• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентдаги Аския бозори мулки ва ҳудуди $16,8 млн нархида аукционга қўйилди


Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги Аския бозори ҳудуди, бино ва иншоотлари сотувга қўйилди. Бу ҳақда E-auksion платформасида маълум қилинди.

Объектнинг умумий майдони 1,83 гектар бўлиб, шундан 0,68 гектарда бинолар жойлашган. Бино ва иншоотларнинг умумий майдони 7439 квадрат/метрни ташкил этади.

Объект Шота Руставели ва Шоҳжаҳон кўчалари оралиғидаги Ракат мавзесида, Дўстлик боғи (собиқ Бобур боғи) яқинида жойлашган.

Аукционга бозор бинолари ва унинг остидаги ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи қўйилмоқда. Real Excellent Valuation компаниясининг 1 июлдаги ҳисоботига кўра, бино ва иншоотларнинг бозор қиймати 9 миллиард сўмга, ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи эса 180 миллиард сўмга баҳоланган.

Бозор акциядорлари лотни бошланғич қиймати 214,85 миллиард сўм (тахминан 16,8 миллион АҚШ доллари) бўлган (ҚҚС билан) савдоларга чиқаришди. Аукцион 20 декабрь куни соат 10:00 да ўтказилади.

Бўлажак харидор бозор фаолиятини сақлаб қолган ҳолда уни қайта қуриши ва ҳудудда замонавий савдо-маиший мажмуа, жумладан, майдони камида 3000 квадрат/метр бўлган экобозор, 1200 квадрат/метрлик музлаткичли омбор ва биринчи қаватда камида 400 та автомобилга мўлжалланган тўхташ жойи барпо этиши шарт бўлади.

Қурилиш тугагач, тадбиркор бозор акциядорларига уларнинг қийматидан қатъи назар, умумий майдони 42 сотих бўлган экобозор, музлаткичли омбор ва автотураргоҳни топшириши керак. Натижада қолган 1,4 гектар майдонни ўз хоҳишига кўра тасарруф эта олади.

Бош режа (лойиҳа концепцияси) қурилиш ишлари бошлангунга қадар Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан албатта келишилиши лозим. Бунда ҳудудда жойлашган қишлоқ хўжалиги бозори лойиҳа доирасида фақат ишлар бошланганидан сўнг далолатнома асосида бошқа жойга кўчирилиши мумкин.

Мажмуада қурилиш ишлари қишлоқ хўжалиги бозори фаолиятига таъсир кўрсатмасдан, унинг тўлиқ функционаллигини сақлаган ҳолда амалга оширилиши лозим. Шундан сўнг қурилиш якунлангач, уни босқичма-босқич экобозор ҳудудига кўчириш режалаштирилган.

Шунингдек, инвестор бозор ҳудудидаги хусусий мулк эгалари билан музокаралар олиб бориши ва компенсациялар бериши ёки улар билан келишилган ҳолда тенг қийматли майдонлар ажратиши шарт бўлади.

Эътиборлиси, Аския бозори акциядорлари 30 сентябрь куни йиғилиш ўтказиб, бозор ҳудуди ва биноларини 214,85 миллиард сўмга аукционга чиқаришга қарор қилган. Бироқ бу ҳақда фақат 21 ноябрь куни муҳим маълумот эълон қилинди. Хусусий акциядорлардан акцияларни қайтариб сотиб олиш режалаштирилган (уларнинг улуши тахминан 4 фоизни ташкил қилади).

16 ноябрь куни Яккасарой тумани ҳокимлиги томонидан бозорни қайта қуриш лойиҳаси тақдим этилганди. Туман ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг айтишича, бозор замонавий талабларга жавоб бермайди, савдо расталарининг очиқда жойлашгани ноқулай об-ҳаво шароитида ташриф буюрувчиларга ноқулайлик туғдирмоқда, автотураргоҳ, бозорга кириш ва чиқиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда эскирган бозорни қайта қуриш бўйича музокаралар олиб борилмоқда ва бир нечта инвесторлар ўз таклифларини тақдим этишган. Лойиҳа доирасида 150 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Тўрт юлдузли меҳмонхона ва йирик савдо маркази қурилиши кўзда тутилган.

Ҳудудда яшил зона ташкил этилиши, ўриндиқлар, эскалаторлар, велосипедлар тўхташ жойлари ўрнатилиши, ҳожатхоналар ташкил этилиши, Wi-Fi зонаси фаолият кўрсатиши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *