«Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram`даги «Huquqiy axborot» канали хабар берди.
Ҳужжат тадбиркорларга қонунчилик талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритишига кўмаклашиш ва қонунбузилишларнинг барвақт олдини олиш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва назорат қилувчи органларнинг масъулиятини янада ошириш мақсадида қабул қилинган.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан:
- жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади;
- 2025 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими жорий этилиши, шунингдек, текширув ва профилактика тадбирларини ташаббус этиш ушбу тизим натижалари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, худди шу санадан бошлаб:
- тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали бизнес омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширилади;
- текшириладиган тадбиркорлик субъекти аниқ бўлмаган ҳолатларда, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига, давлат манфаатларига, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг тезкор олдини олиш ёки бартараф этиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали бизнес омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширилади;
- «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст, ўрта ва юқори даражаларга таснифланади.
Бунда Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 39-моддасига мувофиқ, камерал солиқ текширувлари «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинмайди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими натижалари асосида профилактика тадбирлари ва текширувларни ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- хавф даражаси паст бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилмайди;
- хавф даражаси ўрта ва юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилади ёки текширув ўтказилиши мумкин;
- аниқ факт ва ҳоллар бўйича фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда давлат манфаатларига зарар етказиш хавфининг олдини олиш ёки бартараф этишга қаратилган текширувлар «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими натижаларидан қати назар ўтказилиши мумкин;
- солиқ ва божхона органлари томонидан «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими Солиқ ва Божхона кодексларига мувофиқ юритилади;
- профилактика тадбирлари доирасида амалдаги профилактика шаклларига қўшимча равишда бизнес омбудсман ва назорат қилувчи органлар томонидан тасдиқланган намунадаги чеклист тўлдирилиши натижалари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунбузилишларга олиб келиши мумкин бўлган камчиликларни бартараф этишга кўмаклашилади.
Бизнес омбудсман назорат қилувчи органлар билан биргаликда мазкур фармон талабларидан келиб чиқиб:
- бир ой муддатда назорат қилувчи органларнинг «Хавфни таҳлил қилиш» тизимларига қўйиладиган минимал талаблар такомиллаштирилишини таъминлайди;
- 2025 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятида хавф даражасини аниқлаш тартибларини қайта кўриб чиқади.
2025 йил 1 январдан қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади:
- фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш;
- мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш;
- ходимлар сонини яшириш.
2025 йил 1 мартдан бошлаб судда иш юритиш тарафлар келишув битими тузганлиги сабабли тугатилганда, давлат божи биринчи инстанция судида — 70 фоизи, апелляция ва кассацияда — 30 фоизи қайтариб берилади.
Бизнес омбудсман ҳар йили 1 февралга қадар:
- тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги текширувларнинг қонунийлиги ва ўрнатилган тартибда ўтказилганлиги, тадбиркорлик субъектларининг шикоятлари, текширув ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг аттестация натижалари каби кўрсаткичлар асосида назорат қилувчи органлар фаолиятини баҳолаб, «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида уларнинг рейтингини эълон қилиб боради;
- назорат қилувчи органлар раҳбарлари масъулиятини ошириш бўйича Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.
Ҳисоб палатаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва бизнес омбудсман билан биргаликда 2025 йил 1 мартга қадар бюджет ташкилотлари фаолиятида ўтказиладиган тадбирларни рўйхатга оладиган «Давлат аудити» дастурий комплексини «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилишни таъминлайди.
Бунда бюджет ташкилотлари фаолиятидаги назорат тадбирлари ва уларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар реал вақт режимида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига узатилиши инобатга олинади.
2025 йилдан бошлаб назорат қилувчи органларнинг текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга ходимлари ҳар икки йилда бизнес омбудсман томонидан ташкил этиладиган ўқув курсларида малакасини оширади.
Бунда ўқув курсларида иштирок этишни молиялаштириш назорат қилувчи органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, грантлар, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.