• Вт. Дек 10th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Олам ичра буюк ҳикмат излади…


«Олтин мерос пресс» нашриётида таниқли журналист, 2002-2022 йилларда Қашқадарё вилоятидаги «Кеш» газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаган Собир Примовнинг «Ичимдаги одам» китоби босмадан чиқди.

Мен раҳматли Собир акани 2002 йилда Шаҳрисабз туманининг «Кеш» газетасига бош муҳаррирлик қилган даврдан буён танир эдим. Оқ-сариқдан келган, қошлари қалин, силлиқ оппоқ сочини бир текис тараб юрадиган, қараш-нигоҳи ўткир бу инсон ҳар бир сўзни дона-дона чертиб, ҳеч шошилмасдан хотиржам, бошини сарак-сарак қилиб гапирар эди.

Собир Примов 1960 йилнинг 15 сентябрда Яккабоғ туманининг Каттабоғ қишлоғида туғилган, 1982 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаб, Украинада ҳарбий хизматни ўтаб қайтади. 1985-2002 йилларда Шаҳрисабз туман ҳокимлигида турли масъул лавозимларда ишлади.

Ўроқ-болғали Шўро даврининг не-не бюрократик чиғириқларидан боши омон чиққан Собир аканинг ҳокимлик тизими марказлашувидан қочаётган бир пайтда туман газетасига ишга ўтиши аслида унинг ижодига ҳам катта фойда бўлган эди. Чунки олийгоҳни тугатганидан кейин ўз касбидан анча узоқлашган, катта-кичик бадиий ишлари ҳали ёзилмай қолаётган эди. Кўпгина суҳбатларимизда ҳам у ўтган бу даврини «йўқотилган йиллар» деб айтарди.

Бошқа томондан у кишининг узоқ йиллар ҳокимият тизимларида кадрлар ва ташкилий масалалар билан шуғуллангани, ҳудуддаги катта-кичик раҳбарларни яхши таниши, ишни кўзини билгани, бозор иқтисодиёти шароитларига тез мослашгани сабабли оддий туман газетасини нафақат вилоят миқёсида, ҳатто республика доирасида ҳам салоҳиятли нашрга айлантира олди.

Умрининг охирига қадар яъни 2022 йилгача Бош муҳаррир сифатида туркум мақолалари, бадиий публицистик очерклари, қатра ва ҳикоялари ва салмоқли қиссаси чоп этилди.

2016 йилда «Ноширлик ёғдуси» нашриётида Собир Примовнинг илк «Умр сўқмоқлари» публицистик асари дунё юзини кўрган эди. Мен бу китобни таҳрир қилиш асносида Собир ака ботинида жуда катта одамийлик ва улкан ижодий салоҳият борлигига, қаҳрамонларининг ички дунёсини мукаммал буёқларда очиб бера олишига, агар бор имкониятларини тўлиқ ишга солса, маънавий хазинамизга муносиб бадиий дурдоналар ярата олишига амин бўлган эдим.

Ота маконимга ҳар сафар борганимда Собир Примов билан бирга албатта даврамизда узоқ йиллар туман маданият бўлимини бошқарган, очиққалб, кенг феълли, нуктадон устоз (раҳматли) Муҳиддин Остонов, туман таълим тизимида суяги қотган, маърифатпарвар ва донишманд акамиз Ўктам Муҳиддинов, касб-ҳунар коллежи директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Исломиддин Аброровлар билан мароқли суҳбатлар қурардик ва бу ажойиб мулоқотлар тафтини ҳамон қаттиқ соғинаман.

Собир ака Қашқадарё тарихи, сўнгги ярим аср давомида Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб туманлардаги катта-кичик кўплаб раҳбар кадрлар ҳақида жуда кўп маълумотларга эга эди. Суҳбатларда улар қилган яхши амаллар, маҳаллий даражадаги сиёсий ўйинлар, ҳудуд равнақига кимнинг қандай ҳисса қўшганию, қайси тўра ишни пачавасини чиқаргани ҳақида қизиқарли тарзда сўзлаб берарди.

У туман нашрини кучайтириш учун ҳар қандай кичик имкониятлардан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилди. Ўша йиллари ахборот сиёсати жуда қаттиқ бир вакуумда ушлангани, қатъий назорат ўрнатилгани сабабли жойларда халқаро мавзуларда жўяли шарҳлар берилмас, қолаверса, унинг оқибатларига жавоб берадиган журналистлар ҳам йўқ эди. Шу сабабли Собир ака менга бир неча бор қайта-қайта мурожаат қилгач, вақт топиб, камида уч йил давомида газетанинг бир алоҳида саҳифасида халқаро мавзуларни доимий ёритиб бордик.

Собир ака умрининг сўнгги 10 йили давомида жуда кўп ҳикоялар чоп этди ва ушбу китобда муаллифнинг кўп қиррали ижоди тўлиқ акс этган, десам 

Ушбу тўплам шартли равишда ҳикоялар ва қатралар, Нозик янганинг ҳикоялари, публицистика, қисса ва Собир Примов ҳақидаги хотиралардан иборат. Ҳикоялари мавзуси ранг-баранг. «Котибнинг ҳийласи» ҳикоясида очкўзлик, халқнинг нонини туя қилиш, харом йўл билан пул топиш, охир-оқибат барча йиққан-терганларининг елга учиши, бир кечалик қимор ўйини орқали иснодли кунлар бошлангани ҳақида.

«Ичимдаги одам» ҳикоясида эса девонасифат, бир қарашда ҳеч ким ҳам эътибор бермайдиган, назарга илмайдиган Сайфи тимсолида нобоп жамиятда «адолат овози» баралла янграйди. Бир ноҳақлик сабаба у «ўз ичидаги одам» тилидан барча ҳақиқатларни жамиятга етказади.

«Овчи» эса ушбу касб табиатининг сирли хилқатини очиб беради. Қаҳрамон Фозилнинг ота-боболари унга уқтириб кетган қуйидаги сўзларига эътибор беринг: «овчининг лафзи ҳам, ўзи ҳам ҳалол бўлиши керак, болам. Йўқса, у бир балога гирифтор бўлади». Нафс инсонни ҳалокат қурбонига айлантиришини Тоштемир тимсолида юксак бадият билан сўзлайди.

«Ватан деб ватандан кечиб» ҳикояси қонхўр Сталиннинг миллатларни ўзи туғилиб ўсган гўшасидан бошқа ўлкаларга мажбурий кўчиришдек ғайриинсоний сиёсати туфайли юртимизга келиб қолган инсонлар машаққату изтироби ҳақида. Кейинроқ эса ўз она юртига қайта бошлаган бу инсонларнинг мураккаб ички руҳий изтироблари акс этади. Ёмонотлиқ қилинган татар миллатига мансуб Эброметнинг Ўзбекистонга келгач, бошидан ўтказган турли синовлари, элимиздан кўрган оқибати ҳикоя қилинади.

У кетар жафосида «Куядиган жойим шундаки, бугунга келиб яна Ватан деб, Ватандек азиз бўлиб қолган юртимни, қадрдонларимни ташлаб кетишга мажбур бўлаяпман. Ичим тандирдан баттар ёнаяпти. Бу тафтни эса ҳеч нарса билан ўчириб бўлмаяпти», деб кўзига ёш олади.

Муаллиф бу миллат вакиллари қандай ноқулай шароитларда яшаб, қўли гуллиги ва меҳнаткашлигини ҳисобига ўзларини ўнглаб кетишганини баён қилади: «Уларнинг кўчирилиши ёз ойларига тўғри келган. Токи ертўла, бараксимон турар жойлар қурилгунга қадар улар чайлаларда яшаб, кун кўришди. Очарчиликка қарамасдан, кунига 10-12 соатлаб меҳнат қилишиб, қўлда зовурлар қазиб, кўлларнинг сувини қочиришди, тўқай ва қамишзорларни тозалаб, ер очиб, олмазор ва узумзорлар яратишди, полиз-сабзавотчилик маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйишди».

«Бозорчи хотинлар қаердан пайдо бўлди?» ҳикоясида аёллар зиммасига рўзғор ташвишларини ортган «эркаклар» яшайдиган жамият муаммо ва кўнгилхираликларга тўлишини чуқур бадиий-фалсафий ифодалайди.

«Кечиккан совға» эса даҳшатли урушнинг оғир йўқотишлари, гарчи ғалаба қозонилган бўлса-да, аҳолининг энг қуйи қатламларида талофатлар мислсиз бўлгани, жанг майдонларидаги қонли курашлардан ташқари туганмас етишмовчиликлар, армиядаги қурол-яроқ тақчиллиги туфайли яна миллионлаб инсонлар нобуд бўлгани очиб берилади.

Уруш уруш билан, лекин ёзувчи фронтнинг қонли чизиғидан гўзалликни қидиради. «Ердан ҳали қор кетмаган бўлса-да, баҳор келаётганини ўрмондан таралаётган муаттар ҳиддан билиш мумкин эди. Айниқса оққайиннинг шамолда сокин тебраниб, шивирлаши кишига найнинг майин садосини эслатгандай бўларди».

Муаллиф бонг урган мудҳиш уруш манзаралари, фронт ортидаги улкан қийинчиликлар бугунги кунда ҳам ўзининг аҳамиятини йўқотган эмас ва доим огоҳликни талаб қилади: «Таналарини бомба ва снаряд парчалари бўлак-бўлакларга бўлиб ташлаган, дайди ўқлар вужудини илма-тешик қилиб юборган, том босиб ўлган қариялар, аёллар, болаларни кўрдим. Ҳеч бўлмаса бирор кимса уларнинг ҳисобини олдимикан? Ўзим кўрган ва гувоҳ бўлган бу даҳшатли манзараларни кўз ўнгимга келтирсам, ҳозир ҳам вужудимда даҳшатли титроқ туради. Москвадан Берлингача бўлган йўлнинг ҳар қаричида инсон қони тўкилган, жасади кўмилган».

Ҳикоя урушдан ногирон бўлиб қайтган ва фарзанд кўриш имкониятидан маҳрум бўлиб қолган Худойберди ўз севган ёрининг васлига етолмаган бўлса-да, Хайринисога умрининг охирига сақланиб қолган беқиёс садоқати тўғрисида.

«Унутиб бўлмайди уларни» ҳикояси Шаҳрисабз элининг маънавиятини бойитишга, кўҳна тарихимиздан хабардор этишга катта ҳисса қўшган ижодкор Мўмин Азизов, таълим фидойиси ва қаламкаш Абдирайим Абдусаматовга бағишланган: «Ижодкорнинг «Оламшумул сиймо» ҳамда «Қашқа осмонида қўшюлдуз» каби тарихий, бадиий-публицистик очерклари, мақолаларини жамлаган китоблари нашрдан чиқиб, халқимизнинг бой маънавий меросига айланди. У кишининг Амир Темур ва темурий ҳукмронлиги даврлари ҳақидаги илмий изланишлари ҳар қандай таҳсинга лойиқдир».

Абдурайим аканинг яна бир хислати шу эдики, бу инсон мумтоз қўшиқларни ниҳоятда қадрлар, ҳатто ўзи дутор чертиб, классик қўшиқларни маромига етказиб ижро эта оларди. У киши сермаҳсул ижодкорлардан. «Туҳфа», «Зумрад шаҳар қўшиқлари», «Онамни эслаб», «Ёниқ чироқлар» тўпламлари нашр этилган. Яқинда елиб-югуриб, яна бир шеърий китоб – «Ҳар қадаминг гул» янги тўпламни тайёрлаб, босмахонага топширган эдилар. Яқинда бу китоб ҳам босмадан чиқади».

Ўта мулойим, камсуқум, камтарин, самимий инсон Жаббор Халилов ҳақида гапирганимда Шаҳрисабздаги Ҳазора қишлоғи, унинг сўлим табиати, меҳнаткаш одамлари кўз ўнгимда намоён бўлади. Хотирамда у кишининг «менга ижод қилиш бахтини ато этган Яратганга шукроналар келтираман», дея сўз юритади.

Таниқли шоиримиз Абдулла Орипов тўғрисидаги «Шеъриятнинг ҳақиқий султони эди» мақоласи буюк истеъдод соҳибининг кўҳна Кешга сафарлари ва бу мулоқотлардан Собир Примов олган ибрати хусусида: «Абдулла ака соҳибқирон бобомиз ҳайкалини зиёрат қила туриб, «бу шаҳарга қачон ташриф буюрмай, бобомиз руҳи билан суҳбатлашиб, дилимга аллақандай бир таскин, куч оламан дегандилар».

«Нозик янганинг ҳикоялари» туркумидаги 10 та ҳикоянинг барида Нозик янга ижтимоий адолат маёғи қиёфасида гавдаланади. Оила ишларида сабрлилик, ғийбатчилик фожеаси, қиз узатишда нималарга эътибор бериш борасида фикр билдиради. Отасини ўлдирган падаркушлар, ичкиликнинг зиёни, охири кўринмаётган оилавий можароларнинг катта ижтимоий муаммолари, омонат дунёда ўткинчи ҳою-ҳаваслардан воз кечиш шартлиги, оиладаги садоқатнинг бебаҳо туйғулиги ҳақида сўз боради.

Собир Примов ўзининг қатор мақолаларида эса кўплаб савиясиз электрон нашрларда этика ва қоидалар йўқлигини, аҳлоқсизлик очиқдан-очиқ тарғиб этилаётгани жиддий танқид қилган эди: «Бировнинг отаси ёки онаси кўчада қолгани йўқ, ҳеч кимга бошқа бир инсоннинг шаънига нисбатан ёмон гапириш ҳуқуқи берилмаган. Бу уларнинг маънавиятсизлиги, билимсизлигини кўрсатади, холос».

Муаллиф умрининг сўнгги йилларда ёзган «Чақмоқ чақнаган тунда» қиссасида асосий қаҳрамон Маҳлиёнинг мушҳиш хатога – қотилликка ундаган асл сабабларни изчиллик билан ўрганади, бундай оғир қарорга келишининг психологик-эмоционал вазиятини ўрганади.

Шафёр Расул бир қиз ва бир ўғилни камолотга етказаётган оиланинг дарз кетиши, қизи Муниса ўз жонига қасд қилиши фожеасида «бошланиш нуқталарни» тадқиқ қилган.

Аёлнинг ўз эрига нисбатан совуқ ва эътиборсиз муносабати, ношукрлиги, узоқни кўра олмаслиги туфайли йиллар ўтиб, уларнинг турмуши бузилади. Расулнинг пул топиш учун Россияга кетиши, қизи Муниса эса ёвуз кимсалар зуғуми-зўрлигига учраб, ўзини осиши бу оддий фожеа эмас, миллат дардига айланган мавзу.

Собир Примов тийратидаги кенг феъллик, адолатсизликка тоқатсизлик, ижобий қайсарлиги, дўстлик руҳини улуғлаши, ўзгармас ҳаётий ҳақиқатлари, фалсафий мушоҳадалари барчаси унинг бадиятидаги қаҳрамонларга кўчиб ўтди. Ҳар бир образ табиатидаги ўзига хос характерларни ўқувчига осон тилда етказади.

Муаллифнинг яқин курсдошлари, дўстлари, меҳнат жамоаси ва шогирдлари – таниқли журналистлар ва жамоат арбоблари Бекқул Эгамқулов, Сабоҳат Норбўтаева, Абдунаби Ҳайдаров, Комила Каромова, Аҳрор Аҳмедов, Бозор Болтаев, Абдусамад Воҳидов, София Узоқова, Исломиддин Аброров, Камолиддин Каримов, Алимардон Раҳматов фикрлари эса болаларча беғубор ва самимий бу инсоннинг ҳаётдан излаган ҳикматлари, унинг улуғ инсоний сифатлари, қалам тутган қадоқ кафти билан оламга узра эзгуликлар нурини сочгани ҳақидадир.

Китоб кенг ўқувчилар оммаси учун мўлжалланган.

Лазиз Раҳматов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *