди остида маҳсулотлар чиқарган ва олтита турли тижорат банклари томонидан регрессиз асосда (лойиҳа даромад келтирмаган тақдирда, банк кредитни қайтармасликка рози бўладиган) молиялаштириладиган камида олтита турли хил лойиҳа учун ўз ишлаб чиқаришини тақдим этган компаниялар киради. Олти лойиҳанинг ҳар бирининг қуввати камида 5 МВт бўлиши керак. Улар дунёнинг маълум бир нуқталарида амалга оширилиши лозим.

Energy Eco Sources энергетика компаниясининг маркетинг ва рақамли трансформация бўйича директори Иван Бутукнинг «Dunyouzbeklari.Com»га таъкидлашича, банклар регрессиз молиялаштириш учун минимал рискларга эга лойиҳаларни танлайди. Бу амалиёт банкнинг сифатсиз ускуналарга кредит бериш ҳолатларини олдини олади, чунки бундай ҳолатда банк ҳам пулни, ҳам мижозни йўқотади.

«Масалан, Германияда бунинг учун банкларга суғурта қилиш имконини берувчи қоидалар ўйлаб топилган. Кредиторлар ускуналар сифатини кўплаб техник маълумотлардан келиб чиққан ҳолда ўз мезонлари асосида аниқлайди. Улар аудит ўтказган ҳолда хавфларни камайтиради», — деди Иван Бутук. Бироқ Ўзбекистон банкларининг техник экспертиза даражаси бугунги кунда паст, улар бундай баҳолашни лозим даражада амалга ошира олмайди, деди мутахассис.

Ўзбекистон Энергетиклар миллий ассоциацияси бош эксперти, DAH Solar Co. вакили Тимур Мустафаевнинг қўшимча қилишича, Tier-1 рейтинги дунёнинг энг яхши 10 иқтисодиётига ускуналар етказиб бериш учун шакллантирилади. Унинг сўзларига кўра, Bloomberg ушбу мамлакатларда ишонч билдириладиган компаниялар рўйхатини тузади. Ўзбекистон ҳам ушбу рейтингдан мўлжал олиши учун мутахассислар даражаси ҳам ривожланган бозорларникига мос келиши керак.

Бу рейтингга таяниб импортни чеклашга уриниш янада ғалати, чунки бу рейтингда халқаро молия институтларининг қора рўйхатига киритилган компаниялар ҳам бўлиши мумкин, дея тушунтиради Тимур Мустафаев.

«Чунки кимдир болалар меҳнатидан фойдаланган, кимдир эса судланган. Ишлаб чиқариш ҳажми ва „банк билан муомала қила олиш қобилияти“ сифат ҳамда ахлоқий ва ҳуқуқий стандартларга мувофиқлик кўрсаткичлари эмас», — деди Тимур Мустафаев.

қайта тикланадиган энергия, қайта тикланадиган энергия манбалари, қуёш панеллари

Қуёш энергиясини генерация қилиш ва сақлаш тизимлари учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришга ихтисослашган ASTORIOS Holding Inc. компаниясининг ривожлантириш масалалари бўйича директори Шоҳрух Баратовнинг таъкидлашича, Bloomberg бу рўйхатни «ўз банклари ва компаниялари муваффақиятли лойиҳаларга эга таъминотчини танлай олишлари учун» тузган.

«Бу шартли рейтинг. Бу сифат ҳам эмас, миқдор ҳам эмас, ишончлилик ҳам эмас. Агар ўтган йили компания рўйхатга кирган бўлса, бугун у банкрот бўлиши мумкин. Рўйхат ҳар чоракда янгиланади. Компаниялар судга берилган тақдирда рўйхатдан „учиб кетиши“ мумкин. Энди тасаввур қилинг: сиз ускуналар етказиб бераяпсиз, сизда буюртмалар, шартномалар бор, ускуналарни олиб келаяпсиз, ушбу рўйхатда бўлгани учун уларни олиб кириш мумкин, кейинги чоракда эса компания „учиб кетди“. Бу ҳолда қандай ишлаш мумкин?».

Импорт нима сабабдан чекланмоқда?

Экспертлар чекловдан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистонга сифатсиз маҳсулотлар олиб кирилишини камайтириш экани борасида якдил. Аммо техник малака (компетенция) етарли бўлмаган бир шароитда сифатни ошириб бўлмайди.

«Туман электр тармоқлари таъминотни узиб қўйиш билан қўрқитиб, қуёш панелларини ўрнатишга мажбурлаётган вақтда, тадбиркор бу вазиятга: „Панел олиш керак бўлса, унда арзонроғини сотиб оламан, тинч қўйишса бўлди“, деган нуқтаи назар билан қарайди. Бозорда чиқит маҳсулот кўп. Мен кўрган маҳаллий станцияларнинг 90 фоизи, гарчи улар амалга оширилган лойиҳа ҳисобланса-да, ишлаётгани йўқ», — дейди Тимур Мустафаев.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда қуёш панеллари билан боғлиқ энг катта муаммо — уларни нотўғри ташиш, сақлаш ва ўрнатишда. Сифатсиз маҳсулот, шунингдек, ташиш, сақлаш ва ўрнатиш қоидаларига риоя қилмаслик ускуналарнинг куйишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда техника ишламаслиги ёки бир йилдан камроқ хизмат кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, асбоб-ускуналарнинг техник тавсифлари ва хусусиятларини тушунмаслик сифатсиз маҳсулотлар импортининг ўсишига олиб келади, деб ҳисоблайди Иван Бутук.

«Тушунмайдиган харидорга арзон ускуна сотиш осон, — дейди у. — Харидорни нарх билан жалб қилиш учун билим ва тажриба шарт эмас. Харидорни қимматбаҳо ускуналар билан таъминлаш учун эса яхши даражадаги техник тайёргарлик керак».

қайта тикланадиган энергия, қайта тикланадиган энергия манбалари, қуёш панеллари

Иван Бутукнинг қўшимча қилишича, бозорда божхона назоратини четлаб ўтган ҳолда мамлакатга олиб кирилаётган қўлбола, сифатсиз маҳсулотлар кўп. Охир-оқибат, бундан якуний истеъмолчи азият чекади.

Шоҳрух Баратовнинг қайд этишича, агар Tier-1 рўйхатига асосланган ҳолда импорт чекланса, Ўзбекистон божхона назорати учун мазкур рейтингни қўллаган дунёдаги биринчи давлатга айланади. Ваҳоланки, бу рўйхат мазкур мақсадда ҳатто унга мўлжалланган мамлакатларда ҳам қўлланилмайди.

«Рўйхат ишлаб чиқарувчилар учун реклама ҳисобланади. Унга кириш учун ҳам пул тўлаш керак. Бу [қарор] худди Top Gear кўрсатувидаги автомобиллар синовига таяниб автомобиль импортини чеклашдек гап. Давлат бирор қарорни қабул қилаётганида ҳуқуқий асоси бўлиши керак. Бизда BNEF Tier-1 рейтингига таяниб иш кўрадиган банклар ҳам йўқ ҳатто. Бундай ёндашув билан, масалан, фақат „Оскар“ олган фильмларнигина намойиш этишга рухсат бериш ҳам мумкин. Рейтингда бир талай банкрот компаниялар ҳам бор. Ўз навбатида, Америка бозорининг шундай етакчилари, йирик ишлаб чиқарувчилари борки, улар бу рўйхатда йўқ. Бу ҳатто йирик дистрибьюторларга ҳам муаммо туғдирадиган оммавий истеъмол рейтингидир», — дейди Шоҳрух Баратов.

Сифатсиз ускуналар импортини қандай чеклаш мумкин?

Иван Бутукнинг фикрича, рейтинг билвосита сифат кўрсаткичи бўлиши мумкин, чунки унда одатда муҳандислик билими арзон ва кичик ишлаб чиқарувчиларга қараганда беқиёс даражада юқори бўлган йирик компаниялар бўлади.

«Пули кўплар тараққиётга, илм-фанга, маркетингга кўпроқ сармоя киритиши, турли тартибга солувчи органлардан сертификатлар олиши мумкин. Кичик ишлаб чиқарувчиларда бундай имконият йўқ, чунки бунинг харажати катта. Масалан, одамлар Хитойга бориб, кичик заводларда йиғилган панелларни сотиб олиб, уларни Ўзбекистонга бу жуда қиммат маҳсулот деган ниқоб остида олиб кирди, дейлик. Бундай ишлаб чиқарувчилардан панель сотиб олар экан, харидор ускуналарнинг ишдан чиқиш даражаси ва алмаштирилиши шартлари, амалга оширилган лойиҳалар, сертификатлар, тадқиқот натижалари ҳақида сўрамайди. Катта компанияларда эса бу саволларнинг барига жавоб бор», — дейди Иван Бутук.

қайта тикланадиган энергия, қайта тикланадиган энергия манбалари, қуёш панеллари

Шу билан бирга, рейтинг премиум маҳсулотлар импортига таъсир қилиши мумкин, деб ҳисоблайди Шоҳрух Баратов. Қимматбаҳо ускуналара, сифати юқори бўлишига қарамай, оммавий тарзда ўрнатилмайди.

Тимур Мустафаевнинг таъкидлашича, Энергетика вазирлиги бу тартибни жорий этишни таклиф этаркан, унинг мақсади, катта эҳтимол билан, бозорни сифатсиз ускуналардан ҳимоя қилиш бўлган. Аммо бунинг учун қатъий сифат назорати, техник назорат, мамлакат ичида техник салоҳиятни ошириш бўйича стратегик ҳаракат зарур.

«Мен уч йил олий ўқув юртида дарс берганман. У ерда кадрлар етишмовчилигини, заиф ўқитувчиларни кўрганман. Бу заифликни тан олиш ва унинг устида ишлаш керак», — дейди Тимур Мустафаев.

Бундан ташқари, Иван Бутукнинг фикрича, банкларда ҳам экспертлар доираси шаклланиши керак: «Биз уларга ёрдам берамиз, ўргатамиз, асбоб-ускуналарнинг хусусиятларини тушунишлари учун воситалар берамиз».

Монополиялар шаклланиши билан боғлиқ хавотирлар

Ўзбекистонда қуёш панеллари ишлаб чиқарадиган қатор корхоналар мавжуд. Great Start Bild компанияси 2021 йилдан буён Тошкент шаҳрида A.R.T. SOLAR бренди остида қуёш модулларини ишлаб чиқаради. Корхона қуввати 100 МВтни ташкил этади. Компания таъсисчилари Альберт ва Куман Авсепянлар (мос равишда 27,9 фоиз ва 72,1 фоиз) ҳисобланади.

Тошкент вилоятидаги Enter Green Solar корхонаси қуёш панеллари ва қуёш энергетикаси учун зарур бўлган турли кабеллар ишлаб чиқаради. Корхонанинг таъсисчилари Enter Steel (60 фоиз), Саидамир Бахтиёрович Фозилов (20 фоиз, унинг отасининг исми ва фамилияси Enter Engineering, Eriell, Enera холдинги ва бошқа кўплаб компаниялар билан алоқадор Бахтиёр Фозиловникига ўхшаш), Жасур Худойқулович Жумаев (10 фоиз) ва Eriell’да ишлайдиган Александр Большаков (10 фоиз) ҳисобланади.

Nukus Eleсtroapparat қўшма корхонаси қиймати 10 млн доллардан ортиқ бўлган қуёш панеллари ишлаб чиқаради. Таъсисчилар сифатида Швейцариянинг Tanotrade Ag (80 фоиз) ва маҳаллий Toshelectroapparat (20 фоиз) компаниялари кўрсатилган.

Мутахассисларнинг фикрича, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг мавжудлигига қарамай, Tier-1 рейтингига кирмаган ишлаб чиқарувчиларнинг ускуналари импортига нисбатан чеклов ҳозирча маҳаллий компаниялар монополиясини шакллантира олмайди, чунки уларнинг қуввати бозордаги талабдан анча паст.

«Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар умумий талабнинг 10 фоизини ҳам қоплай олмайди. Монополия фақат дистрибьюторлар орасида пайдо бўлиши мумкин», — деб ҳисоблайди Тимур Мустафаев.

қайта тикланадиган энергия, қайта тикланадиган энергия манбалари, қуёш панеллари

«Бу рўйхат асосидаги чеклов монополияни келтириб чиқаради, деган фикрга қўшилмайман. Сифатсиз ускуналар импортининг олдини олишдан ташқари бирор яширин мақсадлар ҳам бўлса, кимнингдир манфаатларига хизмат қилинаётган бўлса, эҳтимол, бу рўйхатдаги йирик ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларидир. Лекин улар ҳам рейтингдан чиқиб кетиши мумкин», — дейди Шоҳрух Баратов.

Иван Бутукнинг қайд этишича, ўзбекистонлик тадбиркорлар импортни чеклашга уринишда бозорни ёпиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчи рақобатлаша олмайдиган арзон ва ишончсиз ускуналар олиб кирилишига тўсиқлар қўйилишини кўриши мумкин, чунки Хитой ишлаб чиқарувчиларида таннарх рақобатлашиб бўлмайдиган даражада паст.

«Ўзбекистонда сифат назорати масаласи юқори даражада бўлганида эди, у маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг сифати юқори даражада бўлишини таъминласа эди, техник ҳамжамиятда ҳам ташвиш бўлмасди, деб ўйлайман. Агар бозор ёпила бошласа, демак, монополиялар пайдо бўлади, сифат пасаяди. Шундан келиб чиқиб, ҳамма ушбу катта ва ривожланаётган бозорда „ўйин“ қилинаётган бўлиши мумкинлигидан, монополиялар юзага келиши эҳтимолидан хавотирда. Ўзимизнинг маҳсулот сифатли бўлишига кафолат йўқ, чунки ишчи-ходимлар малакаси қониқарли эмас. Ўз-ўзидан, келажакдаги хавф билан боғлиқ савол туғилади: бозорни ёпиш ва рақобат камайгани ортидан сифатни пасайтириш учун давлат ва монополистга қанча вақт керак бўларкин? Бу ҳаракатлар бозорнинг ёмонлашувига олиб келмасмикин?»

Айни вақтда, Иван Бутукнинг қўшимча қилишича, сифатсиз маҳсулотлар импортига нисбатан қандайдир чекловнинг жорий этилаётгани бу йўналишда умуман ҳеч қандай иш қилинмаганидан кўра барибир яхшироқ.

«Бу ҳаракатни қандайдир талаблар қўйиш орқали сифатни оширишга уриниш сифатида баҳолаш мумкин. Аммо у бозорнинг ёпилиши олдидан бир даракчи бўлиши ҳам мумкин», — дея хулоса қилди у.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *