• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Кимдир йўқотиши мумкин, лекин ЖСТ адолатли савдо тартиб-тамойиллари дегани — Жамшид Қўчқоров



Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 26 ноябрь кунги мажлисида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2025 йилдан экспортёрларга берилган баъзи солиқ имтиёзлари бекор қилинаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

Йиғилишда депутат Атхам Назирқулов 2025 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ имтиёзлари бекор қилинишининг мамлакат экспорт салоҳиятига қандай таъсир қилиши ҳақида савол берди.

Саволга дастлаб инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев жавоб берди.

У 3 июнь куни миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштириш бўйича президент фармони қабул қилинганини ва ҳужжатда товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, транспорт харажатларини қисман қоплаб беришга оид имтиёзларни 2025 йил 1 январдан бекор қилиш назарда тутилганини айтди.

«Тўғри айтяпсиз, таҳлилларга кўра бу имтиёз бир қанча корхоналарда экспорт суръатларининг ўсишида асосий омиллардан бири бўлди… Бу имтиёз экспорт географияси кенгайишига ҳам ўз ҳиссасини қўшган эди», — деди Хуррам Тешабаев. Унинг айтишича, бу чоранинг қўлланилиши экспортчи корхоналар фаолиятида маълум оқибатларга олиб келиши, айланма маблағларга бўлган эҳтиёж ўсиши ва бу орқали экспорт ҳажмининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Хуррам Тешабаев, шунингдек, имтиёзлар бекор қилинишининг салбий оқибатларини юмшатиш учун бир қатор чоралар кўрилаётгани, жумладан, айланма маблағларига эҳтиёж ортишидан келиб чиқиб факторинг хизматлари бозорини ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилаётганини айтди.

Жамшид Қўчқоров фойда солиғи бўйича 2022 йилда 972 млрд сўм, 2023 йилда 1 трлн 100 млрд сўм имтиёз берилганини қайд этди. Айланмадан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлар эса нисбатан анча кам миқдорда берилган: 2022 йилда 12 млрд сўм, 2023 йилда 14 млрд сўм.

«Ўтган сафар берилган саволларни ҳам инобатга олиб ўзимнинг бир фикримни айтмоқчиман. ЖСТ — умуман олганда бир адолатли савдо тизими. ЖСТга аъзо бўлганлар ва аъзо бўлмаганлар орасида тенгсизлик бор. Яъни, агар биз биронта ривожланган мамлакат билан савдо-сотиқ қиладиган бўлсак, улар биздан ўзи учун доимо мўътадил ёки қулай бўлган шарт-шароитларни талаб қилиш ҳуқуқига эга, бу ерда имтиёзларни назарда тутмаяпман», — деди у.

Бош вазир ўринбосари ЖСТга аъзо баъзи мамлакатлар ҳеч қайси давлат учун қўймаган импорт божларини Ўзбекистон учун қўйганини таъкидлади.

«Унинг нотўғри ёки бошқа бўлаётганини биз фақат икки томонлама музокараларда кўриб чиқишимиз мумкин. Бу [сўраганларимизни] ё қилиши ёки қилмаслиги мумкин. Лекин биз ҳам ЖСТга аъзо бўлганимизда эди, улар шахсан бизнинг экспортимизни чеклашга қаратилган чора-тадбир кўра олмасди», — деди у.

Иқтисодиёт ва молия вазири лўнда қилиб айтганда ЖСТга қўшилиш Ўзбекистонга адолатли ва тенг шароитларда бошқа мамлакатлар билан савдо қилиш ҳуқуқини беришини таъкидлади.

«ЖСТга кириш Ўзбекистонга бошқа, авваламбор ривожланган, тез ривожланаётган мамлакатлар билан адолатли ва тенг, паритет шарт-шароитларда савдо қилиш имконини беради. Кимдир йўқотиши мумкин. Лекин, менинг фикримча, ЖСТ бу — адолатли савдо тартиб-тамойиллари. Шунинг учун ҳар бир Ўзбекистон тадбиркори адолатли ва очиқ рақобат шароитида ўз тадбиркорлик фаолиятини юритишни ўрганиши керак. Дунё мамлакатларининг асосий қисми ЖСТга аъзо эканидан келиб чиқиб, улар билан биз адолатли ва тенг савдо қилишимиз учун биз бу ташкилотга аъзо бўлишимиз керак», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмоқчи. Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши — чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларнинг ажралмас бир қисми эканини айтганди. «Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади», — деганди у ишбилармонлар билан учрашувда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *