Исроил ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» билан Ливанда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни дастлабки тарзда маъқуллади, дея хабар бермоқда CNN.
Қайд этилишича, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу «умуман олганда» келишувни қўллаб-қувватлаган. Исроил ҳали ҳам келишувнинг баъзи тафсилотлари бўйича ўз фикрларини билдирмоқда, улар 25 ноябрь куни Ливан расмийларига етказилиши кутилмоқда.
Шартнома Исроил Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳам тасдиқланиши керак.
Ynet нашрининг таъкидлашича, Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни муҳокама қилиши куни кеча Исроилга 255 дан ортиқ снаряд ташлаган «Ҳизбуллоҳ» томонидан ракета ҳужумларининг кучайишига тўғри келди. Нашр маълумотларига кўра, АҚШнинг Яқин Шарқдаги махсус элчиси Амос Хохштейн Ливанга Исроилнинг ўт очишни тўхтатишга розилигини маълум қилган. Шу билан бирга, у ҳар икки томонга агар келишувга эришилмаса, АҚШ музокараларда воситачи сифатида иштирок этмаслигини айтди.
Axios маълумотларига кўра, келишув лойиҳаси 60 кунлик ўтиш даврини ўз ичига олади, бу даврда Исроил ҳарбийлари Ливан жанубини тарк этишлари керак, Ливан армияси чегарага яқин ҳудудларда жойлаштирилади ва «Ҳизбуллоҳ» ўзининг оғир қуролларини Литани дарёсининг шимолига ўтказади. Шунингдек, ташаббуснинг амалга оширилишини назорат қилиш учун АҚШ бошчилигида қўмита ташкил этилиши кўзда тутилган.
Сентябрь охирида Исроил «Ҳизбуллоҳ» билан боғлиқ объектларга ҳаво ҳужумларини давом эттириб, Ливан ҳудудига бостириб киришни бошлаганини эълон қилди. ЦАХАЛнинг таъкидлашича, уларнинг мақсади «исроилликларни ўлдириш учун мўлжалланган Ҳизбуллоҳ инфратузилмасини вайрон қилишдир». Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, Исроил армиясининг зарбалари ва бостириб кириши оқибатида 3,5 минг киши ҳалок бўлган.
Жумладан, 18 ноябрь куни «Ҳизбуллоҳ» Тель-Авивга ракета учирганди, ўз навбатида, Исроил Ливан пойтахтига зарба берган ва 5 киши ҳалок бўлган.