• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Маммография тасвирини ўқиш маркази ташкил этилади



Ўзбекистонда 2025 йилда Маммография тасвирини ўқиш маркази ташкил этилади. Бу топшириқ президент томонидан имзоланган «Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда белгиланган.

Ҳужжат аёллар орасида онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштириш, скрининг жараёнларини самарали ташкил қилиш, замонавий скрининг усулларини амалиётга кенг жорий этиш, ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш ҳамда мутахассисларнинг билимларини ошириш ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб:

а) туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига соғлиқни сақлаш тизимида мақбуллаштириладиган штат бирликлари ҳисобидан қуйидаги штат бирликлари киритилади:

  • онконазорат хоналари учун акушер-гинеколог шифокор;
  • мобил ва стационар маммографлар ишини 2 та сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар;

б) Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Маммография тасвирини ўқиш маркази ташкил этилади ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида амалга ошириладиган кўкрак бези саратони бўйича скрининг натижалари ушбу марказнинг ягона ридинг тизимига интеграция қилинади;

в) Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий- амалий тиббиёт марказида одам папиллома вируси диагностикаси учун қўлланадиган тест тизимлари сифатини назорат қилиш бўйича референс- лаборатория фаолияти йўлга қўйилади.

Саратон касаллиги назорати соҳасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилади.

Қарорда белгиланишича:

  • Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказлари кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади;
  • онкологик касалликларни ташхислаш ва даволаш бўйича тиббий жиҳозлар, ускуналар ва сарфлов материаллари хариди мажбурий тартибда Кенгаш билан келишилади ва тақсимланади.

Бунда кенгаш томонидан тиббий жиҳозлар, ускуналар ва сарфлов материалларини муассасалар кесимида рационал тақсимлаш мақсадида маълумотлар базаси шакллантирилади. Кенгашга бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининг текширувлари билан қамраб олинадиган аёллар ёшини молиялаштириш манбалари асосида мустақил белгилаш ваколати берилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги лойиҳа Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда сифатли амалга оширилишини таъминлайди.

ССВ Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2024 йил якунига қадар Дастурни мониторинг қилиш, тиббиёт муассасалари ва тиббиёт ходимлари меҳнати самарадорлигини ҳар олти ойда бир марта баҳолаш ва рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.

Вазирлик, шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига нодавлат тиббиёт ташкилотларини жалб қилиш чораларини кўрсин ҳамда давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилган хизматлар харидини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали амалга ошириш тизимини йўлга қўяди.

Маълумот ўрнида, маммография асосан аёлларнинг кўкрак безини ноинвазив усулда текшириш билан шуғулланадиган тиббий диагностика соҳаси ҳисобланади. Ҳозирги кунда дунёда аксарият ҳолларда аёллар кўкрак бези саратонини аниқлаш учун рентген проекцияли маммография усули қўлланилади. Бу усул плёнкали ёки рақамли кўринишда бўлиши мумкин.

Президентнинг ушбу қарори билан эндиликда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволаниши белгиланган. Ҳужжатга кўра, тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30−65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси шакллантирилади, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилади.

Ҳар йили 30−50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги одам папилломаси вирусини полимераза занжирли реакция текшируви усули орқали аниқлаш ҳамда суюқлик цитологияси усулида текшириш йўли билан амалга оширилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *