Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Нодиржон Турғунов мамлакатнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили ҳам бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
ИҲТ бош котиби доимий вакилнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб, уни ушбу лавозимга киришиши билан табриклади ва масъулиятли миссиясини амалга оширишда муваффақият тилади.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, таълим, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва инновациялар каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Ташкилот бош котиби Ўзбекистон «ислом уммати бирлигини мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, таълим ва маданий меросни асраб-авайлашга қаратилган ташаббусларни илгари суришда муҳим роль ўйнашда давом этаётгани, бу эса уни ИҲТ мақсадларини амалга оширишда асосий ҳамкорлардан бирига айлантираётгани»ни таъкидлади, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Нодиржон Турғунов март ойида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги янги элчиси этиб тайинланганди. У 2018−2024 йилларда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили лавозимларида ишлаган Улуғбек Мақсудов ўрнинин эгаллаган.
Турғунов 2016 йилдан бери Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритади. Ўтган йиллар давомида ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаментида турли лавозимларда фаолият олиб борган. 2019−2021 йилларда Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳрида (Қозоғистон), 2021−2024 йилларда эса Жидда шаҳрида (Саудия Арабистони) бош консул бўлиб ишлаган.