Тамаки зарарини камайтириш концепцияси ҳақида доктор Делон Ҳюман билан суҳбат.
Тамаки зарарини камайтириш нима?
Tobacco Harm Reduction (THR) концепцияси чекувчи, аммо тамакини ташлашни хоҳламайдиган ёки ташлай олмайдиган шахслар учун анъанавий сигаретларга нисбатан хавфсизроқ альтернатива маҳсулотларни таклиф этади.
Доктор Ҳюманнинг таъкидлашича, бундай маҳсулотларга никотинли pack’лар, вейплар (электрон сигаретлар) ва қиздириладиган тамаки маҳсулотлари киради. Улар тутунсиз никотин истеъмол қилиш имкониятини бериб, тамаки тутуни билан боғлиқ асосий хавфларни камайтиради.
Давлат ва жамият учун фойдалари
Доктор Ҳюманнинг фикрича, THR концепцияси тамаки чекиш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш, ногиронлик ва ўлим кўрсаткичларини камайтириш, шунингдек, даволаш харажатларини қисқартиришга ёрдам беради. Бу, айниқса, паст ва ўрта даромадли мамлакатлар учун долзарб мавзу.
Қайси давлатлар амалиётга киритмоқда?
Швеция бу йўналишда етакчи мамлакат ҳисобланади. У ерда тутунсиз никотин маҳсулотлари, жумладан, снюс ва никотин pack’ларидан фойдаланиш фаол қўллаб-қувватланади. Доктор Ҳюманнинг таъкидлашича, Швеция аҳолиси ичида чекувчилар сони 4%гача камайиб, ушбу мамлакатни бемалол «чекмайдиган давлат» деб аташ мумкин.
Ўзбекистонда тамакига қарши чора-тадбирлар
Ўзбекистонда яқинда никотинли pack’лар айланмаси тақиқланди. Электрон сигареталар ва қиздириладиган тамакини тақиқлаш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу чоралар ёшлар орасида мазкур маҳсулотлардан фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида кўрилаяпти. Аммо, доктор Ҳюман бу борада эҳтиёткор ёндашув зарурлигини таъкидлаб, катта ёшдаги чекувчилар учун хавфсизроқ маҳсулотларга йўл ёпилиши ноқонуний савдо ҳажмини ошириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Носвой ва зарарни камайтириш
Доктор Ҳюманга кўра, носвой THR концепциясига мос келмайди. Носвойнинг токсикологик профили уни хавфсиз альтернатива сифатида кўриб чиқиш имкониятини бермайди. ЖССТ маълумотларига кўра, носвой оғиз бўшлиғи саратони ва бошқа жиддий касалликлар хавфини оширади.
ЖССТ позицияси
ЖССТ тамаки зарарини камайтиришга асосланган маҳсулотларга нисбатан салбий муносабатда. Аммо доктор Ҳюман ЖССТни мазкур ёндашувни қайта кўриб чиқишга чақирмоқда. Унинг сўзларига кўра, Сент-Китс ва Невис ҳукумати ЖССТни зарарни камайтириш усулларини тадқиқ қилиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишга чақирган. Бу ташаббус тамаки истеъмоли билан боғлиқ соғлиқ учун хавфларни камайтириш ва ҳаётларни сақлаб қолишга ёрдам беради.
Ўзбекистон учун тавсиялар
Доктор Ҳюман қуйидаги чораларни таклиф қилади:
- Тиббиёт ҳамжамиятининг фаол иштироки. Никотин ва янги маҳсулотлар тўғрисида хабардорликни ошириш.
- Қонунчиликни оптималлаштириш. Кам зарарли маҳсулотларга ўтишни осонлаштириш.
- Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва вакилликни кучайтириш. Мустақил ҳимоя ташкилотлари орқали ишончли маълумотларни тарқатиш.
Хулоса
Тамаки зарарини камайтириш концепцияси Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида долзарб мавзу бўлиб қолмоқда. Доктор Ҳюманнинг фикрича, халқаро тажрибани ўрганиш ва мутаносиб ёндашув орқали мамлакатда бу соҳада муҳим ўзгаришларга эришиш мумкин.
Доктор Ҳюман билан суҳбат асосида тайёрланди.