Афсонавий гўзал Мерилин Монро оламдан ўтганига 60 йил бўлди. Бироқ унинг жозибадорлиги сирларини аёллар ҳозиргача муҳокама қилишади. Актриса нафақат кўзни қамаштирадиган табассуми ва жингалак сочлари билан, балки жозибали қомати билан ҳам машҳур эди. Мерилин буни қандай уддалагани ҳақида гаплашамиз.
Овқатланиш тартиби
Актрисани нафис ва хушбичим деб атаб бўлмайди. Ҳозирги кунда у plus-size ўлчамида бўлиши мумкин, чунки брендлар кўпинча оддий аёллар учун эмас, балки моделлар учун кийим тикишади. Мерилин камдан кам учрайдиган “қум соат” силуэтига эга эди.
Унинг кўпгина суратларида селлюлит кўзга ташланиб туради, сонлари кенг, қорни кичкина бўлса-да, буларнинг ҳаммаси унинг ташқи қиёфасида ажойиб тарзда уйғунлашганди. У бежиз гўзаллик рамзи бўлмаган — унинг қиёфаси ҳар доим ҳақиқий аёллик жозибасига эга бўлган. У ўзини яхши ҳолатда ушлаб туриш учун қандай овқатланган? Актрисанинг парҳезини бир оз ноанъанавий деб ҳисоблаш мумкин.
Монро интервьюларидан бирида нонуштага сут билан аралаштирилган хом тухум ичишни афзал кўришини айтади. Бундай нонушта унга куч-қувват бағишлашга ёрдам берарди, кечки овқатга эса қовурилган гўштни хом сабзи билан ейишни ёқтирарди. “Хом сабзи ҳеч қачон жонимга тегмайди”, дерди Мерилин. Шунингдек, Монро баъзи нарсалардан ўзини чекламасди. У ширинликларни яхши кўрарди.
Бундай парҳезни самарали деб аташ қийин, аммо актрисанинг шахсий мисолида овқатланиш тартибини танлашда биринчи навбатда ўз эҳтиёжларига эътибор қаратиш кераклигини кўрсатди. Шунинг учун кечки овқатга сабзавотли салатдан кўра гўштни афзал кўрсангиз, ўзингизни қийнаманг ва ёқимсиз таомни ейишга мажбурламанг.
Спорт
Кўпчилигимизга ўхшаб Мерилинга ҳам спорт режимига риоя қилиш осон бўлмаган. Актриса баъзи ўйинлар ва спорт турларини, масалан, сузишни ёқтирмасди, лекин кўпинча оғир машқлар билан шуғулланган.
Мерилин ётган ҳолатда гантел кўтариш фойдали эканини таъкидлаган. У қўлларини ёзиб, боши устидаги нуқтага 15 мартадан кўтаради. Амалда бундай машқлар кўпроқ қўл ва елка мушаклари билан ишлайди, лекин кўкрак мушаклари ҳам иштирок этади. Мерилин ҳар куни эрталаб машқ қилишга камида ўн дақиқа вақт сарфларди. Овқатланишда бўлгани каби актриса спорт машғулотларини ҳам хоҳишларидан келиб чиқиб, интуитив равишда танлаган. Айтиш мумкинки, Монро мунтазам равишда енгил машқларини бажарган.
Машҳур киноактриса гўё ҳамма нарсада ўз услубини яратишни яхши кўрарди — у ўзига қарашга ҳам алоҳида ёндашар, умумий қабул қилинган қолиплардан қочарди.