Германия Ички ишлар вазирлиги ҳарбий можаро юзага келганда тинч аҳоли учун бункерлар рўйхатини ишлаб чиқишга киришди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу рўйхатга турли жамоат жойлари, жумладан метро бекатлари, автотураргоҳлар, давлат ва хусусий мулк объектлари киради. Ушбу ҳудудларга етиб бориш маҳаллий аҳолига телефондаги махсус илова ёрдам беради.
Мақолада таъкидланишича, ҳукумат фуқароларни ертўла ва гаражларни ободонлаштириш орқали ўз уйларида бункерлар яратишга ундайди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда 84 миллион аҳолига эга Германияда деярли ярим миллион фуқарони қутқариши мумкин бўлган 579 та бункер мавжуд.
Аввалроқ Бундесвер Германия ҳукуматининг махфий режасига асосланиб, Россия билан уруш бошланган тақдирда мамлакатнинг йирик компаниялари ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришга киришгани ҳақида хабар берилган эди.
Қайд этилишича, ҳужжатнинг “Германия оператив режаси” деб номланган асл нусхаси мингга яқин саҳифани ўз ичига олади. Унда уруш пайтида ҳимояга муҳтож бўлган тузилмалар ва инфратузилма объектлари санаб ўтилган. Шунингдек, Россиянинг НАТО шарқий қанотидаги манёврлари оқибатида мудофаа ёки кескинлик юзага келганда, Германия юз минглаб қўшинлар учун логистика марказига айланиши, асбоб-ускуналар ва дори-дармонларни етказиб бериш учун нима қилиш кераклиги ҳақида кўрсатмалар мавжуд.
FAZ’га кўра, Гамбург Савдо палатасида бўлиб ўтган йиғилишда ҳарбийлар бизнес вакиллари билан бевосита суҳбатлашган ва ҳар 100 нафар ходимга камида бешта қўшимча юк машинаси ҳайдовчисини тайёрлашни тавсия қилган. Гамбург штати қўмондони, подполковник Йорн Плишке ҳам компанияларга автономияга интилишни, хусусан, дизель генераторлари ёки ўзларининг шамол турбиналаридан фойдаланиш, фавқулодда вазиятнинг батафсил режасини тузишни маслаҳат берган.