Эрондаги бир қатор афғон муҳожирларининг TOLOnews’га маълум қилишича, афғон фуқаролари қонуний ҳужжатларга эга бўлишларига қарамай, сўнгги кунлар ва ҳафталарда Эрон полицияси томонидан ҳибсга олиниб, депортация қилинмоқда.
Эрондаги афғон муҳожирлари муваққат ҳукуматни ўз муаммоларини жиддий ҳал қилишга чақирди.
“Эрон полицияси ҳужжатларимизни қадрламайди. Бир неча кун олдин ўзимга керак бўлган нарсани олгани чиққанимда, улар мени ҳибсга олишди”, деди Эрондаги афғон муҳожири Холид Султоний.
Афғон муҳожирлар охирги кунларда иш жойларига чекловлар, ҳибсга олишлар ва депортациялар ҳар қачонгидан ҳам кўпайганини таъкидлаган.
“Мигрантлар дуч келадиган муаммолар мавжуд. Қабул қилувчи давлатнинг сиёсати ҳужжатсиз муҳожирларни қайтаришга асосланган, бироқ мамлакатдаги кўп сонли қонуний муҳожирлар ҳам қийинчиликларга дуч келишмоқда”, дейди Эрондаги яна бир афғон муҳожири.
“Толибон” матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳидга кўра, хориждаги афғон муҳожирлари муаммоларга дуч келмаслиги учун ҳаракат қилинмоқда. У мамлакатни ноқонуний тарк этган афғон муҳожирларини қайтишга чақиришини яна бир бор таъкидлаган.
“Ислом Амирлиги қўшни давлатлардаги муҳожирларимиз муаммоларга дуч келмаслиги учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Агар улар муаммоларга дуч келса, уларни маълум даражада ҳал қилишга ҳаракат қилинади. Ҳа, Эрондаги муҳожирларимиз қийинчиликларга дуч келишди ва биз Эрон расмийлари билан учрашувлар чоғида мигрантлар билан боғлиқ муаммоларни жиддий кўриб чиқдик. Бундан ташқари, биз ҳужжатсиз муҳожирларни ўз юртларига қайтишга таклиф қилдик”, дейди Афғонистон ҳукумати матбуот котиби.
Аввалроқ Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) сўнгги ҳисоботида афғонларнинг Афғонистонга қайтиш даражаси ўтган ҳафтада ундан олдинги ҳафтага нисбатан уч фоизга камайганини қайд этган эди.
Сентябрь ойида Эрон мамлакатдаги ноқонуний муҳожирларини оммавий депортация қилиш нияти ҳақида хабар берилганди.
“Мамлакатда ноқонуний қочқинларнинг мавжудлиги нафақат ижтимоий зарар келтиради, балки маҳаллий аҳолининг иш жойларини ҳам тортиб олади”, деди Эрон ички ишлар вазири Искандар Момейни.
Афғонистонликларнинг қўшни Эронга кўчиши 2021 йил август ойида бошланган. БМТнинг Қочқинлар агентлиги ҳисоб-китобига кўра, Эронда 4,5 миллионга яқин афғон муҳожирлари мавжуд. Эрон ОАВга кўра, мамлакатда жами 8 миллион афғон бўлиб, улардан 4 миллиони ноқонуний муҳожирлардир.
Эрон ва “Толибон” ҳукумати билан дипломатик алоқаларга эга, депортация тартиб-қоидалари бўйича икки томонлама келишувлар мавжуд. Маълум қилинишича, 2024 йилнинг дастлабки олти ойида 400 минг Афғонистон фуқароси Эрондан мамлакатга қайтарилган. Бироқ таҳлилчилар депортация қилинган афғонларнинг бир қисми яна Эронга қайтишини башорат қилмоқда.