БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси (UNAMA) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Афғонистонда журналистлар, ОАВ ходимлари дуч келаётган муаммолар ва цензурани ҳужжатлаштирадиган ҳисоботни эълон қилди.
Бунда аёл журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз касбий фаолиятини амалга ошириш қобилиятига таъсир қилувчи, айниқса, чекловчи ва камситувчи чораларга дуч келишлари аниқланди.
«Афғонистонда ОАВ эркинлиги» деб номланган ҳисобот 2021 йил 15 августдан 2024 йил 30 сентябргача бўлган даврни қамраб олади. Ушбу даврда 336 нафар журналист ва ОАВ ходимига таъсир кўрсатган инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари, шу жумладан, 256 та ҳолатда ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қамоқ, 130 та қийноқ ва шафқатсиз муомала, 75 та таҳдид ёки қўрқитиш ҳолатлари ҳужжатлаштирилган.
«Ҳар қандай давлат учун эркин матбуот танлов эмас, балки заруратдир. Афғонистондаги журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари оғир шароитларда ишламоқда. Улар кўпинча нима ҳақида хабар бериши ва бермаслиги бўйича ноаниқ қоидаларга дуч келишади, бу эса қўрқитиш ва танқид учун асоссиз ҳибсга олиш хавфини туғдиради», — деди бош котибнинг махсус вакили ва UNAMA раҳбари Роза Отунбаева.
«Биз амалдаги ҳокимият органларини ўз вазифаларини бажаришда барча журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг хавфсизлигини таъминлашга, медиа соҳасида фаолият юритаётган аёлларнинг аҳамиятини тўлиқ тан олишга чақирамиз», — деди у.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Турк ҳисобот хулосалари жуда хавотирли эканини таъкидлаб, амалдаги ҳокимиятни ўз чора-тадбирларини Афғонистоннинг халқаро ҳуқуқ, жумладан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бўйича мажбуриятларига мувофиқлаштиришга чақирди.
«Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари жамоатчиликни уларнинг кундалик ҳаётига ва кенгроқ жамиятларга таъсир кўрсатадиган воқеалар, жумладан, гуманитар ва ҳимоя масалалари ҳақида хабардор қилишда муҳим вазифаларни бажаради», — деди Турк. «Энг муҳими, улар давлат ва ҳукумат органлари учун шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш ҳамда кўриб чиқилаётган давлат сиёсати бўйича асосли мунозараларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам керак.
«Журналистлар ва ОАВ ходимлари, жумладан, барча аёллар ҳурмат қилиниши ва ҳимояланишини таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатлар қилиниши керак. Эркин ва жонли оммавий ахборот воситалари ҳар қандай жамият саломат бўлишининг гаровидир», — дея қўшимча қилди БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича вакили.
ОАВ секторига, жумладан, халқаро ҳамжамиятнинг техник ва молиявий ёрдамини камайтириш ОАВ секторини янада емирмоқда ва бу Афғонистонда яшовчи одамларнинг уларга таъсир қиладиган маълумотларга кириш қобилиятига бевосита таъсир қилмоқда.
«Афғонистондаги медиа секторини техник ва молиявий қўллаб-қувватлаш, шу орқали сўз эркинлиги ва жамоатчилик муҳокамасининг муҳимлигини таъминлаш мамлакатнинг ўсиши учун муҳим аҳамиятга эга», — деди Отунбаева.