Сўнгги ҳафталарда Франция ва Буюк Британия Украинага қўшинлар ва хусусий ҳарбий компанияларни юбориш бўйича махфий музокараларни қайта тиклади, деб ёзмоқда Le Monde манбаларга таяниб.

Газетанинг эслатишича, бу масала февраль ойида Франция президенти Эммануэль Макрон томонидан Киев иттифоқчи мамлакатларининг Парижда бўлиб ўтган йиғилишида очиқ кўтарилган. Ўшанда бундай имконият Германия бошчилигидаги баъзи Европа давлатларининг жиддий эътирозларига сабаб бўлганди. Энди эса Франция ва Буюк Британия «АҚШда Дональд Трамп 2025 йил 20 январда ўз ваколатларини бажаришга киришганидан кейин Американинг Киевга ёрдам беришдан воз кечиши эҳтимоли нуқтаи назаридан» буни яна муҳокама қила бошлаган.

Le Monde маълумотларига кўра, АҚШдаги маъмурият ўзгариши туфайли Париж ва Лондон «аниқлаштирилиши керак бўлган шартлар асосида Украинадаги коалицияга раҳбарлик қилиш имкониятини истисно этмайди».

«Бу сценарий ҳамон мавжуд. Маълумотларга кўра, сўнгги ҳафталарда Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг Францияга ташрифи туфайли у ҳатто фаоллашди», — дейилади мақолада.

Газета, шунингдек, «Буюк Британия ва Франция ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, Европадаги иттифоқчилар ўртасида Украинага ва Европа хавфсизлигига йўналтирилган мустаҳкам ядрони яратиш бўйича мунозаралар давом этаётганини» ёзади.

Мақола муаллифларининг таъкидлашича, бу мулоҳазалар Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэля Барронинг изоҳларига мос келади, у аввалроқ Ғарб иттифоқчиларини Украинани қўллаб-қувватлашда «қизил чизиқлар ўрнатмасликка» чақирган. Француз ҳарбийларини жанговар ҳаракатлар майдонига юбориш мумкинлиги ҳақидаги саволга эса у шундай жавоб берди: «Биз ҳеч қандай вариантни истисно қилмаймиз».